Аҳолини сифатли ва арзон нархдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш чоралари белгиланди

19.04.2022 15:04:04

Бугунги кунда аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожи алоҳида аҳамиятга эга. 

Сабаби, мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоизидан ортиғи айнан қишлоқларда истиқомат қилади ва бевосита уларнинг асосий кундалик турмуш тарзи қишлоқ хўжалиги тармоқлари билан боғлиқ. Бу эса долзарб аҳамият касб этаётган аҳоли бандлигини таъминлаш, арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотини етиштиришда ўзига хос ютуқ саналади. Шу боис сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигини бошқариш тизимида институционал ислоҳотлар амалга оширилди. Пахта ва бошоқли дон экинлари майдонларидан қисқартирилган 80 минг гектар ер аҳолига томорқа хўжалиги сифатида тақсимлаб берилди. 

Ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, соҳага инвестицияларни кенг жалб этиш ҳамда ишлаб чиқарувчиларнинг юқори даромад олиши ва маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш мақсадида қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси қабул қилинди. Юртимизнинг бой табиати, серҳосил тупроғи, ўзига хос иқлим шароити ҳамда меҳнаткаш халқи бўла туриб, соҳада эришилган бугунги натижаларни қониқарли деб бўлмайди. Айниқса, бу йилги баҳор фаслининг серёғинлиги ҳамда айни кундаги деҳқончилик ишларини амалга ошириш учун қулай бўлган об-ҳаво шароитида айрим масъул шахсларнинг эътиборсизлиги сабаб ишлар белгиланган режа асосида якунланмаганлиги табни хира қилиши шубҳасиз. Шу боис ўтган ҳафта Давлатимиз раҳбари бошчилигида озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш орқали бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, тадбиркорлик учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам соҳада йўл қўйилган камчиликлар танқидий таҳлил қилиниб, лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб берилди. 

Йиғилишда дунёда содир бўлаётган воқеалар сабаб бугунги кунда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ўсиб бораётгани, жумладан, март ойида дунё бўйича озиқ-овқат нархлари 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 34 фоизга, хусусан, йил бошидан жаҳон бозорларида буғдой нархи – 20 фоизга, маккажўхори – 19 фоизга, озуқа донлари – 20 фоизга ва ўсимлик ёғи – 23 фоизга кўтарилгани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, Жаҳон бозорида минерал ўғитлар ва ёқилғи нархлари 2 бараварга ошгани ушбу нарх-наво ошишини янада жадаллаштириб юбориши мумкинлиги маълум қилинди. Бундай шароитда ички бозорда нарх-наво барқарорлигини таъминлашнинг иқтисодий чораси озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ва ишлаб чиқаришни кўпайтиришдир. Шу боис бу йил юртимизда 7 миллион 700 минг тонна буғдой, 23 миллион тонна мева-сабзавот етиштириб, ички бозорни маҳсулотлар билан узлуксиз таъминлаш мақсад қилинган. Бунинг учун эса 300 минг гектардан зиёд ердан самарали фойдаланиш, шунингдек, пандемия даврида пахта ва ғалла майдонлари ҳисобидан қисқартирилиб, 254 минг аҳолига бўлиб берилган 80 минг гектар ердан ҳам самарали фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. Шу билан бирга, бугунги кунда сув омборлари атрофида бўш ётган 100 минг гектардан ортиқ ерлардан ҳам унумли фойдаланиб, бу майдонларга ирригация тармоқларини тортган ҳолда тадбиркорларни жалб қилиш ҳамда мос келадиган экинлар экиш чоралари кўрилиши лозимлиги белгиланди. Албатта, аҳоли ва фермерлар томонидан ушбу ерлардан фойдаланишда юқори ҳосил берувчи маҳсулот етиштириш ҳам долзарб саналади. Бунда эса сифатли уруғ топиш ва етиштирган маҳсулотини сотиш ҳам муҳим босқич саналади. Шу боис йиғилишда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва вилоят ҳокимларига ҳосилдор уруғ ва кўчат навларини жойларга етказиш, маҳсулотни кафолатли сотиб олиш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Бунинг учун Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигига қўшимча 300 миллиард сўм ажратилиши белгиланди. Ушбу жараёндаги яна бир муҳим имконият, бу – бугунги кунда аҳоли ихтиёрида бўлган 380 минг гектар томорқа бўлиб, уларда ҳам мева-сабзавотлар етиштириш тўғри йўлга қўйилса, ҳам рўзғорга барака, ҳам умумий бозоримизга қўшимча маҳсулот киради. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига тажрибали миришкорлар иштирокида аҳолига бозорбоп экинлар етиштиришни ўргатиш ва кўмаклашиш бўйича топшириқлар берилди. Бу борадаги энг катта муаммо сув таъминоти бўлиши мумкинлиги ҳисобга олиниб, Сув хўжалиги вазирлигига ҳар бир маҳалла кесимида канал ва ариқларни тозалаш, сув таъминоти оғир жойларда қудуқ қазиш ва насос ўрнатиб, аҳоли томорқаларига сув етказиб бериш вазифаси қўйилди. Бу ишлар учун республика бюджетидан 50 миллиард сўм, маҳаллий бюджетлардан яна 50 миллиард сўмдан йўналтирилиши айтилди. Шунингдек, сув танқислигининг оқибатларини юмшатиш бўйича алоҳида дастур қабул қилиниши белгиланди. Унга кўра, 1 октябрга қадар 4 минг 500 километр суғориш тармоқлари тозаланади, 231 километри бетонланади, 3 мингта гидротехника иншооти таъмирланиб, 3 мингдан зиёд насос ўрнатилади, 281 та қудуқ қазилади. Йиғилишда аҳолининг кундалик истеъмоли бўлган, бошоқли дон ва ўсимлик ёғи хомашёсини кўпайтириш мақсадида четдан олиб келинадиган кунгабоқар, соя ва бошқа мойли экинлар бўйича божхона имтиёзлари бериш ҳамда қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш таклифи билдирилди. 

Шу билан бирга тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига қўшимча маблағ ажратиш ҳамда молиявий ёрдамлар самарадорлигини ошириш бўйича кўрсатма берилди. Хусусан, хизматлар соҳаси учун тижорат банклари орқали тадбиркорларга 5 миллиард сўмгача кредитлар ажратилиши белгиланди. 2022 йил 1 июндан тадбиркорлар учун солиқ маъмурчилиги ва текширишлар тизимини соддалаштириш вазифасини қўйилди. Бунда авваламбор, мол-мулк солиғини ҳисоблаш тизими бозор тамойилларига ўтказилгани инобатга олиниб, самарасиз ишлатилаётган объектлар бўйича таъсирчан солиқ механизмини қўллаш тартиби бекор қилиниши, шунингдек, айланмаси 1 миллиард сўмдан ошган тадбиркорларга қўшилган қиймат солиғи тўловчиси гувоҳномаси дастлабки ўрганишсиз, автоматик тарзда берилиши белгиланди. 

Хулоса қилиб айтганда, йиғилишда белгилаб берилган вазифа ва чора-тадбирларни ўз вақтида соҳага ва ҳаётимизга татбиқ этилиши, жойларда аҳолини узлуксиз равишда арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожини янги босқичга олиб чиқиш имкони беради. 

 

Махфират Хушвақтова, 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+