Депутатлар судьялар мустақиллигини кучайтириш тарафдори

25.03.2021 15:03:49

Жорий йилнинг 24 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг видеоконференция тарзидаги навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Депутатлар йиғилиш давомида мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий жараёнлар, халқни рози қилиш ва жаҳон ҳамжамиятида юртимиз нуфузини янада кўтаришга қаратилган ислоҳотларга алоҳида тўхталиб, тиббиёт, транспорт, суд-ҳуқуқ соҳаларига оид қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқишди.

Йиғилишда дастлаб суд тизимидаги чуқур ўзгаришлар тўлиқ ўзида акс эттирилган, замонавий талабларга жавоб бердиган ҳамда суд соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилган “Судлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 11-моддасида давлат ҳокимиятининг тизими ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланиши белгиланган. Мустаҳкам замонавий демократик суд тизими – мамлакат тараққиётининг асосий таркибий қисмларидан, давлатни демократик ривожлантиришнинг асосий воситаларидан биридир. Йиғилишда депутатлар томонидан мамлакатимизда қонунчилик даражасида суд ислоҳотларини амалга ошириш, демократик жараённинг ажралмас қисми сифатида давлатимиздаги қонун ижодкорлиги фаолиятининг устувор йўналишларидан бири деб тан олинганлиги айтиб ўтилди. Қонун лойиҳасини кўриб чиқишда фракция аъзолари устувор аҳамият касб этадиган ўзгаришларга тўхталиб ўтишди. Хусусан, ташкилий-тузилмавий ўзгаришлар амалга оширилаётган суд тизимидаги асосий тамойиллар қайта кўриб чиқилиб, одил судловни амалга оширишда малакали юридик ёрдам, суд ҳужжати устидан шикоят қилиш ҳуқуқи каби янги асосий принциплар билан тўлдирилаётган депутатлар томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди. Шу билан бирга, мазкур қонун лойиҳасида судьяларнинг мақоми, уларнинг мустақиллиги кафолатлари кучайтирилиб, ахборот-коммуникация технологиялари тизимидан фойдаланиш борасидаги ҳуқуқлари кенгайтирилиши назарда тутилмоқда. Судьяларнинг мажбуриятлари Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни, судьяларнинг одоб-ахлоқ кодекси талабларига мувофиқлаштирилмоқда. Депутатлар мазкур қонуннинг қабул қилиниши суд тизимининг фаолият кўрсатиш тартибини ва судьялар мустақиллиги кафолатларини такомиллаштиришга, фуқароларнинг суд тизимига бўлган ишончи янада мустаҳкамланишига хизмат қилишини таъкидлашди.

Фракция йиғилишида шунингдек, мамлакатда капитал бозорни ривожлантиришга қаратилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ҳақидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Депутатлар таъкидлаб ўтишганидек, лойиҳа қимматли қоғозлар бозори ва акциядорлик жамиятлари фаолияти соҳасида қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, ривожланиш шароитларига мос келмайдиган нормаларни бартараф этиш ва мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий имиджи шакллантириши билан аҳамиятли. Бугун мамлакатимизда молия бозори тармоқлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш ва қолоқ тармоқларни ривожлантириш борасида турли рағбатлантирувчи чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу тармоқлар ўртасидаги номутаносиблик ва бузилишларни бартараф этиш, молиявий хизматлар ва молиялаштириш сифатини яхшилаш имкониятини беради. Йиғилишда алоҳида қайд этилганидек, мазкур қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, аҳолининг бўш пул маблағларини республика иқтисодиётига кенг ва фаол жалб этиш орқали реал сектор корхоналарининг банк кредитига бўлган юк ва давлат кафолатларига қарамлик даражасини камайтириш ҳамда иқтисодиётда давлат иштирокини кескин пасайиш имконини беради. Депутатлар лойиҳани ишлаб чиқишда Россия, Туркия, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Тайвань ва бошка бир қатор мамлакатлар тажрибасига таянилганлигини алоҳида эътироф этишди. Хусусан, хорижий мамлакатлар акциядорларнинг умумий йиғилишида масофадан туриб иштирок этиш ва овоз бериш тартиби жорий қилинган бўлиб, у ўзининг самарадорлигини исботлаган. Ушбу усул акциядорларнинг, шу жумладан хорижий акциядорларнинг йиллик йиғилишларда иштирок этиш даражасини сезиларли даражада оширишга, шунингдек, тегишли давлатлар молия бозорларини глобал инвесторлар учун жозибадорлигини оширишга имкон яратди. Шу билан бирга, фракция аъзолари лойиҳани янада такомиллаштиришда ушбу соҳада узоқ тажрибага эга Жанубий Корея, АҚШ, Япония, ЕИ, МДҲ давлатлари қонунчилик нормалари ва бошқа ҳуқуқий хужжатлари, тажрибасини янада чуқурроқ ўрганиш таклифини илгари суришди. Лойиҳада фонд бозори орқали инвестицияларни эркин жалб қилиш учун ташкилотларга қўшимча шароитлар яратиш ва ивесторларнинг маблағ қўйиш учун қимматли қоғозларга бўлган ишончини оширишга қаратилган нормаларни киритиш юзасидан таклифлар билдирилди ва лойиҳа биринчи ўқишда маъқулланди.

Йиғилишда муҳокама этилган шу ва бошқа қонун лойиҳалари бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиққан ҳолда таклиф ва муносабатлар билдирилди ҳамда улар концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватланди.

 

"Адолат" СДП

Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+