Фуқаролар манфаатини ҳимояловчи қонун қабул қилинади

24.09.2021 18:09:17

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. 

Йиғилишда дастлаб “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс моддаларининг санкцияларида кодекснинг принципларига номувофиқ бўлган бир катор камчиликлар мавжуд. Хусусан, кодексда назарда тутилган баъзи ҳуқуқбузарликлар учун тайинланган жазо чораларининг миқдори инсонпарварлик ва одиллик принципларига номувофиқ. Шунинг­дек, депутатлар алоҳида таъкидлаб ўтганидек, йўл ҳаракати соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган маъмурий жавобгарликлар миқдори замон талаблари ва хавфлилик даражасига мос эмас.

Шунга кўра маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг хавфлилик даражасидан келиб чиқиб мақбуллаштириш мақсадида, мазкур лойиҳа билан 5 та модданинг санкция­­ миқдори камайтирилмоқда. Масалан, бир қанча эскирган ёки замон талабига жавоб бермайдиган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бартараф этилмоқда. Хусусан, депутатлар транспорт воситасини бошқариш вақтида ҳайдовчиларга bluetooth, қулоқчин ва бошқа қўлни банд килмайдиган гарнитуралардан фойдаланиш, транспорт воситаси салонининг олд қисмига ўзбошимчалик билан монитор ўрнатиш учун жавобгарлик белгиланганлиги ҳамда транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб юборганида тезликни ўлчайдиган махсус ускуналар қайд этган тезликдан соатига 5 километр айириб ташламаган ҳолда жавобгарликка тортиш ҳолатлари маънан эскирганлигини таъкидлаб ўтишди.

Қонун лойиҳасида амалдаги нормалардан муддати ўтган суғурта полиси ёки суғурта полисида назарда тутилмаган шахс автотранспорт воситасини бошқарганлиги учун жарима микдори икки бараварга камайтирилмокда, транспорт воситалари эгалари томонидан суғурта полисини олмаганлик учун жарима фуқаролар учун икки бараварга, мансабдор шахсларга эса учдан бир қисмга камайтирилмокда.

Шунингдек, йўловчиларни лицензиясиз ташиш билан шуғулланганлик учун жарима миқдори уч бараварга камайтирилмокда, яъни, фуқаролар учун 1,715 млн. сўм, мансабдор шахслар учун 7,35 млн. сўм этиб белгилаш, паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жарималар микдорини икки баравардан ҳам кўпроққа камайтириш таклиф этилмоқда.

Нодира Жонибекова, 

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Бугунги кунда барча замонавий автотранспорт воситалари ишлаб чиқувчи томонидан қўлни банд қилмайдиган ва ҳаракатланишга халақит бермайдиган техник алоқа воситалари билан жиҳозланмоқда, шунингдек, аксарият автотранспорт воситалари, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам ишлаб чиқувчи томонидан GPS-навигациясига эга монитор билан жиҳозланмоқда. Бу эса, ўз навбатида, мазкур ҳолатлар учун жарима қўллаш маънан эскирган норма эканлигидан далолатдир.

Айниқса, лойиҳада акс этган транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари, суғурта полиси ва техник кўрик паспорти ёнида бўлмаган ҳайдовчиларга, Ўзбекистон Республикасида берилган шахсини тасдиқловчи ҳужжати асосида транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи берилмоқда. Бунда, ушбу ҳужжатлар мавжудлиги ДЙҲХ ходими томонидан электрон тизим орқали транспорт воситаси тўхтатилган жойда мустақил текширилиши белгиланаётгани фуқароларга қатор қулайлик­лар яратади.

Мазкур янгиликни амалиётга жорий қилиш мақсадида Ички ишлар вазирлигига керакли интеграция ишларини 2021 йил 1 декабрга қадар якунлаш вазифаси юклатилмоқда. Фракция аъзолари мазкур лойиҳа халқ таклифи ва талабларидан келиб чиқиб, ишлаб чиқилганини инобатга олиб, қонун лойиҳасини қабул қилиш ва янгилик­ларни ижрочиларга ва фуқароларга етказиш таклифини илгари суришди.

 

Фракция йиғилишида, шунингдек, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Лойиҳада маъмурий тартиб-таомиллар принциплари хорижий экспертларнинг изоҳлари ва замонавий маъмурий ҳуқуқ ютуқларини ҳисобга олган ҳолда тўлиқ ва аниқ баён этилган. Хусусан, қонунийлик тамойили қонунда маъмурий-ҳуқуқий фаолиятнинг асослилигини ва қонунларнинг тўғридан-тўғри амалга оширилишини таъминловчи муҳим элементлар билан мазмунан бойи­тилган. Мутаносиблик тамойили дунёда умумэътироф этилган герман ҳуқуқи стандартларига мувофиқ ифода этилмоқда. Ҳуқуқни қўллаш амалиётида шаклланган тўсиқларни бартараф этиш бўйи­­ча “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуннинг ислоҳотчи – ҳуқуқ яратувчилиги ролини кучайтирувчи янги принциплар ҳам таклиф этилмоқда.

Елена Компольщик, 

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

– Таклиф этилаётган лойиҳа орқали маъмурий тартиб-таомилларнинг асосий институтлари, хусусан, тегишли тарзда хабардор қилиш, манфаатдор шахсларни тинглаш, маъмурий ҳужжат, маъмурий шикоят қилиш ва маъмурий ҳужжатни ижро қилиш кабилар такомиллаштирилмоқда. Шунинг­дек, бугунги кун амалиётидан келиб чиқиб, маъмурий шикоят бўйича иш юритишда мажбурий тарзда судгача шикоят қилиш тартибини лойиҳага киритиш зарур. Бироқ маъмурий шикоятлар бўйича ишни кўриб чиқишни таъминловчи маъмурий органларнинг ташкилий-кадрлар бўйича жиддий тайёргарлик кўрилишига зарурат борлигини инобатга олган ҳолда ушбу норманинг амалга киритилишини 2 йилга кечиктириш масаласини қонунда белгилаш лозим, деб ўйлайман.

Йиғилишда муҳокама этилган қонун лойиҳалари бўйи­­ча депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиққан ҳолда таклиф ва муносабатлар билдирилди ва кун тартибидаги масалалар юзасидан фракциянинг тегиш­ли қарорлари қабул қилинди.

Нигора КАМАЛОВА,

“Адолат” СДП фракияси Ижрочи котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+