Давлат бюджети харажатларининг самарадорлиги оширилмоқда

21.04.2022 11:04:36

Юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар асосида ривожланиш янада жадаллашиб бормоқда. Бу каби тараққий этишда албатта давлат томонидан белгиланган дастур ва режаларни ўз вақтида ижросини таъминлаш зарур.

Бугун Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши айни юқорида таъкидлаб ўтилган масалаларга қаратилиб, «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2022 йил I чорагида бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи эшитилди. Унда Дастурда белгиланган вазифаларга эришишда Ҳукумат томонидан олиб борилаётган чора-тадбирлар кўриб чиқдилар.

Таъкидланганидек, 2022 йилги Давлат дастури 7 та устувор йўналиш бўйича 100 та мақсад ва 398 та банддан иборат бўлиб, уларда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида 318 та қонун, фармон ва қарорлар ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Давлат дастури ижроси доирасида жорий йилнинг ўзида умумий қиймати 55 трлн сўм ва 11,7 млрд долларга тенг лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган. Давлат дастурида белгиланган вазифалар кўлами ҳамда топшириқлар сонидан келиб чиқиб, шунингдек, унинг бажарилишини чуқур таҳлил қилиш ҳамда ижросини таъминлаш ишларини тўғри ташкил қилиш мақсадида Давлат дастурининг 398 та банди топшириқлар кесимида 607 та яхлит ва кичик бандларга тақсимланган ҳолда таҳлил қилинди.

2022 йилнинг I чорагида 59 та норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 12 та ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг та қарорлари, 4 та идоравий ҳужжатлар ва 36 та бошқа ҳужжатлар қабул қилинди.

Йиғилишда Давлат дастури ижросининг сифатли бажарилишига Вазирлар Маҳкамаси алоҳида эътибор қаратиб келаётгани ва ҳар ойда Давлат дастури бандларининг ижросини таҳлил қилиш ҳамда танқидий муҳокама қилиб бориш тартиби жорий этилганлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек Давлат дастурини амалга ошириш учун масъул этиб белгиланган вазирликлар ва идоралар раҳбарларининг унда белгиланган вазифалар ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш учун шахсий жавобгарлиги белгилаб қўйилганлиги депутатлар томонидан ижобий баҳоланди.

Фракция аъзолари бажарилиш муддатлари кечикаётган бандларга алоҳида эътибор қаратишди.

Хусусан, Давлат дастурининг жами 607 та яхлит ва кичик бандларида назарда тутилган топшириқлардан 87 тасининг ижро муддати 2022 йилнинг I чораги этиб белгиланган. Шундан 64 та банд ва кичик бандлар тўлиқ бажарилди, 6 тасининг ижро муддати Давлатимиз Раҳбарининг топшириқларига асосан узайтирилди, 16 тасининг ижроси юзасидан ишлаб чиқилган тегишли ҳужжат лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида, 1 таси эса Олий Мажлис Сенатида кўриб чиқилаётганлиги ҳақида ахборот берилди.

Адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантиришда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш мақсадида жорий йилнинг 24 февралида Олий суд, Судьялар олий кенгаши ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда “йўл харитаси” тасдиқланганлиги таъкидланди.

Иқтисодиёт тармоқларида барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминлаш орқали келгуси беш йилда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни – 1,6 баравар (1750 доллардан 2800 долларга) ва 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг АҚШ долларидан ошириш ҳамда “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига кириш учун замин яратиш мақсадида:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатларининг самарадорлигини янада оширишва давлат молиявий назорати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида” 2022 йил 14 февралдаги ПҚ–128-сон қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан 2022 йилда Давлат бюджети харажатларининг самарадорлигини ошириш ҳамда молиявий назорат фаолиятини такомиллаштириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди. Унга кўра, ажратилган субсидия ва эришилган натижалар тўғрисидаги маълумотларни очиқ эълон қилиш тартиби, бюджет қонунчилиги бузилишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар белгиланганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Давлат дастуридаги таълим ва тиббиёт йўналишларида амалга оширилаётган бандлар бўйича депутатлар томонидан бир қатор таклифлар берилди.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини самарали ташкил этиш, шунингдек экилаётган кўчатларни парваришлаш ва суғориш тизимини назорат қилиш бўйича ҳам фракция аъзолари томонидан таклифлар илгари сурилди. Бу борада ҳамкорликда фаолият олиб бориш ва назоратни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилиш сўнгида фракция депутатлари Давлат дастурида белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш лозимлиги айтиб ўтилди. Бунда масъул идора ва ташкилотларнинг раҳбарлари ушбу дастур аввало фуқароларни рози қилиш ва инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш ҳамда мамлакатимизни ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқишга қаратилганлиги нуқтаи назаридан ёндашишлари зарурлиги таъкидланди.

Йиғилиш якунида Вазирлар Маҳкамасининг “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2022 йил биринчи чораги давомида бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботи фракция томонидан маъқулланди.

 

Миршод ҚЎЛДОШЕВ,

Ижтимоий тармоқлар билан ишлаш бўлими бошлиғи

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+