Дунё тан олиб тан бераётган ташаббуслар

19.12.2022 10:12:34

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан Ўзбекистоннинг яна бир ташаббуси бир овоздан қўллаб-қувватланди.

Таъкидлаш жоизки, БМТ минбаридан юртимиз овози кўп маротаба янгради. Салкам 36 миллионлик аҳолисига эга бўлган Ўзбекистон раҳбари томонидан дунёни ўйлантираётган, глобал муаммоларга ечим бўла оладиган, дунё ҳамжамияти келажагини белгилайдиган қатор асослантирилган долзарб ташаббуслар илгари сурилди.

Аҳамиятлиси, ҳар бир ғоя замирида Ўзбекистон тажрибаси, юртимиз ҳудудида мулоқот майдони яратиш, халқаро доирадаги конференция, илмий-амалий форумларни ташкиллаштириш, иқтисодий-ижтимоий келишувларни ўтказиш таклифлари ётибди.

Маълумки, Барқарор ривожланишининг 17 мақсади ва тегишли вазифалар кенг миқёсли масалаларни, яъни соғлиқ ва фаровонликдан тортиб то иқлим ўзгаришларигача, гендер тенглигидан тортиб истеъмол ва ишлаб чиқариш моделлари ўзгаришларигача бўлган жараённи қамраб олган.

Сўнги йилларда Ўзбекистонда жамият ҳаётининг барча соҳаларини янада ислоҳ қилишнинг янги босқичига ўтилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига тўла ҳамоҳанг бўлган Ҳаракатлар, Тараққиёт стратегиясига мувофиқ қабул қилинаётган Давлат дастурларига биноан ишлаб чиқилиб, ҳаётга тадбиқ қилинаётган қонунлар мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилмоқда.

Айнан, Барқарор ривожланиш мақсадларининг ижроси юзасидан юртимизда сўнгги йилларда қатор тадбирлар ўтказилди. Хусусан, 2021 йил Бухоро шаҳридаги “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро форум, жорий йил Тошкент шаҳрида ўтказилган Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлари аёл раҳбарларининг 14-саммити шулар жумласидандир.

Куни кеча БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон  Республикаси  Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 2020 йилдаги 75-сессиясида таклиф этилган “Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини ошириш тўғрисида”ги резолюциясини якдиллик билан маъқуллади.

Мазкур Резолюцияда парламентларнинг COVID-19 пандемиясидан инклюзив, барқарор ва узоқ муддатли тикланишни қўллаб-қувватлаш ва ҳеч ким ортда қолмаслигини таъминлаш учун барқарор ривожланиш бўйича ҳаракатларни жадаллаштириш учун бирлик, бирдамлик ва кўп томонлама ҳамкорликка қайтадан киришишдаги муҳим роли таъкидланган эди.

Ўз навбатида, Бош Ассамблея давлатларни миллий режалар ва стратегиялар бўйича парламентларнинг роли ва масъулиятини эътироф этган ҳолда, миллий ва глобал миқёсда янада ошкоралик ва масъулиятни таъминлаш, аёлларнинг парламентларда, жумладан, раҳбарлик лавозимларида ва барча даражада қарорлар қабул қилишда тўлиқ, тенг ва мазмунли иштирок этиши ҳамда парламентлар ўз фаолиятида гендер тенгликни асосий йўналишга киритиш муҳимлигига эътибор қаратишга чақирди.

Шу билан бирга, БМТ Бош Ассамблеяси 2030 йилга қадар кун тартибини тўлиқ ва муваффақиятли амалга оширишда ёшларнинг ҳиссаси ва аҳамиятини эътироф этган ҳолда парламентларга Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида ёшларнинг парламент жараёнларида тўлиқ, тенг ва мазмунли иштирок этишини таъминлаш йўлларини излашни тавсия қилди.

Таъкидлаш жоизки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш доирасида ўз зиммасига олган барча мажбуриятларни аниқ ва тўлиқ бажариб келаётган Ўзбекистон бу масалаларда ҳам миллий тажрибага эга.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қонун ижодкорлиги ва парламент назорати фаолияти доирасида ҳам тегишли ишлар белгилаб олинган. Жумладан, парламент томонидан Ўзбекистоннинг “Барқарор ривожланиш мақсадлари”га эришиш бўйича Ҳукумат томонидан амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан мунтазам равишда Парламент ва Қўмита эшитувлари амалга оширилмоқда.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биринчи йиғилишидаги нутқида “Бундан буён Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш бўйича вазирлар ҳисоботларини эшитишни йўлга қўйиши лозим” деб таъкидлаган эди. Шу нуқтаи назардан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг 2020 йил 27 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссиясини тузиш тўғрисида”ги қўшма қарори мамлакатимизда 2030 йилга қадар юқорида келтирилган кенг кўламли мақсадларга ҳамоҳанг эканини тасдиқловчи муҳим қадам бўлди.

Дарҳақиқат, бугун  2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланишнинг миллий мақсад ва вазифаларига эришишда парламентларнинг, давлат органларининг ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳаракатларини бирлаштириш ҳар қачонгидан кўра долзарб вазифа эканлиги муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистон жаҳоннинг барча мамлакатлари билан кенг кўламли ва ўзаро манфаатли шерикликни, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва парламентлараро ташкилотлар билан амалий мулоқотни ривожлантириш учун доимо тайёрлигидан даракдир.

 

ГУЛРУҲ АГЗАМОВА

Ўзбекистон Республикаси Олий  Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+