Экологик аудит нима асосида ўтказилади?

18.03.2021 10:03:00

Сўнгги йилларда мамлакатимизда экотизимлар ва атроф-муҳитнинг табиий ҳолатини сақлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уни қайта тиклаш ишлари изчиллик билан давом эттирилмоқда. Буларнинг барчаси, албатта, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт, жумладан, экологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш имкониятларини кенгайтирмоқда.

Бугунги кунда мазкур соҳадаги муносабатларнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиб халқаро стандартлар асосида янги қонунлар ишлаб чиқилмоқда. Жорий йилнинг 15 март куни давлатимиз раҳбари томонидан  имзоланган “Экологик аудит тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ана шундай ҳуқуқий асослардан бири бўлди.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, экологик аудит экологик аудиторлик ташкилоти ва экологик аудит буюртмачиси ўртасида тузиладиган, экологик аудит ўтказиш муддатлари ва бошқа шартлари белгиланадиган шартнома асосида ўтказилади. Экологик аудит субъектининг фаолияти тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлган тақдирда, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан бир йил давомида текширилмайди. Бу эса, экологик аудит хулосасига эга бўлган тадбиркорларга қулайлик яратади.

Экологик аудит ихтиёрий ёки мажбурий шаклда ўтказилиши мумкин. Атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш хавфи кам бўлган ёки унчалик кам бўлмаган экологик аудит субъектларининг фаолиятига нисбатан экологик аудит ихтиёрий тартибда ўтказилади.

Қонунга кўра, экологик аудиторлик ташкилотлари ўз фаолиятини амалга ошириш чоғида мустақил ҳисобланади. Экологик аудит ўтказиш якунлари бўйича экологик аудит хулосаси махфий ҳужжат бўлиб, экологик аудит буюртмачисининг розилигисиз ошкор қилинишига йўл қўйилмайди.

Қонун экологик аудиторлик фаолиятни тартибга солиш бўйича халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Хусусан, бир қатор хорижий давлатларда (Германия, Австрия, Испания, Нидерландия, Канада, Жанубий Корея, Украина, Эстония, Тожикистон, Козоғистон, Кирғизстон ва бошқарлар) экологик аудит масалалари махсус қонунлар билан тартибга солинган.

Бир сўз билан айтганда, экологик аудит атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектлар сиёсатининг ажралмас қисми бўлиб, ўзини-ўзи бошқаришининг муҳим элементи ҳисобланади. Экологик аудит институтининг устувор татбиқ этилиши эса табиат мусаффолиги йўлида хизмат қилади.

 

Зуҳра ИБРАГИМОВА,

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 

Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари 

қўмитаси раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+