Халқ муаллифлигида ёзилган ҳужжатлар тараққиётга хизмат қилади

13.06.2022 18:06:20

Мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегияси доирасида бир қатор халқ ва жамият тараққиётига хизмат қилувчи ислоҳотлар амалга оширилди. Бу авваламбор иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий, маънавий-маърифий ва бошқа йўналишларда ҳаётга татбиқ этилган кенг кўламли ишларда кўзга ташланмоқда. Аммо, инсон қадри ва манфаатларининг юксалиши, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, тадбиркорлик учун қулай бўлган ишбилармонлик муҳитини яратиш, аҳолининг ижтимоий таъминотини тўлақонли таъминлаш борасида бошланган ишлар нафақат қабул қилаётган қонунларимизни, шу билан бирга барча ҳуқуқий фаолиятимиз учун мустаҳкам асос бўлган Бош қомусимизни ҳам бугунги замон талаблари нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда ўзгартиришни талаб этмоқда.

Эътиборли жиҳати бунда ҳам энг аввало, фуқароларимизнинг фикр ва мулоҳазаларини тинглаш, улар томонидан билдирилган ҳар бир таклиф ва ташаббусларни эътиборга олишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Боиси, ушбу ташаббус Олий Мажлис Қонунчилик палатасида фаолият кўрсатаётган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда “Миллий тикланиш” демократик патияси фракциялари томонидан кун тартибига олиб чиқилганлиги билан унинг ҳаётимизга татбиқ этилиши борасидаги дастлабки таклифлар бундан бир йил олдин юртдошларимиз томонидан илгари сурилган эди.

Жумладан, ўтган йили бўлиб ўтган Президентлик сайловлари арафасида давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов туманидаги сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашувида мулоқотга ташриф буюрган юртдошларимиз томонидан бугун экологик муаммолар кун сайин салбий тус олаётгани, инсонларнинг экология билан боғлиқ ҳуқуқ ва мажбуриятлари каби нормалар Бош қомусимизда ҳам ўз аксини топиши мақсадга мувофиқ бўлиши ташаббуси илгари сурилган эди.

Албатта, ушбу ислоҳот жараёнида ўтган беш йилликда шаклланган халқ билан маслаҳатлашган ҳолда, уларнинг фикр ва мулоҳазаларига қулоқ тутиб иш кўришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу боис, 20 май куни Сенат ва Қонунчилик палатаси Кенгашларининг қўшма мажлиси ўтказилиб, йиғилишда Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш катта куч ва масъулият талаб қилиши, бунда ҳар бир фуқаромизнинг фикрларини тинглаш зарурлиги қайт этилиб, ушбу вазифалар билан шуғулланувчи Конституциявий комиссия ташкил этилди. Бевосита фуқаролар билан мулоқот олиб бориш мақсадида ушбу комиссиянинг матбуот хизмати фаолияти йўлга қўйилди.

Мазкур Конституциявий комиссия таркибига барча ҳудудлардан халқ вакиллари бўлган депутатлар, сенаторлар, жамиятнинг турли қатламлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, етук ҳуқуқшунос ва сиёсатшунослар ҳамда бошқа бир қатор соҳа вакиллари ва экспертлар киритилди.

Ушбу комиссия аъзолари томонидан юртдошларимиз учун нафақат Республикамиз ҳудудида, шу билан бирга, дунёнинг исталган жойида туриб Конституциямизни ўзгартириш учун таклиф бериш имконияти яратиб берилди. Хусусан, қисқа вақт ичида Конституцияни такомиллаштириш учун фуқароларга ўз таклифларини билдиришининг бир неча кўринишдаги имкониятлари яратилди. Айни кунда юртдошларимиз Meningkonstitutsiyam.uz портали ҳамда махсус Telegram-бот ва колл-марказ орқали таклифларини билдиришмоқда. Шу билан бирга, жойларда соҳа вакиллари ҳамда фаоллар томонидан турли хил кўринишдаги учрашув ва давра суҳбатлари ҳам ташкил этилиб, уларнинг таклифлари тингланмоқда.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Конуституциявий ўзгаришлар, қонунчилигимизни такомиллаштириш билан биргаликда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш учун ҳам муҳим бўлган зарурат ҳисобланади. Сабаби, Тараққиёт стратегиясида белгиланган инсон манфаатлари ва жамият тараққиётини таминловчи мантиқий кетма-кетликдаги еттита йўналиш ва юзта мақсадни биринчи навбатда бугунги глобал ўзгаришларга юз тутган дунё ҳамжамиятидаги ислоҳотларга мос ва ҳамоҳанг тарзда амалга ошириш ҳаётий зарурат саналади.

Жумладан, Тараққиёт стратегиясида белгиланган Давлат бошқаруви органлари фаолиятини “фуқарога хизмат қилишга йўналтириш” тамойили асосида трансформация қилиш, мулкий ҳуқуқларнинг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда давлат органларининг мулкий муносабатларга ноқонуний аралашувини чеклаш, қонун устуворлиги ва конституциявий қонунийликни таъминлаш ва инсон қадрини ушбу жараённинг бош мезони сифатида белгилаш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилиш ва доимий даромад манбаларини шакллантириш каби бир қатор мақсадларни амалга ошириш айнан конституциявий ислоҳотлар натижаси билан бевосита боғлиқ саналади.

Боиси, сўнгги йилларда конституциявий ўзгаришлар амалга оширилган мамлакатларда қонун устуворлигини таъминлаш, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ижтимоий адолат тамойилларини ҳаётга татбиқ этиш борасида бир қатор ижобий натижаларга эришилган.

Шу сабаб, Конституциявий ислоҳотларда аввал амал қилган “давлат — жамият — инсон” тамойили янги “инсон — жамият — давлат” тамойилига ўзгартирилиб, конституциявий қонунчилик ва конституциявий амалиётда мустаҳкамланмоқда. Шу билан бирга, иқтисодий ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатларини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақомини ошириш, Конституцияда давлат ёшлар сиёсатини, ёшларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланишини, уларнинг ҳуқуқи ва манфаатлари акс эттириш каби йўналишларга устуворлик қаратилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, бугун амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар, аввало, аҳоли фаровонлиги ва мамлакат равнақини янада юксалтиришга, Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш орқали дунё ҳамжамиятидаги ўрнини янада юксалтиришга хизмат қилиши билан янада аҳмиятлидир.

Шу боис, ҳар биримиз Янги Ўзбекистоннинг Учинчи Ренессанси учун амалга ошириладиган ислоҳотларнинг ҳамда инсон манфаатларини кўзлаб қабул қилинувчи қарор ва қонунларимизни мустаҳкам ҳуқуқий замини бўлган Бош қомусимизнинг ҳар бир боби ва модалари бўйича ўз фикримизни билдиришимиз даркор. Зеро, халқ муаллифлигида ёзилган ҳужжатларгина, фақат ва фақат тараққиётга хизмат қилади.

 

Музаффара АБДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+