Эҳтиёжманд оилалар фарзандлари тест синовларида иштирок этиш тўловларидан озод этилади

11.04.2022 17:04:13

Бугун кун сайин чирой очиб бораётган шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси ўзгаришида замон талаблари асосида бунёд этилаётган йўл ва йўл бўйи инфратузилмалари, улар атрофида яратилаётган яшил маконлар алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Айниқса бу жараёнда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган Яшил макон умуммиллий дастури доирасида янги қиёфа касб этмоқда. Бундай ўзгаришлар авваламбор фуқароларимиз кўнглида илиқлик уйғотиб, ушбу ташаббус атрофида жипислашмоқда.

Аммо, Яшил макон умуммиллий дастури давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида бўлишига қарамасдан, мамлакатимизда яшилликни кўпайтириш, иқлим ўзгаришларининг олдини олиш, тоза ҳаво меёрини сақлаш мақсадида бу йил баҳор фаслининг ўзида 125 миллион туп кўчат экиш режа қилинган бўлишига қарамасдан, айрим ҳудудларда масъул шахсларнинг беэътибориги сабаб ишлар номигагина амалга оширилмоқда.

Куни кеча давлатимиз раҳбари бошчилигида ушбу камчиликларни қисқа муддатда бартараф этиш юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда, жойларда ҳақиқатда экилмаган жами 5 миллион туп кўчатлар ҳисоботда қўшиб ёзилгани, мутасаддиларга апрел ойида барча қолоқликлар ва камчиликларни тўлиқ бартараф этиш вазифаси юклатилди.

Бунинг учун апрел ойи якунига қадар вилоят ҳокимлари тегишли идоралар билан бирга, туманлардаги йирик маҳаллаларга 20-30 минг, ўрта маҳаллаларга 10-15 минг, кичикларига 3-5 минг терак қаламчалари, шаҳарларнинг ҳар бир маҳалласига 3-5 минг терак қаламчалари экилишини таъминлаши ҳамда автомобил йўллари бўйида камида 5 миллион туп терак кўчатлари ва қаламчалари экишни ташкил қилиши вазифаси юклатилди.

Ушбу ишларни амалга оширишда эса, кўчатларнинг инсон саломатлигига бўлган аллергик таъсирини юқотиш, мевали дарахтларни манзарали ҳолатда парвариш қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, Инновацион ривожланиш ва Қишлоқ хўжалигиги вазирликларига теракнинг аллергия чақирмайдиган навларини экиш бўйича ҳудудларга илмий асосланган тавсиялар бериш, Тошкент шаҳри тажрибаси асосида 5 ёшдан кам бўлмаган мевали ва манзарали дарахтларни тартибли бир текисда ўстириш таъкидланди.

Албатта, бу рақамларда келтириб ўтилган кўчатларни эзгу мақсад йўлида экилиши кишиларни қувонтиради. Аммо, галдаги вазифа ушбу кўчатларни нобуд қилсамдан парваришлаш масаласидир. Айниқса бугунги иқлим ўзгариши ва сув танқислиги кузатилаётган ҳозирги замонда кўчатлар парваришига алоҳида эътибор билан ёндашиш талаб этилади. Шу боисдан йиғилишда Яшил макон дастури доирасида 2022 йилнинг ўзида 700 километрдан зиёд янги суғориш тизими қуриб битказилиши, 260 та қудуқлар ўрнатилиши маълум қилинди.

Шунингдек, йиғилишда инсон қадрини улуғлаш ва халқ розилигини таъминлашда муҳим бўлган ички йўллар ҳолатини яхшилаш, давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштириш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Жумладан, феврал ва март ойларида ўтказилган Ташаббусли бюджет портали орқали аҳолидан тушган 20 мингта ёки жами таклифларнинг 25 фоизи ҳам айнан ички йўлларни яхшилаш билан боғлиқлиги эканлиги таъкидланиб, ғолиб деб топилган 2 215 та лойиҳага қўшимча, ҳар бири 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб деб топилмаган 139 та лойиҳани амалга ошириш учун қўшимча равишда республика бюджетидан 85,4 млрд сўм маблағ ажратилиши белгиланди.

Шунингдек, аҳолига давлат хизматларидан фойдаланишда қулайлик яратиш мақсадида 1 июлдан бошлаб, 38 турдаги давлат хизматлари учун электрон имзо билан тасдиқлаш талаби бекор қилиниб, мобил телефон орқали амалга оширилиши маълум қилинди.

Шу билан бирга, 6 турдаги литсензия олиш учун талаблар бекор қилиниши, аҳоли ва тадбиркорлар учун 8 дан ортиқ давлат хизмати бўйича электрон хабардор қилиш тизими жорий этилиб, аҳоли ва тадбиркорлардан коммунал ташкилотларнинг 32 турдаги ҳужжат ва маълумотномаларини талаб қилиш бекор қилиниши таъкидланди. Йиғилишда ҳар йили ёшларимизни олий таълим муассасасига ўқишга ҳужжат топшириш жараёнида кўтариладиган тўлов масаласига ҳам алоҳида эътибор қартилиб, эҳтиёжманд оилалар фарзандлари олийгоҳларга киришда тест синовларида иштирок этиш тўловларидан озод этилиши маълум қилинди.

Умуман олганда, йиғилишда белгилаб берилган вазифаларни ҳаётга тадбиқ этилиши, авваламбор аҳолимизга кундалик турмуш тарзида янада кўпроқ қулайлик яратиш имконини, шу билан бирга, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси янада яхшиланиб, мамлактимизда яшил ҳудудлар кенгайишини таъминлашда муҳим босқич бўлиб хизмат қилади.

Музафара Абдиева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+