Ишсиз аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш жараёнлари янги босқичга олиб чиқилади

21.06.2022 10:06:07

Бугун барча соҳа ва тармоқларда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган мақсад — аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш билан бирга, улар учун муносиб бўлган яшаш шароитларини яратиб беришдир. Албатта, бу жараёнда кафолатланган меҳнатга эга бўлган иш ўринлари орқали аҳоли бандлигини таъминлаш долзарб саналади.

Бугунги замон талаби эса, юқори малакага эга бўлган кадрларни етиштириш бўлиб қолмоқда. Сабаби, юксак билим ва кўникмага эга бўлган кадрларгина, бугун ўз соҳа ривожини таъминлаши, мамлакатдаги ишлаб чиқариш ҳамда меҳнат бозорига замонавий тажрибаларни олиб кириш орқали рақобатга дош бериши мумкин.

Шу боис, сўнгги йилларда мамлакатимизда ишсиз аҳолини замон талаби ва эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда касб-ҳунарга тайёрлаш ва ўқитишга алоҳида эътибор бериб келинмоқда. Хусусан, жойларда ташкил этилган мономарказлар, касб-ҳунар мактаблари, коллеж ва техникумларда ҳудудлар эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда ўқишлар ташкил этилиб, аҳолимиз ўзлари қизиққан соҳанинг етук мутахассиси бўлиб етишмоқда.

Аммо, ўтказилган ўрганиш ва таҳлиллар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, бугун ташкил этилган 330 та касб-ҳунар мактаби, 173 та коллеж ва 207 та техникум кутилган натижа ва самара билан фаолият кўрсатмаяпти. Жумладан, улардаги имкониятнинг атиги 40-50 фоизидан фойдаланилмоқда. “Ишга марҳамат” мономарказлари бор-йўғи 10 фоиз ишсизларни қамраб олган. Бу ҳақда куни кеча давлатимиз раҳбари бошчилигида аҳолини касб-ҳунарга тайёрлаш ва мономарказлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтилди.

Бундай салбий ҳолат эса, эртамиз эгалари бўлган ёшларимиз тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир раҳбар ва масъулни ўйлантириши даркор. Боиси, биргина 2022 йилнинг ўзида жами 16 миллиард долларлик 9 мингдан зиёд йирик ва ўрта лойиҳалар амалга оширилмоқда. Уларга 300 мингга яқин малакали ишчилар керак бўлади. Шу билан бирга, бу йил 404 минг ёшлар ўрта таълимни, 151 минг нафари профессионал таълимни битириб, меҳнат бозорига кириб келади. Уларни тўғри йўналтириб, бандлигини таъминлаш – долзарб вазифа саналади.

Йиғилишда ушбу битирувчиларни касб-ҳунарга ўқитадиган марказларни замон талабларига мослаштириш борасида амала оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, аксарият коллеж ва техникумлардаги ўқув дастурлари замон талабига мос эмаслиги, 1 350 номдаги касбий дарслик ва адабиётлар етишмаслиги оқибатида, иш берувчилар ходимларни қайтадан ўқитишга мажбур бўлаётганлигидан келиб чиққан ҳолда қисқа вақт ичида хато ва камчиликларни бартараф этиш белгиланди.

Ёшларнинг касб-ҳунар ўрганишга бўлган талабини тўлақонли таъминлаш мақсадида ҳудудлардаги 45 та коллеж Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимига ўтказилиб, уларнинг ўрнида мономарказлар ташкил этилиши белгиланди. Шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги касб-ҳунар мактаблари ва техникумларни бошқариш ва методик таъминлашга масъул этиб белгиланди ва вазирликда ушбу ишларга жавобгар бўлган алоҳида вазир ўринбосари лавозими жорий этилди.

Ҳар бир вилоят, туман ва шаҳарда Касб-ҳунар таълими кенгашлари ташкил этиладиган бўлди. Кенгашлар таркибида ҳокимлар раҳбарлиги остида давлат идоралари, банк, ректорлар, Савдо-саноат палатаси ҳамда туман иқтисодиётидан келиб чиқиб, саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва сервис корхоналари раҳбарлари фаолият кўрсатади. Улар мутахассисларга бўлган эҳтиёж асосида, мономарказ ва коллежларда ўқитиладиган касбларни белгилайди, ёшларни ишлаб чиқариш корхоналарига бириктириб, амалиёт ўташини ташкил этади.

Албатта, етук кадрларни тайёрлаш жараёнда ушбу марказларни замонавий ўқув-қуроллари билан таъминлаш билан бирга, ёшларга таълим бериб, касб-ҳунар ўргатаётган педагогларнинг малакаси ҳам муҳим рол ўйнайди. Шу боис, йиғилишда фидоий ўз касбининг етук мутахассиси бўлган педагогларни муносиб рағбатлантириш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Жумладан, 2023 йил 1 январдан бошлаб, илмий даражаси бор техникум ўқитувчиларининг иш ҳақини олийгоҳлардагига педагоглар ойлигига, Касбий таълим муассасаларида ишлаётган ўқитувчи ва усталарнинг ойлигини мактаб ўқитувчиларининг маошига тенглаштирилиши белгиланди. Эришган натижасига қараб, фидойи ва ташаббускор мураббийларнинг ойлигига 50 фоизгача устама тўлаш жорий этилади. Келгуси йилда бунинг учун бюджетдан қўшимча 150 миллиард сўм ажратилади.

Техникумларга қабул бир йилда 2 марта ташкил этилиб, касбий таълим билан қамраб олиш даражаси 35 фоизга оширилади. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига янги ташкил этиладиган мономарказларда замонавий касблар ва хорижий тилларни ўқитиш, Туркия, Жанубий Корея, Германия, Ҳиндистон ва Япониядан мутахассислар жалб қилиш бўйича топшириқлар берилди.

Шунингдек, йиғилишда аҳолини касб-ҳунарга ўқитишда хусусий сектор улушини кўпайтириш учун ҳам бир қатор имтиёзлар белгиланди. Унга кўра, энди лицензия олиш учун талаблар енгиллаштирилиб, зарур маблағнинг минимал миқдори 2 бараварга камайтирилади. Бўш бинолар узоқ муддатга ижарага берилади. Хориждан келтириладиган қўлланма ва ускуналар божхона тўловларидан озод қилинади. Халқаро малака сертификатини олган ҳар бир битирувчи учун 1 миллион сўмдан тўланади. Эҳтиёжманд ёшлар тўлов-контракти маблағининг 30 фоизи қоплаб берилади.

Хулоса қилиб айтганда, белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ижро этилиши мамлакатимизнинг иқтисодий қудратини янада юксалтиришга, юқори малакага эга бўлган кадрларни етиштиришга хизмат қилади.

 

Мавлуда АТХАМЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+