Бош қомусимизда инсон манфаатлари кафолатланган

07.12.2020 16:12:55

 

Бугун кенг жамоатчилик ва юртдошларимиз томонидан мустақиллигимизнинг ҳамда бугун барча жабҳаларда амалга ошириб келаётган ислоҳотларимизнинг асоси бўлмиш Бош қомусимизнинг 28 йиллиги кенг нишонланмоқда.

Асосий Қонунимиз демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш, эркин бозор муносабатлари ҳамда хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимизнинг тинч, обод ва фаровон ҳаётини таъминлаш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтиришда мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Зеро, унда мамлакатимизнинг ўз олдига қўйган улкан мақсад ҳамда вазифалари, қайси моделга асосланиши, халқаро миқёсда қабул қилинган инсон ҳуқуқлари ва ҳуқуқ устуворлиги ҳамда демократия тамойиллари тўлақонли ўз ифодасини топган.

Конституциямизнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида сўз борганда, унда адолатли ҳамда инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари энг олий қадрият дея эътироф этилганини эътироф этишимиз мумкин. Бош қомусимизда тенглик, адолат, мафкура ҳамда фикрлар хилма хиллиги, ҳокимиятлар бўлиниши, фуқароларни ҳуқуқ ва эркинликларидан суд қарорисиз маҳрум этиб бўлмаслиги, айбсизлик презумпцияси каби инсонпарварлик ғоялари акс эттирилган.

Яна бир муҳим ҳамда халқаро экспертлар томонидан алоҳида эътирофини топган хусусият, бу — Конституциянинг “Ўзбекистон халқи” деб бошланишидир. Бундай жумлаларни бошқа бирон-бир ҳужжатда учратмаймиз. Шунинг ўзи ҳам халқ ҳокимиятчилигининг ёрқин далолатидир.

Конституциямизнинг яна бир хусусияти унда инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари ихчам шаклда, тўлақонли акс эттирилган. Агар дунё конституцияларида ишлатилган сўзлар миқдори бўйича таҳлилларга мурожаат қиладиган бўлсак, мамлакатимиз конституцияси 190 та давлат ичида 29-ўринда турибди. Тадқиқотчилар фикрича, Конституциянинг кўп масалаларни қамраши, аввало, уни тушуниб олиш, маъносини англашда ўқувчиларга қийинчилик туғдирса, бошқа жиҳатдан, оддий қонунлар предмети бўлган масалаларнинг олий ҳужжатга киритилиши унинг аҳамиятини пасайтиради, қолаверса, энг асосийси, ҳужжатга жамият ҳамда давлат ҳаётидаги барча икир-чикирнинг батафсил киритилиши социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни ўтказишга айрим ҳолларда тўсқинлик қилиб, Конституцияни тез-тез ўзгартиришга олиб келади.

Асосий Қонунимизда мавзулар ўқувчига қулай кетма-кетликда жойлаштирилгани ҳам ўзига хос тарзда халқаро ҳамжамият тарафидан эътироф этилган. Айниқса, инсон ва фуқаролар асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда бурчлари алоҳида бўлимда берилиши халқаро экспертлар томонидан юқори баҳоланган.

500 мингдан ортиқ аъзоларини бир ғоя ва мақсад йўлида жамлаган Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг сайловолди дастурида ҳам жамиятда қонун устунлиги, суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш борасида илгари сурилган ғоя ва ташаббусларнинг ҳам замирида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ўзида тўлақонли акс эттирган Бош қомусимиз ётибди.

Биз давлат бошқаруви органлари, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар фаолиятида қонунчилик нормаларининг бузилишига, уларнинг нотўғри ва ўзбошимчалик билан талқин этилишига, шунингдек, тўрачилик, расмиятчилик ва коррупцияга қарши кескин кураш олиб боришда авваламбор конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилан нормаларга таянамиз. Ўз фаолиятимизда ишлаб чиқаётган ҳар бир қонунларимизнинг Бош қомусимизда белгилаб берилган нормаларга ҳамоҳанг эканлигига доимий равишда эътибор қаратамиз.

Махфурат ХУШВАҚТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+