Давлат органлари қонунийлик, адолатлилик принципи асосида халққа хизмат қилади

16.08.2022 16:08:12

Учинчи ренессанс даврига ўтиш учун барча соҳаларда фундаментал асос яратилмоқда. Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифалар амалда ўз ижросини топиб барча юртдошларимизни бирдек мамнун қилмоқда. Олиб борилаётган ислоҳотларининг бош тамойили «Инсон-жамият-давлат» ғояси асосида қилинаётган барча эзгу амалий сай ҳаракатларнинг мақсади инсон қадрини улуғлаш, жамиятда инсон қадрини юксалтириш, давлат ташкилотларининг халққа хизмат қилиш принципи асосида иш олиб бориш тизими шакллантирилмоқда.

Куни кеча Президентимиз томонидан ўтказилган йиғилишда давлат хизматини ташкил этиш, давлат хизматида фаолият олиб бораётган ходимлар фаолияти самарадорлигини ошириш, бошқарувда ихчам ва самарали тизим яратиш, давлат органларидаги фаолиятини рағбатлантириш борасида бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди. Ҳақиқатдан бугунги кунда мамлакатимизда хизмат соҳасини тартибга солувчи, тайёрловчи тизим йўқ эди. Давлат хизмати вазифасини бажаришда юзага келаётган муаммоларнинг мавжуд эканлиги ҳеч кимга сир эмасди. Бу каби ҳолатлар бугунги кунда шиддат билан олиб борилаётган ислоҳотларга нисбатан кечириб бўлмас ҳолат десак тўғри бўлади. Давлат хизмати фаолияти билан шуғулланаётган ташкилотларнинг иш самарадорлигида юзага келаётган бир қатор камчиликларни ягона қоидалар асосида тартибга солиш зарурати мавжуд эди. Айни шу мақсадда давлат раҳбари ташаббуси билан маҳаллий ва хорижий мутахассислар иштирокида кенг муҳокамалар асосида «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Қонун 10 та боб ва 64 та моддадан иборат бўлиб, ушбу қонун асосида Ўзбекистонда ижро ҳокимияти функцияларини амалга оширувчи давлат хизмати органлари ва ташкилотларидаги 118 мингдан ортиқ давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолияти билан боғлиқ барча муносабатларни ягона қонун билан тартибга солиш тизими яратилди.

Барча ташкилотларнинг вакант лавозимлари очиқ ягона электрон платформага жойлаштирилиши, давлат идораларига ишга киришда очиқ-ошкора танлов орқали қабул қилиниши, кадрлар билан ишлаш жараёни электрон тизимга ўтказилиши ҳозирги кунда талаб этилаётган 16 ҳужжат сўралмаслиги давлат ташкилотларида салоҳиятли кадрлар кўпайиши ва бюрократияни йўқ қилишга замин яратади. Давлат идораларида «маҳалладан – республикагача» тамойили асосида кадрларни ўстириш орқали билим кўникма малакасини мустаҳкамлаш қўйи бўғиндан юқори ташкилотга кўтарилиш орқали муаммоларга ечим топиш ҳамда ҳал этишда самарали хизмат қилади.

Хусусан, қонун билан давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги муносабатлар тартибга солиниб, бунда давлат органларининг асосий вазифа ва ваколатлари ҳамда давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми, асосий вазифалари, ваколатлари, ҳуқуқлари, мажбуриятлари, уларни ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш, шунингдек хизматни ўташ билан боғлиқ чекловлар билан бир қаторда бошқа вазифалар белгиланди. Юқорида қайд этилган вазифалар амалда давлат хизматини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга хизмат қилади.

Давлат фуқаролик хизматида қонунийлик, адолатлилик, халққа хизмат қилиш тартиби, давлат органларининг ва мансабдор шахсларнинг жамият ҳамда фуқаролар олдида масъуллиги, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, очиқлик, шаффофлик, холислик, профессионаллик ва компетентлик тамойиллари асосида хизмат қилиш тартиби белгиланди. Бундан ташқари давлат хизматига киришда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг тенг ҳуқуқлилиги қонунда ўз аксини топди.

Қонунда давлат фуқаролик хизмати соҳасида коррупцияга қарши курашиш боби киритилгани бу соҳада содир этилаётган коррупциявий омилларни йўқ қилиш, истиқболда давлат хизмати соҳасини янада ривожлантиришга замин яратади. Жумладан давлат хизматчисининг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиши, манфаатлар тўқнашувига чек қўйиш, даромадлари ва мол-мулкини декларациядан ўтказиш, совғалар олиш ва бериш тартибини белгилаш назарда тутилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки давлат фуқаролик хизматчисининг касбий компетенциясини узлуксиз ошириш тартиби қонун асосида белгилаб берилиши бу давлат органларида фаолият олиб бораётган хизматчиларнинг профессионал мутахассис бўлишига катта замин яратади. Ҳозирги кунда дунё шиддат билан ривожланиб бораётган бир даврда давлат хизмати ходимларининг билими, кўникмаси ва малакасини ошириш замон талаби ҳисобланади. Бу эса албатта инсон, жамият, давлат юксалишига катта ҳисса қўшади.

Шубҳасиз, «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонунинг қабул қилиниши «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилида» амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишига хизмат қилади.

Хулоса ўрнида, мамлакатимиз равнақи йўлида хизмат қилиш барчамиз учун шарафли ва катта масъулиятли вазифадир бу йўлда барчамиз ўз вазифамизни виждонан ҳалол бажарсак ўйлайманки олдимизга қўйган мақсадлар ўз вақтида амалга ошиб, халқ манфаатлари таъминланиб, давлатимиз юксалишда давом этади.

Зуҳра ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикерининг ўринбосари,

«Адолат» СДП фракцияси раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+