Ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий тенгсизлик қисқаради

21.12.2022 14:12:07

Президентимизнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида дастлаб якунига етаётган ва бутун дунё ҳамжамияти учун оғир кечган йил сарҳисоби, глобал пандемия, унинг асоратлари сабабли юзага келган мураккаб вазиятда мамлакатимизда олиб борилган ишлар, эришилган натижалар, олдимизда турган устувор вазифалар белгилаб берилди.

 Жорий йилда мураккаб вазиятга қарамасдан мамлакатимизда олиб борилган ислоҳотлар натижасида ишлаб чиқариш суръати ўсиши таъминланиб, кўплаб йирик ва кичик ишлаб чиқариш объектлари янгидан ишга туширилди, ялпи ички маҳсулот ўсиши таъминланди.

 Эндиликда, ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий тенгсизликни қисқартириш, барча туман ва шаҳарларни бир маромда ривожлантириш бўйича янгича ёндашувлар жорий этилади. Яъни, келгуси йилдан бошлаб туман ва шаҳарлар мавжуд шароити, салоҳияти ва имкониятларидан келиб чиқиб, 5 та тоифага ажратилади.

 Хусусан, тадбиркорлик учун ҳар томонлама ривожланган 26 та туман – 1-тоифага, инфратузилмаси яхши бўлган 46 та туман – 2-тоифага, шароити нисбатан қониқарли бўлган 76 та туман – 3-тоифага, жозибадорлиги етарли бўлмаган 40 та туман – 4-тоифага, шароити оғир бўлган 20 та туман – 5-тоифага тўғри келади.

 Эътиборлиси, мазкур тоифаларга қараб, туманларнинг иқтисодий ривожланиши белгиланади. Тадбиркорлар учун ҳудуд шароитидан келиб чиққан ҳолда, табақалаштирилган солиқ ставкалари белгиланади. Мисол учун, бешинчи тоифага кирувчи, шароити энг оғир бўлган 20 та туман учун айланмадан олинадиган солиқ, фойда солиғи, ижтимоий солиқ ставкаларини 1 фоиз миқдорида белгиланади.

 Мазкур туманлардаги тадбиркорлар ер ва мол-мулк солиқлари бўйича ҳисобланган сумманинг атиги 1 фоизини тўлайди. Якка тадбиркорлар қатъий ставкадаги солиқларни тўлашдан озод этилади. Худди шундай, бошқа тоифадаги туманларда кредитларга пасайтирилган фоиз ставкаларини қўллаш, инфратузилма харажатларини давлат томонидан қоплаб бериш каби бир қатор енгилликлар берилади. Бу каби имкониятлар ҳудудлар иқтисодиётининг ривожланишига, тадбиркорлик субъектлари сони ошишига хизмат қилади.

 Шунингдек, келгуси йилда экспортга маҳсулот чиқарувчи корхоналар учун бугунги кунда энг долзарб бўлган тайёр маҳсулотлар сотиш, экспортга чиқариш юзасидан чет элларда савдо уйлари ва дўконлар очишга кенг имкониятлар яратилиши, божхона тартиб таомиллари 9 босқичдан 3 босқичгача туширилиши, экспорт ҳажмини 2023 йилда 23 млрд.долларга етказишга, мамлактимизнинг экспорт салоҳияти янада ортишига хизмат қилади.

 Бир сўз билан айтганда, Мурожаатномада илгари сурилган ташаббуслар, белгилаб берилган аниқ вазифалар эл-юртимиз тинчлиги, Ватанимиз равнақи ва халқимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.

    

Абдуғани УМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+