Депутатлар қонун лойиҳаси бўйича қандай саволларни ўртага ташлашди?

25.12.2023 17:12:05

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида “Фармацевтика соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Фракция аъзолари қонун лойиҳасини кўриб чиқиш жараёнида партия сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб, ёндашдилар.
“Адолат” СДП сайловолди дастурида соғлиқни сақлаш соҳасига доир бир қатор мақсад ва вазифалар ўз аксини топган. Хусусан, аҳолини ижтимоий аҳамиятга эга, юқори самарали хавфсиз дори-дармон ва тиббий воситалар билан арзон нархларда таъминлаш, қалбакилаштирилган ва сифатсиз дори-дармонларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда фармацевтика соҳасини такомиллаштиришга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда. Соҳани ривожлантириш борасидаги тадбирлар қонунчиликни бугунги кун талаблари билан уйғунлаштиришни тақозо этмоқда.
Шу муносабат билан “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида” ва “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига рецептсиз бериладиган дори воситаларининг рўйхати Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланиши, дори моддаларини (субстанцияларни) давлат рўйхатидан ўтказишни бекор қилиш юзасидан қонунчиликка тегишли ўзгартиришларни киритиш зарурати юзага келмоқда.
Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида дори воситаларининг рецепт бўйича ва рецептсиз берилиши уларнинг тиббиётда қўлланилишига доир йўриқномаларда белгиланган тартибда амалга оширилади. Дори воситаларини рецепт билан ва рецептсиз бериладиган дори воситалари тоифасига киритиш тартиби Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади.
Муҳокамалар жараёнида фракция аъзолари республикамизда дори воситалари ва тиббий буюмларнинг улгуржи ҳамда чакана савдоси ҳолати, дори воситалари ва тиббий буюмлар нархларининг кескин кўтарилиши сабаблари ва бошқа масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Депутатлар партия ғоя ва мақсадларидан келиб чиққан ҳолда, бир қатор таклифларни ўртага ташлашди. Ўз навбатида, кўплаб саволлар берилди ва уларга қонун ташаббускорлари томонидан атрофлича жавоблар олинди.
Қизғин савол-жавоблар давомида бугунги кунда республикамизда рецептсиз дорилар сотилаётгани, бу бўйича ОАВда ҳам рекламалар берилаётгани қайд этилиб, ушбу қонун лойиҳаси рецептсиз дори воситаларини кўпайтирадими ёки камайтиради, деган саволни ўртага ташлашди.
Қонун ташаббускорлари кўтарилган саволлар юзасидан асосли тушунтиришлар бериб, таклиф этилаётган янгиликлар соҳадаги айрим такрорланувчи ва бюрократик талабларни бекор қилиш орқали аҳолининг сифатли, хавфсиз, самарадор ва арзон дори воситалари билан таъминлаш даражасининг ошишига хизмат қилишини қайд этдилар.
Қизғин савол-жавоблар ва муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+