Болаларга 24 соат шошилинч тиббий ёрдам кўрсатувчи педиатрия постлари ташкил этилади

27.04.2022 15:04:30

Ҳаракатлар стратегияси доирасида «Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади» деган ғоя амалга оширилаётган ислоҳотларда бош мезон бўлиб хизмат қилди.

Хусусан, оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш, жамиятда оналарга алоҳида ҳурмат-эътибор муҳитини шакллантириш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, оиланинг мустаҳкам, соғлом ва аҳил бўлишида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. 

Эътиборли томони ушбу Ҳаракатлар стратегияси доирасида бошланган ислоҳот 2022-2026 йилларда Янги Ўзбекистонни ривожлантиришга қаратилган Тараққиёт стратегиясида ҳам изчил давом эттирилиши белгилаб қўйилган. Хусусан, Тараққиёт стратегиясида олис ҳудудларда тиббий ёрдамни мақсадли йўналтириш тизимини юқори даражада ташкил этиш, оналар ва болаларга кўрсатилаётган тиббий хизматнинг самарадорлигини ошириш, амбулатор ёрдамни янада яхшилаш, шошилинч ва ихтисослашган тиббий ёрдамни ривожлантириш, тиббий генетика ҳамда замонавий скрининг дастурларини жорий этиш каби мақсадлар белгиланган. 

Куни кеча қабул қилинган «2022-2026 йилларда оналик ва болаликни муҳофаза қилишни кучайтириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан келгуси беш йилда оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлашнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди. 

Эндиликда, соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинида оналар ва болалар ўртасида касалликлар профилактикаси, уларни барвақт аниқлаш ва соғломлаштириш дастурлари амалиётга жорий этилади. Шу билан бирга, соғлом фарзанд туғилиши, ривожланиши ва тарбияси масалалари бўйича тушунтириш ишлари кучайтирилиб, болалар, ҳомиладор ҳамда эмизикли аёллар витамин ва минераллар билан бепул таъминланиб, мақсадли скрининг тадбирлари орқали касалликларнинг самарали профилактикасини олиб бориш йўлга қўйилади. 

Натижада оналар ва болалар ўлими борасида эришилган ютуқлар янада яхшиланади. Кўплаб оилаларга қувонч олиб кирувчи эртанги кунимиз эгалари бўлган болалар ҳеч бир нуқсонларсиз соғлом ва баркамол бўлиб туғилишига эришилади. 

Шу билан бирга, 2022-2026 йилларда оналар ва болалар учун тиббий хизмат кўрсатиладиган объектлар реконструкция қилиниб, мукаммал таъмирланади ва моддий-техника базаси мустаҳкамланади. Бунда, диагностика ва даволашнинг юқори технологияли ҳамда инновацион усулларидан самарали фойдаланилади. Бу ҳам, ўз навбатида, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ошишига хизмат қилади. 

2023 йил якунига қадар эса Нукус шаҳрида «Болалар тиббиёт кластери» ташкил этилади. Янгидан ташкил этилаётган 46 та туманлараро перинатал марказларда 6 та ўриндан кам бўлмаган ҳолда чақалоқлар реанимацияси бўлими, 2022 йил 1 майдан бошлаб эса туман-шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникалари, шунингдек, Тошкент шаҳри оилавий поликлиникаларида болалар бўлимлари ташкил этилади. 

Бунда, туман-шаҳар тиббиёт бирлашмаларида амалдаги штат бирликлари доирасида болалар анестезиология-реанимация бўлимлари ҳамда кечаю кундуз шошилинч тиббий ёрдам кўрсатувчи педиатрия постлари, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида болаларда ирсий-генетик, шу жумладан, орфан касалликларга барвақт ташхис қўйиш бўйича Референс лаборатория ва ҳудудларда унинг 17 та минтақавий лабораториялари ташкил этилади. 

Бу ҳам бугунги кунда туман ва шаҳарларда тўлақонли чақалоқлар реанимацияси бўлимлари йўқлиги боис вилоят марказларидаги бўлимларга бўладиган ортиқча босимнинг камайишига ҳамда оналаримиз фарзандлари бемор бўлганда, ортиқча оворагарчиликсиз ўз ҳудудида фарзанди дардига шифо топишига хизмат қилади. 

Айниқса, 2022 йил 1 майдан бошлаб Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида даволанаётган бемор болаларга қаровчи шахслар учун бепул овқатланиш тизимининг йўлга қўйилиши минглаб ўксик қалблар кўнглига ёруғлик олиб кириши шубҳасиз. Сабаби, ушбу дардга чалинган беморларнинг сурункали даволаниши бу даврда ушбу беморларга қаровчиларга ортиқча иқтисодий ва руҳий қийинчиликлар туғдириши аниқ. 

Албатта, ушбу ислоҳотлар жараёнида кадрлар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалар ҳамда туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари томонидан болалар ҳамда ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёлларни янада сифатли тиббий хизмат билан тўлиқ қамраб олиш учун 2022 йил 1 июлдан бошлаб «тиббиёт бригадалари» таркибига қўшимча 3 600 та, 2023 йил 1 январдан бошлаб яна қўшимча 4 900 та ўрта тиббиёт ходимлари (педиатрия ҳамшираси ва доя) штатлари ажратилади.

Қарорда белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли таъминланишини назорат қилиш мақсадида эса «Репродуктив саломатлик, оналик ва болалик масалалари бўйича» республика штаби ҳамда 14 та ҳудудий штатлар фаолияти йўлга қўйилмоқда. 

Хулоса қилиб айтганда, қарорда белгиланган вазифалар юртимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида бошланган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши билан янада аҳамиятлидир. Галдаги вазифа биз парламент вакиллари зиммасига қўшимча масъулият юклайди. Боиси, давлатимиз раҳбари айнан мамлакатда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар самарасини таъминлаш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини оширишни назорат қилиш вазифасини айнан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси зиммасига юклаган.

Мавлуда Адҳамжонова, 
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+