Аҳолини арзон ва сифатли уй-жой билан таъминлаш ўнлаб ижтимоий муаммоларни ҳал қилади

05.03.2021 13:03:19

Сўнгги йилларда мамалакатимизда Янги Ўзбекистонга хос бўлган қурилиш соҳасида ҳам бир қатор замонавий бунёдгорлик ишлари жаддалик билан амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида халқаро даражадаги бино ва иншоотлар мажмуалари билан бир қаторда қишлоқ ҳудудларда ҳам шаҳар шароити типидаги аҳоли турар жойлари қад ростламоқда. Эътиборли жиҳати йилдан-йилга аҳоли учун қурилаётган уй-жойлар сони ортиб, улурни арзон нархларда сотиб олиш учун фуқароларимизга бир қатор қулайликлар яратиб берилмоқда.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг Президентлик лавозимига киришган илк даврларида қабул қилинган қарорлари асосида фуқароларимиз учун уй-жойлар қуриш бўйича алоҳида дастурлар қабул қилиниб, ўтган тўрт йилда 140 мингта уй-жой барпо этилди. Йилига қурилган уйларнинг ўртача сони таққосланганда, бу аввалги даврдаги кўрсаткичдан 4-5 баравар кўп демакдир.

Куни кеча уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш борасида давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган бир қатор таклиф ва ташаббуслар халқимиз ва кенг жамоатчилик томонидан катта хурсандчилик билан қарши олинди.

Жумладан, давлатимиз раҳбари ўз маърузасида жорий йилда 54 минг оила уй-жой билан таъминланиши, шундан 45 мингтаси давлат ипотека дастури доирасида қуриб топширилиши маълум қилди. Эътиборли жиҳати мазкур қурилишлар аҳолимизнинг ҳудудлар кесимидаги эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда қуриб топширилиши аниқ рақамлар билан белгилаб берилди.

Ҳудудлар миқёсида айтганда, Қорақалпоғистонда 2 290 та, Андижонда 4 665 та, Бухорода 3 220 та, Жиззахда 1 670 та, Қашқадарёда 3 710 та, Навоийда 1 836 та, Наманганда 4 025 та, Самарқандда 4 479 та, Сурхондарёда 3 989 та, Сирдарёда 1 414 та, Тошкент вилоятида 4 046 та, Фарғонада 4 530 та, Хоразмда 3 016 та ва Тошкент шаҳрида 7 556 та уй-жойлар қурилиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Халқ вакили сифатидаги фаолиятимиз давомида фуқаролар билан ўтказган юзма-юз мулоқотларимиз жараёнида энг кўп билдирилган ва энг оғриқли масала бу фуқароларнинг уй-жой билан таъминланишни сўраб қилган мурожаатларидир. Мен депутат сифатида сайланган Қорақалпоғистон Республикасида 2 290 та уй-жой қурилиши нафақат фуқароларимизни йиллар давомида қийнаб келаётган уй-жой масаласи шу билан бирга яна кўплаб ижтимоий муаммоларининг ечим топишига олиб келади.

Хусусан, бундай замонавий уй-жойларнинг қад ростлаши юрдошларимизнинг электр энергияси, газ ва коммунал хизматлар билан боғлиқ яна кўплаб муаммолари хал этилишини таъминлайди.

Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида аҳолини уй-жой билан таъминлашда нархларнинг арзонлиги ва алоҳида эҳтиёжмант қатламларни ҳисобга олиш бўйича ҳам масъуллар олдига бир қатор топшириқларни қўйди. Президент Шавкат Мирзиёев вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига қурилиш материалларини арзонроқ ва яқинроқдан олиб, бир квадрат метр уй нархини 4 миллион сўмдан оширмаслик чораларни кўриш вазифасини қўйди.

Шу билан биргаликда, уй-жойлар қурилиши учун давлат томонидан ҳам аҳолига, ҳам қурувчиларга катта имтиёзлар берилмоқда. Жумладан, жорий йилда ипотека кредити бўйича 6 ойлик имтиёзли давр киритилади. Шаҳарларда дастлабки бадал миқдори 20 фоиздан 15 фоизга туширилади. Паст даромадли, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларга 15 фоизлик дастлабки бадалнинг 10 фоизи субсидия сифатида тўлаб берилади. Яъни, аҳоли уй олиш учун дастлабки бадалнинг 5 фоизини тўлайди, холос. Кредит олган аҳоли учун фоиз тўловларининг Тошкент шаҳрида 12 фоизи, бошқа ҳудудларда 10 фоизидан юқори қисмига субсидия берилади.

Мисол қилиб айтганда, қишлоқларда 54 квадрат метрли квартирани (ўртача 216 миллион сўм) олмоқчи бўлган оила 33 миллион сўмлик дастлабки бадалнинг фақат 11 миллион сўмини тўлайди, 22 миллион сўми эса давлат томонидан субсидия сифатида берилади. Бу оила имтиёзли даврда ойига 1 миллион 500 минг сўм кредит тўласа, қолган 1 миллион 100 минг сўмини ҳар ой давлат қоплаб беради.

Хулоса қилиб айтганда аҳолини сифатли ва арзон уй-жой билан таъминлаш биз “Адолат” СДП депутатларидан улкан масъулият талаб қилади. Хусусан, партия ўз сайловолди дастурида Ўзбекистонда “ақлли бино, ақлли шаҳар” концепциясини кенг жорий этиш таклифини илгари сурган. Ушбу концепция энергетик ва моддий ресурсларни истеъмол қилиш даражасини тушириш, қурилишнинг инсонлар саломатлиги ва атроф-муҳитга бўлган салбий таъсирини камайтириш, шаҳарларнинг “яшил белбоғлари”ни кенгайтириш ва ҳимоя қилиш, тоза чучук сув манбаларини муҳофаза қилиш, шаҳарни режалаштириш ишларига ёндашувни тубдан ўзгартириш, табиатнинг саноат корхоналари томонидан ифлосланишини камайтириш, чанг ва заҳарли моддаларни кўп ютувчи дов-дарахтлар кўлами ва турини ошириш, шаҳарлар ва саноат корхоналари атрофида яшил майдонлар барпо этиш каби чора-тадбирларни қамраб олиши лозимлиги белгилаб қўйилган.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда партиянинг фаол аъзолари ва депутатлик гуруҳлари вакиллари жойларда қуриладиган уй-жойларнинг бугунги кун талаби даражасида сифатли ва инсон саломатлигига зарасиз бўлиб қурилишини қатъий тартибда назорат қилиб боришимиз зарур.

 

Зухра ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+