Инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолати

05.12.2022 22:12:42

Жорий йилнинг 5 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда дастлаб Ўзбекистон Республикаси Конститутциясининг 30 йиллиги давомида эришилган ютуқларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Қайд этилганидек, Асосий қонунимиз мамлакатимиз мустақиллигининг ҳуқуқий пойдевори, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатидир. У давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартиби, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек, суд тизимини ҳамда давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларини белгилаб беради.

Ўтган давр мобайнида Бош қомусимиз халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг ёрқин ифодаси сифатида демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш, аҳолининг эркин ва обод турмушини таъминлаш, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтириш ҳамда барча соҳаларда ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Йиғилишда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасида ҳам партия манфаатларига мос келувчи бир қатор янгиликлар ўз аксини топгани айтиб ўтилди.

Хусусан, одил судловга эришиш даражасини ошириш ва судьялар мустақиллигини таъминлашга қаратилган қоидалар киритилаётгани, ҳеч қайси бошқа орган ёки шахс суд ҳокимиятининг ваколатини ўзлаштира олмаслигини инобатга олиб, 106-моддада “одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилиши” конституциявий мустаҳкамланаётгани алоҳида эътироф этилди.

Шунингдек, суднинг қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши судьяни лавозимидан озод этиш учун асос бўлмаслиги белгиланяпти. Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида янги киритилган 115-1-модда билан судлар фаолиятини молиялаштириш фақат давлат бюджетидан амалга оширилиши кафолатланмоқда.

Йиғилишда шунингдек, “Камерал солиқ текшируви тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солик кодексига ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги конун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Фракция аъзолари қонун лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнида унинг ҳозирги кундаги аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди. Ушбу ҳужжат юзасидан асосли таклифларни билдиришди.

Қизғин бахс-мунозалардан сўнг қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+