Аҳоли мурожаатларида кўтарилаётган муаммоларни бартараф этишга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади

21.07.2022 10:07:54

Бугунги кунда бутун дунёда озиқ-овқат танқислиги муаммоси кучайиб бормоқда. Бунга турли сабаблар, жумладан, ер юзида аҳоли сонининг ўсиши, ер, сув, электр энергиясига бўлган талабнинг кўпайиши, шунингдек, глобал экологик муаммоларнинг юзага келиши, иқлимнинг кескин ўзгариши сабаб бўлмоқда. Бир вақтнинг ўзида бундай мураккаб шароитлар озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кескин ошишига ўз таъсирини кўрсатмоқда. Дунёдаги кўплаб мамлакатларда ушбу масалага етарли эътибор қаратилмаганлиги сабабли турли салбий оқибатларга олиб келмоқда.

Аҳоли учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш, ишлаб чиқариш ва таъминлаш масаласи мамлакатимизда энг долзарб масала саналиб, бу борада қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мамлакатимиз Президенти ташаббуси ва қабул қилинган фармонлари, қарорлари асосида 2022 йилнинг ўзида 80 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, аҳоли учун ажратилди. Аҳолига уруғ, кўчат ва ўғитдан ёрдам бериш учун “Томорқа хизмати” йўлга қўйилди.

Ўз вақтида ва узоқни кўзлаб амалга оширилган ҳар қандай чора-тадбирлар юзага келиши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади. Яратилган шароитлар ва амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида бозорларимиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланмоқда. Бунинг натижасида сўнгги бир ойда полиз маҳсулотларининг нархи анча арзонлашди.

Мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ва аҳоли даромадларини ошириш масалалари энг долзарб масалалардан бири бўлиб келмоқда. Аҳамиятли томони шундаки, аҳолига ажратиб берилган 80 минг гектар ерда деҳқончилик қилиш, томорқаларидан унумли фойдаланиш учун 400 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ҳам ажратиб берилди. Натижада 750 минг фуқароларимиз, айниқса ёшлар, хотин- қизлар иш билан таъминланди.

Яна бир муҳим жиҳати, полиз маҳсулотлари ва мева-сабзавотлар етиштирувчи фермерлар ўз маҳсулотларини жаҳон бозорига экспорт қилиши учун ҳам етарли шароитлар яратилганлиги натижасида жорий йилнинг 6 ойи давомида 821 минг тонна ёки ўтган йилга нисбатан 102 минг тонна кўп мева-сабзовот экспорт қилинган.

Бундай ислоҳатларни амалга оширишда албатта маҳаллий ҳокимликларнинг кўп жиҳатдан ишни тартибли ва режа асосида, аниқ мақсадни кўзлаб амалга ошириши ва натижадорликка қаратилиши жуда яхши самара беради.

Президетимиз томонидан 18 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида юқоридаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари томонидан туман ва маҳаллаларда ижобий ишлар олиб борилганлиги билан бир қаторда камчиликларга ҳам йўл қўйилганлигини таъкидлаб ўтилди. Жумладан, 80 минг гектар ердан 16 минг гектари аҳолидан узоқ ва суғориш қийин жойда бўлгани сабабли аҳоли томонидан фойдаланилмаганлиги, ўз эгасини топмаганлиги қайд этиб ўтилди. Президентимиз аҳоли томонидан билдирилаётган таклифлардан келиб чиқиб йил якунигача 20 минг гектар, келгуси йилда 100 минг гектар экин майдони аҳоли учун ажратилишини таъкидлаб, жами 200 минг гектар ер ажратилиши, натижада жами 1 миллион 200 минг аҳоли иш билан таъминланиши, бу жуда катта имконият эканлиги эътироф этилди.

Албатта, ерда деҳқончилик қилиш ва етарли даромад олиш учун сув таъминотини яхши бўлиши, ҳосилдор уруғ билан таъминланиши, етиштирилган ҳосилни сақлаш учун музлаткичлар билан таъминланиши, аҳолининг етиштирилган ҳосилидан моддий манфаатдорлигини оширади. Айнан ушбу жиҳатлар бўйича ҳам мутассадди раҳбарларга топшириқлар берилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда 64 та туманда аҳоли ўз таморқаларидан унумли, самарали фойдаланаяпти. Давлатимиз раҳбари ушбу туманлардаги тажрибани бошқа туманларда ҳам рағбатлантириш лозимлигини таъкидлади.

Сув таъминоти бўйича муаммолар бор ҳудудларда қудуқ қазиш ҳаражатлари учун 150 миллион сўмгача субсидиялар ажратилиши ҳамда Қорақалпоғистонда кичик қудуқлар учун 5 метрдан, қолган ҳудудларда 10 метрдан ортиқ чуқурликларнинг ҳар бир метрига 100 минг сўмдан субсидия берилиши белгиланмоқда.

Ҳозирда хўжаликларда мавжуд муаммолардан бири бу кадастр ҳужжатларининг йўқлиги яъни бугунги кунда юртимизда 2 600 мингта хонадоннинг кадастр ҳужжатлари мавжуд эмас. Ушбу хонадонларнинг эгалари уйларини кенгайтириш ва томорқа ерларидан фойдаланиш учун кредит ва ипотека берилмаётганлиги бўйича кўплаб мурожаатлар халқ қабулхоналарига келиб тушган. Кадастр ҳужжатлари бўлмаган хонадонларга ер солиғи 3 баробар миқдорда ҳисобланиб келинмоқда. Аҳоли мурожаатларида кўтарилаётган мазкур муаммоларни тўлиқ бартараф этиш мақсадида қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси Адлия вазирлигига юкланди. Унга қадар кадастри мавжуд бўлмаган хонадонларга нисбатан ер солиғини ҳисоблаш тартиби қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгунга қадар тўхтатиб турилиши назарда тутилмоқда.

Ушбу ислоҳатлардан кўзланган асосий мақсад, аввало инсон қадрини улуғлаш ва уларнинг хақ ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан иборат эканнлигини кўрсатмоқда.  

Зуҳра ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикерининг ўринбосари,

“Адолат” СДП фракцияси раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+