Инсонпарварлик ва меҳр-оқибат рамзи

01.06.2022 16:06:00

Донорлик – шарафли ёрдам, мислсиз савоб, хайрли тадбир. Баъзида кимдир учун бир томчи қон яна бир янги ҳаётни англатади. Шунингдек, фавқулодда жароҳат олган инсонлар, айниқса, жажжи болажонлар кўп қон йўқотиши натижасида уларнинг ҳаёти қил устида бўлиб қолади. Бундай беморларни малакали мутахассислар жаҳон андозаларига мос тажрибалар асосида даволаш баробарида донорларнинг беминнат ёрдамларига ҳам таянадилар.

Мана шундай эзгу амалларни ўзига дастур ул-амал деб билган “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати мана 4 йилдирки “Бор меҳримиз сенга болажон!” шиори остида бутун республика бўйлаб беғараз донорлик акциясини ўтказиб келмоқда.

Партия ташаббуси билан ҳар йили анъанавий равишда 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни ва 3 декабр – Халқаро ногиронларни ҳимоя қилиш кунида ўтказиладиган ҳайрия акцияси тиббий-ижтимоий ёрдамга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, бемор болалар ҳаётини сақлаб қолиш, шунингдек, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини тарғиб қилишга қаратилган.

Ўтган давр мобайнида партия томонидан ташкил этилган донорлик акциялари доирасида Республика миқиёсидаги жами 6156 нафар донорлар иштирок этиб, 2 минг 154 литр, 600 юз гр қон йиғилди ва йиғилган қонлар 12 минг 312 нафар қонга муҳтож болажонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун ишлатилди.

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Республика қон қуйиш марказида ўтказилган донорлик акцияси давомида вазирлик ва идоралар, тижорат ташкилотлари, барча даражадаги депутатлар, фаоллар, партия тарафдорлари, кўплаб кўнгилли юртдошларимиз  бемор болалар хаётини сақлаш учун ўз ҳиссасини қўшиб, фаол иштирок этишди.

Шунингдек, AKFA group”, компанияси "Меҳр Карвони" акциясига ҳомийлик кўрсатиб, ушбу акция доирасида Республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий-амалий маркази ва унинг Тошкент шаҳар филиали ҳамда Республика Гематология илмий-амалий марказида даволанаётган болаларга партиянинг ҳамда AKFA group”,, «EVOS», “HYDROLIFE BOTTLERS” ва Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси каби ҳомийларнинг совғалари топширилди.

Меҳр-оқибатни азалий қадриятларимиз қаторида эъзозлаб келувчи,  хайр, эҳсон, савоб каби юксак тушунчаларни одамийликнинг энг  олий жиҳати деб билувчи  халқимизнинг  нечоғлик  савобталаб эканлигига бугунги акция иштирокчилари яна бир бор амин бўлдилар.

Тадбир якунида партия ташаббуси билан ташкил этилган акцияда кўнгилли равишда бемор болажонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун ўз қонини топширган фуқароларга партиянинг ташаккурномаси ва эсталик совғалари топширилди.

“Адолат”СДП

Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+