Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатишнинг ягона вертикал бошқарув тизими яратилади

21.06.2022 09:06:02

Барча ўзбекистонлик тиббиёт соҳаси ходимлари учун 2022 йил 18 март санаси унутилмас тарихий кун сифатида қадрлидир.

Боиси, шу куни мамлакатимиз тарихида илк бор Давлатимиз раҳбари тиббиёт соҳасида амалга оширилган ишлар сарҳисобини таҳлил қилиш ҳамда галдаги вазифаларни белгилаб олиш мақсадида тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказди.

Учрашувда соҳа вакиллари томонидан билдирилган таклиф ва мурожаатлар ҳамда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида белгилаб берилган мақсадлардан келиб чиққан ҳолда Давлатимиз раҳбари еттита муҳим йўналиш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилганлигини маълум қилган эди.

Ўтган қисқа вақт ичида ушбу чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилган бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, йўл хариталари ишлаб чиқилди. Хусусан, еттита муҳим йўналишнинг иккинчиси сифатида қайт этилган тез тиббий ёрдам тизими фаолияти сифатини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида яқинда «Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор билан аҳолига тез ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишни янада яхшилаш ва яқинлаштиришга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар белгиланмоқда. Хусусан, ҳозирда мавжуд бўлган тез тиббий ёрдам хизмати ҳамда тиббий автохўжаликлар негизида Республика тез тиббий ёрдам маркази ва унинг 14 та ҳудудий филиали ташкил этилиб, тез тиббий ёрдамнинг ягона вертикал бошқарув тизими йўлга қўйилади.

Бунда Марказ томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги тез тиббий ёрдам фаолиятини республика бўйича мувофиқлаштирилиб, назорат қилинади. Шунингдек, Марказ ва унинг ҳудудий филиалларида ситуацион мувофиқлаштирувчи бўлимлар ташкил этилиб, туман (шаҳар) ва ҳудудлардаги тез тиббий ёрдам тизими фаолиятини таҳлиллар асосида бошқариб боради ва бошқарув улар томонидан берилган таклифлар асосида такомиллаштирилиб борилади.

Шунингдек, 2023 йил 1 сентябрга қадар аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатишда ахборот технологияларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан Тошкент шаҳри тажрибаси асосида тез тиббий ёрдам бўйича электрон автоматлаштирилган бошқарув тизими республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам тўлиқ жорий қилинади.

Жумладан, 2022 йил 1 декабрга қадар Андижон, Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида, 2023 йил 1 сентябрга қадар эса, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Сирдарё, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятлари туман (шаҳар)ларидаги диспетчерлик хизматлари тугатилиб, ҳудудий филиалларида ягона “Call-марказ»лар фаолияти йўлга қўйилади.

Ушбу “Call-марказ»ларнинг ўзига хос жиҳатларидан бири, бу — чақирувларни қабул қилувчи ходимлар билан бирга шифокор ходимлардан иборат махсус тиббий маслаҳат хизмати фаолиятининг йўлга қўйилишидир. Бундай тизим саралаш орқали бемор аҳволи, касаллик тури ва оғирлик даражасига қараб чақирувларга тегишли тиббий бригадаларни йўналтириш, бу орқали беморга ўз вақтида малакали биринчи ёрдамни кўрсатиб ортиқча оворагарчиликсиз тегишлилиги бўйича касалхонага олиб бориш имконини беради  ва яна бир янгилик эндиликда аҳолига тез тиббий ёрдам туман (шаҳар) ёки ҳудуд чегарасидан қатъи назар, беморгача масофанинг яқинлигига қараб тиббий бригадани йўналтириш орқали кўрсатилади.

Бу узоқ вақт давомида нафақат аҳоли, балки тез тиббий ёрдам ходимлари учун ҳам ноқулайлик туғдириб келаётган муаммолардан бирига ечим сифатида хизмат қилади. Боиси, шу вақтга қадар бошқа бир туман чегарасидаги фуқаро тез тиббий ёрдам чақирса, ёнида яқин масофада бошқа туманда ушбу хизмат бўлишига қарамасдан ўз тумани марказидан тез тиббий ёрдам бригадаси келишини кутишга мажбур бўлар эди.

Шунингдек, қарор билан тез тиббий ёрдам тизими ходимлари малакасини ошириб бориш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Республика шошилинч тиббий ёрдам ўқув-машғулот маркази Республика тез тиббий ёрдам маркази ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш мактаби этиб қайта ташкил этилиб, Марказ тасарруфига ўтказилади.

Мактаб тез тиббий ёрдам хизмати ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш учун ажратилган Давлат бюджети маблағлари ва қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштириб борилади.

Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан камида 85 миллиард сўм миқдордаги маблағлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармасига ўтказиб берилади. Шу билан бирга, Жаҳон банкининг шошилинч хизматларни ривожлантириш лойиҳаси доирасида 5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар ҳам тез ва шошилинч тиббий ёрдамни рақамлаштириш тадбирларига йўналтириш учун ажратилади.

Албатта, ушбу қарор фуқароларимизга кўрсатилаётган тез тиббий ёрдам сифатини бугунги замон талаблари асосида кўрсатилишини янги босқичга олиб чиқишда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. Бу эса, биз халқ вакиллари зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди. Сабаби, қарор билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига мазкур бандда назарда тутилган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан 2022 йил 1 декабрга қадар ҳамда 2023 йил 1 сентябрга қадар мутасадди раҳбарлар ҳисоботини эшитиш бўйича ҳам бир қатор вазифалар юкланмоқда.

Музафара Абдиева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+