Асосий вазифамиз – адолатли қонунлар қабул қилиш

07.12.2020 12:12:05

 

Йигирма тўққиз йиллик мустақиллигимиз даврида Ўзбекистонимиз мустақил ва суверен давлат сифатида шаклланиб, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллади. Жаҳон ҳамжамиятига намуна бўладиган даражада улкан тараққиёт йўлини босиб ўтдик. Бундай адолатли ва халқпарвар ислоҳотларимизнинг барчасида бугун кўтаринки кайфиятда 28 йиллигини нишонлаётганимиз Бош қомусимиз асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Чунки асосий қонунимизда халқимизнинг узоқ йиллар давомида орзу қилиб келган миллий мустақиллигимиз ва ривожланиш йўлимиз, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари тўлақонли таъминлаб берилган. Бош қомусимиз халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси, ҳеч кимга қарам бўлмасдан, эркин ва озод, тинч ва осойишта, фаровон яшашимизнинг қонуний кафолати бўлиб келмоқда.

Асосий қомусимизни ҳеч иккиланишсиз халқимизнинг хоҳиш ва иродалари жамланмаси деб айта оламиз. Конституциямиз қабул қилиш жараёнида икки марта – 1992 йил сентябрь ва ноябрь ойларида умумхалқ муҳокамасига олиб чиқилди. Лойиҳалар муҳокамасида кенг жамоатчилик, бутун халқимиз фаол иштирок этиб, мамлакатимизнинг тараққиёт йўли, унинг келажагига дахлдор кўплаб фикр-мулоҳазалар ва таклифларни қомусимизнинг ҳар бир моддасида тўлақонли акс эттиришди.

Биз Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам асосий қонунимиз талабларини тўлиқ амалга ошириш, қабул қилинаётган қонунларнинг унга зид бўлмаган ҳолда қабул қилиниб, халқимиз ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини амалда таъминлаш бўйича қабул қилинишига эришишда елкамиздаги улкан масъулиятни бир зум бўлсада унутганимиз йўқ.

Айнан шу мақсадда биз тараққиётнинг янги босқичига оид қонунларни қабул қилиш билан чекланиб қолмасдан, шу вақтгача қабул қилинган қонун ва қарорларнинг салоҳият ва имкониятларини қайта таҳлил қилган ҳолда йўл  қўйилган хато ва камчиликларимизни тўғирлаб, мавжуд қонунчлигимиздаги бошлиқларни тўлдириш борасида ҳам бир қатор ҳаётий ташаббусларни амалга ошириб келмоқдамиз.

Бугун Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан нафақат қабул қилинаётган қонунларимизни Бош қомусимиз асосида қабул қилиш, балким конституциямизнинг моддаларини ҳам ҳаётимизда тўлақонли таъминланишига эришиш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Конституциямизнинг 37-моддасида белгиланган мажбурий меҳнатни тақиқлаш тўғрисидаги қоидага қатъий амал қилиш учун йил давомида бир қатор ишлар бажарилди. Хусусан, бу йилги пахта терими мавсумида таъсирчан парламент ва жамоатчилик назорати ўрнатилди. Депутат ва сенаторлардан иборат ишчи гуруҳлар республикамизнинг барча ҳудудларига чиқиб, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича парламент назоратини амалга ошириб келмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, халқимиз учун муносиб ҳаёт даражасини яратиб бериш, бугун бутун дунё учун синов бўлиб турган пандемия даврида халқимизнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасида давлатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган ҳаётий ташаббусларнинг барчаси замирида ўзида тўлақонли инсон ҳуқуқ ва манфаатларини акс эттирган Бош қомусимиз асос бўлмоқда. Биз депутатлар келгуси фаолиятимизда ҳам тўлақонли Бош қомусимизда белгилаб берилган адолатли ҳамда инсонпарвар ғоя ва ташаббусларни ҳаётга кенг татбиқ этишни дастуриламал вазифамиз деб биламиз. Чунки, жамиятда ижтимоий адолат тамойилини қарор топтириш борасидаги асосий вазифамиз адолатли қонунлар қабул қилишдан иборат.  

 

Музафара АБДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+