Ҳар бир фуқаро ўз “кичик ватан”ига эга бўлади

19.03.2021 11:03:54

Мамлакатимизда аҳоли сони, уларнинг даромади ўсиши билан уй-жойга эҳтиёж ҳам йилдан-йилга ошиб бормоқда. Бу борада ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож оилаларни ижтимоий ва молиявий қўллаб-қувватлаш, хусусий пудрат ташкилотларини уй-жой қурилиши соҳасига кенг жалб этиш бўйича шарт-шароитлар яратишга қаратилган ислоҳотларнинг кўлами ҳам кенгаймоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 21 октябрдаги қарорига кўра қишлоқларда, 2016 йил 22 ноябрдаги қарори билан эса шаҳарларда арзон уй-жойлар қуриш бўйича дастурлар қабул қилиниб, ўтган тўрт йилда 140 мингта уй-жой барпо этилиб, асосан кам таъминланган оилалар ўз уй-жойига эга бўлишди.

Жорий йилнинг 11 мартида Президентимиз томонидан имзоланган “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғ­рисида”ги фармонда ҳам айнан шу масалага, яъни мамлакатимизда уй-жой қурилиши, аҳолини арзон уй-жой билан таъминлашда ипотека бозорини ривожлантиришга эътибор қаратилган.

Фармонга кўра, 2021 йилда ҳам бу соҳага катта эътибор қаратилиб, янги тартиб доирасида қуриладиган кўп квартирали ва якка тартибдаги уй-жойлар учун 9 триллион сўмдан ортиқ ипотека кредитлари ажратиш мўлжалланмоқда.

Шу билан биргаликда, 2021 йилдан бошлаб Қорақалпоғис­тон Республикаси ва барча вилоятларнинг қишлоқ ҳудудларида, яъни шаҳарларга ва туман маъмурий марказларига туташ ҳудудларда ҳам кўп квартирали уй-жойлар қурилишига рухсат берилмоқда.

Жорий йилдан бошлаб уй-жойлар ҳисобланган қийматининг 85 фоизи ипотека кредити орқали тўланади. Шунингдек, паст даромадли, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларга қолган 15 фоизлик дастлабки бадалнинг ҳам 10 фоизи субсидия сифатида тўлаб берилади ва бунда уй-жойга муҳтож оила уй олиш учун дастлабки бадалнинг 5 фоизини тўлайди, холос. 

Бунда 2021 йил 1 апрелдан бошлаб кўп квартирали уй-жойларни қишлоқ жойларда 5 ва ундан юқори қаватли, шаҳарларда эса 9 ва ундан юқори қаватли, монолит темир-бетон ва йирик панелли конструкция­лар ҳамда бошқа қурилиш материаллари асосида, шунингдек, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ иккинчи даражадан паст бўлмаган иссиқлик ҳимояси билан таъминланган ҳолда массив шаклида қурилиши мўлжалланаётгани, биринчидан, уй-жойлар нархини арзонлаштиришга хизмат қилса, иккинчидан, фуқароларимизга, айниқса, кам таъминланган аҳоли қатлами учун арзон уй-жойларга эга бўлиш имкониятини яратади.

Шунингдек, эндиликда жисмоний шахсларга якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун ҳам кредит ажратиш тартиби белгиланиб, унга кўра, кредитлар ипотека кредитининг энг кўп миқдорларидан ошмайдиган ва дастлабки бадали якка тартибдаги уй-жойни қуриш (реконструкция қилиш) ишлари қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорида, 6 ойлик имтиёзли давр билан 20 йил (йигирманчи йилни ҳам қўшган ҳолда) муддатга ажратилиши белгиланмоқда.

Бу кредитлар қурилиш материалларини сотиб олиш ва якка тартибдаги уй-жойни қуриш (реконструкция қилиш) ишларини амалга ошириш бўйича харажатларни қоплашга берилади. Бунда қурилиш ишлари қонун ҳужжатларига мувофиқ, қарз олувчининг ўз кучи билан, хусусий пудрат ташкилотларини ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтган ёлланма ишчиларни жалб этган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

Даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож фуқароларга якка тартибдаги уй-жойларга ажратилган ипотека кредитлари бўйича дастлабки беш йил мобайнида фоиз ставкасининг 10 фоизлик пунктдан ошган қисмини қоплаш учун Давлат бюджетидан субсидиялар ажратилади.

Субсидиялар қурилган (реконструкция қилинган) якка тартибдаги уй-жойнинг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган ойдан кейинги ойдан бошлаб тўланади.

Бу борада берилаётган имтиёзларни ҳалол-пок қўллаш бўйича адолатли тизим яратиш, фуқароларимизнинг хабардорлигини ошириш мақсадида аҳолига фойдаланиш учун қулай шаклда ипотека бозори веб-портали ишга туширилади.

Уй-жойга муҳтож оила аъзолари ипотека бозори веб-порталидан ипотека кредитларини бериш ва субсидиялар тўлаш тартиби, уй-жойлар қурилишини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари, улар томонидан қурилаётган кўп квартирали уй-жойлар, улардаги квартиралар сони, майдони, қиймати ва жойлашуви, кредит олиш мумкин бўлган тижорат банклари ва улар томонидан бериладиган кредитларнинг шартлари тўғрисидаги маълумотларни бепул олиш ва уйларнинг бўлажак эгалари қурилиш сифатини назорат қилиш имконига ҳам эга бўлади.

Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож оилаларни ижтимоий ва молиявий қўллаб-қувватлашда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, аҳолига субвенцияларни тақдим қилишда адолатли ёндашиш, пудрат ташкилотлари томонидан қурилаётган уй-жойларнинг сифатини назорат қилиш борасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан жойларга чиқиб ўрганишлар ўтказилиши ва сайловчилар билан учрашувлар жараёнларида уларнинг яшаш шароити билан танишиш ва фикр-мулоҳазаларини ўрганиш ишлари тизимли ташкил этилиши ҳам мақсадга мувофиқ бўлади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжи йилдан-йилга ошиб бораётган айни дамда Президентимиз томонидан қабул қилинаётган бу каби фармонлар халқимиз фаровонлигини таъминлашга, ҳар бир фуқарога ўзининг “кичик ватан”­ига эга бўлишдек орзу ниятини амалга оширишга хизмат қилади.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+