Депутат сўровидан кейин қадимий зиёратгоҳ маданий мерос рўйхатига олинди

16.12.2022 17:12:29

Cайлов округидаги аҳоли мурожаатларини ўрганиш даврида Пастдарғомлик ўқитувчи Ҳамроев Акмал жорий йилнинг август ойларида туманда жойлашган “Ошиқ Ота” зиёратгоҳи тарихи бир неча юз йилликларга бориб тақалишини, унда ҳали умуман ўрганилмаган бир неча табаррук зотларнинг қабр тошлари мавжудлигини, ушбу қадамжода илмий-тадқиқот ишлари ҳамда реставрация ва ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, келажак авлодга мазкур меросдан тўлиқроқ фойдаланишга имконият яратиш лозимлиги тўғрисида мурожаат қилди. Мени хурсанд қилгани Акмални мазкур қадамжо ва умуман Пастдарғомдаги ҳар бир зиёратгоҳ ёки қадимий тепаликларни ўзи мустақил ўрганиб, улар ҳақидаги маълумотларни тўплаш учун олимлар, тарихчилар билан учрашиши, бунинг учун вақтини ҳам, маблағини ҳам аямасдан ҳаракат қилишига қараб, ўз Ватанини, ўз юртини севиш бўлса, шунча бўлади-да деб, унга (аслида ушбу муаммо бир Акмалга тегишли эмас) ёрдам беришга, келажак авлодимиз учун, уларни улуғ аждодларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга, улар билан ғурурланишига хизмат қиладиган бир моддий-маданий мерос объектини тўлиқроқ ўрганиш учун шарт-шароит яратиш борасида ҳаракат қилдик. Аввало, ишни мазкур қадамжони яна бир бор кўздан кечириш, зиёрат (гарчи илгари борган бўлсамда) қилишдан бошладик. Унда зиёратгоҳдаги имом ва оқсоқоллар, фуқаролар билан суҳбатлашдик, қадамжо ҳақидаги тарихий маълумотларни ўргандик. Вилоят моддий ва маданий мерос бошқармасига мазкур тарихий объект ҳақида маълумот сўраганимизда, уларда бу ҳақда ҳеч қандай маълумот мавжуд эмаслигини, ўрганиш учун боришлари мумкинлигини айтишди. Ушбу ўрганишлардан, фуқаролар мурожаатлари асосида Туризм ва маданий мерос вазирлигига депутат сўрови чиқарилди. (илова-1) Тез кунда ушбу зиёратгоҳ тизим ходимлари томонидан ўрганилаётганлигини, ўрганиш натижалари Агентлик ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашининг йиғилишида кўриб чиқилиши ва кенгаш хулосаси ҳақида қўшимча маълумот юборишларини айтиб, депутат сўровига биринчи жавоб хати келди. Кўп ўтмай эса биз кутганимиз жавоб хати келди: Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида жойлашган “Ошиқ Ота” зиёратгоҳи бўйича ўтказилган тарихий-маданий экспретиза хулосаси Агентлик ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашининг 2022 йил 17 ноябрдаги 24-сон йиғилишида кўриб чиқилди.

Унга кўра, “Ошиқ Ота” зиёратгоҳини давлат мулки сифатида моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари рўйхатига киритиш таклифи маъқулланиб, зиёратгоҳ маданий мерос рўйхатига олинди.

Мазкур объектда бунёдкорлик ҳамда ободонлаштириш ишлари 2023-йил маданий мерос объектларини реставрация қилиш учун давлат бюджетидан ажратилган пул маблағларининг иқтисод қилинган қисмидан амалга оширилиши режалаштирилмоқда.

Депутат сўровига вазир имзоси билан мазкур жавоб хатини олиб, юртимизда ўз аждодлари меросига, умуман ватанимиз тарихига, унинг келажагига  дахлдорлик туйғуси мужассам фуқароларимиз кўплиги дилни равшан этади. Хуллас, Пастдарғомда яна бир муборак қадамжо давлат мулки сифатида моддий-маданий мерос рўйхатига киритилди.

 

Музафара АБДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

"Адолат" СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+