Фракция қаршилиги сабаб рад этилган қонун лойиҳаси яна эътирозларга сабаб бўлди

25.12.2020 12:12:06

Жорий йилнинг 24 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги видеоконфереция шаклидаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда фракция аъзолари томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқиш учун киритилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ҳамда иккинчи ўқишда кўриб чиқилаётган “Фазовий маълумотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари лойиҳалари муҳокама қилинди.

Дастлаб депутатлар томонидан профилактика (катта) инспекторлари томонидан фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини кучайтириш, содир этилган ҳуқуқбузарликларга нисбатан улар аниқланган жойнинг ўзида ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун жазо тайинлаш механизмларини соддалаштиришга қаратилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини кучайтириш ҳамда айрим тоифадаги маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш жараёнида ҳуқуқбузар содир этган қоидабузарлигига иқрор бўлиб, белгиланган жаримани судгача бўлган босқичда тўлаш истагини билдирган ёки жабрланувчининг ҳуқуқбузарлик субъектига нисбатан даъво-эътирозлари йўқлиги ишни судгача ҳал қилишнинг соддалаштирилган механизмларини этилиши назарда тутилмоқда. Натижада эндиликда бугунги кунда амалда қўлланилмаётган айрим турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва жазо чорасини қўллаш орқали ички ишлар органлари профилактика (катта) инспекторлари томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарали амалга оширилишига ҳамда жиноятларнинг олди олинишига эришилади.

Аммо қонун лойиҳасидаги келтирилаётган сабаб ва важлар фракция аъзоларининг қаршиликларига сабаб бўлди. Мазкур қонун лойиҳаси жорий йилнинг ноябрь ойи бошларида Қонунчилик палатасига киритилган вақтида фракция томонидан билдирилган эътирозлар сабаб ташаббускорларга қайтариб юборилган эди. Аммо қонун лойиҳаси қайтадан тайёрланиб Қонунчилик палатасига киритилгани билан фракциянинг қаршилигига сабаб бўлган омиллар деярли эътиборга олинмаган. Шунингдек, ўзи айни вақтда бу каби қонунга жамиятда қанчалик эҳтиёж мавжудлиги таҳлил этилмаганлиги айтиб ўтилди.

Шуҳрат Полвонов, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Ҳозир биз олис қишлоқ ва ҳудудларда бўладиган 400-500 та ҳайвонларга нисбатан шавқатсизлик ҳолатларида судларсиз участка инспекторлари томонидан масалани ҳал этамиз деб, минглаб аҳолини қийнаб қўядиган бундай ҳолатларни вужудга келтириб қўймайизми. Бугунги кунда Республикаизда 200 дан ортиқ туман ва шаҳарлар бор, уларда ўн минглаб учаска профилактик испекторлари хизмат вазифаларини олиб бормоқда. Эртага қонун қабул қилингач уларнинг шахсий кўрсаткичларида бу ҳолат ҳам ҳисобга олинади. Натижада улар кўрсаткичини ошириш учун ҳам 1 тадан маъмурий иш кўрсаям қанчадан-қанча фуқаромизга жабр қилиб қўямиз.

Раҳим Наимов, Ички ишлар вазирлиги бошқарма бошлиғи:

— Тўғри айтасиз, бугунги кунда республикамизда жами 9875 та участка профилактик инспекторлари фаолият олиб бормоқда. Юқоридаги каби мажбурий кўрсаткичлар шу вақтгача бўлмаган, деб тизимни оқламайман аммо охирги икки йилда тўлиқ уларни бу борадаги фаолияти электронлаштирилиб барча зарурий чоралар кўрилган. Сўнгги бир йилда бундай жараёнлар билан боғлиқ бирор бир коррупцион ҳолат аниқланмаган.

Гулрух Агзамова, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда маълумотлар ва жойлардаги мавжуд ҳолатнинг аниқ таҳлил этилганининг рақамлардаги маълумоти борми? Шунингдек, биз кўп миллатли ҳалқмиз, айтайлик корейслар бизда ит гўштидан тайёрланадиган таомини истеъмол қилишади, уларга ҳам қатъий чора кўриладими?

Раҳим Наимов, Ички ишлар вазирлиги бошқарма бошлиғи

— Биз қонун лойиҳаси орқали ҳеч бир янги қонун нормасини амалиётга жорий этишни назарда тутмаяпмиз, мавжуд қонунчиликдаги ваколатни профилактик инспекторларига берилишини назарда тутаяпмиз.

Шунингдек, фракция аъзолари томонидан Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги ваколатларини белгилашни назарда тутувчи “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам таҳлилий кўриб чиқилди.

Ушбу қонуннинг амалиётга жорий этилиши фуқаро авиацияси соҳасида муҳим аҳамиятга эга бўлади ва Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги ваколатларини белгилаб беради, экспериментал ҳаво кемаларини ҳисобга олиш тартибини ўрнатиш бўйича ваколатли органни белгилайди, шошилинч тиббий ёрдам, қутқарув операциялари, вазирликлар ва идораларнинг авиациясидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик манфаатларида фойдаланиш, қуруқликдаги транспорт ҳаракатини мониторинг қилиш, туризм соҳаси ва бизнес эҳтиёжларини қондириш учун аҳоли пунктлари устидан парвозларни амалга ошириш имкониятини қонуний равишда белгилаб беради.

Қиғин баҳс ва мунозаралар тарзида ўтган йиғилиш кун тартибида фазовий маълумотларни яратиш ва улардан фойдаланиш, Ўзбекистон Республикаси Фазовий маълумотлар миллий инфраструктурасини яратиш, қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш соҳаларида ваколатли органларни белгилаб бериувчи қонун “Фазовий маълумотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Йиғилиш якунида кун тартибига киритилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

Олий Мажлис Қонучилик палатасидаги

“Адолат” СДП фракцияси ижрочи котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+