Аҳоли сифатли ва самарали фармацевтика маҳсулотлари билан таъминланади

19.12.2022 18:12:17

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб муҳокама қилинди.

Хусусан, “Фармацевтика соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси қизғин кечди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда маҳаллий фармацевтика тармоғини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратилди. Эндиликда соҳага илғор хорижий амалиёт ва халқаро стандартларни татбиқ этиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ишлаб чиқариш ҳажмларини, илмий-техник ва экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида амалдаги қонунларга халқаро тажрибадан келиб чиқиб, ўзгартишлар киритиш эҳтиёжи юзага келмоқда.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳолини сифатли, самарали ва хавфсиз фармацевтика маҳсулотлари билан таъминлашни янада яхшилаш, фармацевтика тармоғига илғор илмий-техника ютуқлари ва инновацияларни жорий этиш орқали тармоқда ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш имконини беради.

Фракция аъзолари қонун лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнида уни янада такомиллаштириш бўйича ўз таклиф ва тавсияларини билдирди. Ушбу ҳужжатнинг бугунги кундаги заруратини эътиборга олиб, уни маъқулладилар.

Йиғилишда шунингдек, “2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг мақсади 2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджетини шакллантириш ва ижро этиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Йиғилишда қонун лойиҳаси бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиққан ҳолда қатор таклиф ва муносабатлар билдирилди ҳамда ушбу ҳужжат қўллаб-қувватланди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+