Истеъмолчиларни чалғитадиган ҳаракатларнинг олди олинади

06.06.2022 19:06:50

2022 йил йил 6 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда дастлаб фракция аъзолалари “Пробация тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.

Таъкидланганидек, суд томонидан тайинланган ахлоқ тузатиш, озодликни чеклаш, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ва мажбурий жамоат ишлари жазоларини ижро этиш, шартли ҳукм қилинган ва жазони ўташ муддатидан илгари шартли озод қилинган шахсларнинг хулқ-атвори устидан назорат қилишни тартибга солувчи ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмаслиги ҳуқуқий бўшлиқ ва зиддиятли вазиятларни келтириб чиқармоқда.

Қонун лойиҳаси билан пробация тизимининг умумий қоидалари, пробация хизмати фаолиятини ташкил этиш тартиби, пробация назоратидаги шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати, пробациянинг пробация назорати тарзидаги шаклини қўллаш тартиби, пробация назоратидаги шахсларнинг хулқ-атворини баҳолаш мезонлари, пробациянинг ижтимоий мослаштириш тарзидаги шаклини қўллаш тартиби, пробация соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш билан боғлиқ масалалар тартибга солинмоқда.

Депутатлар таъкидлаганидек, мазкур қонун лойиҳасининг амалиётга кенг жорий этилиши инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, пробация назоратидаги шахсларда қонунга итоаткор хулқ-атворни ва жамиятда юриш-туриш қоидаларига ҳурмат муносабатини шакллантириш, уларни ижтимоий мослаштириш, янги жиноят содир этишининг олдини олиш бўйича таъсирчан, самарали тизим яратилишига эришилади.

Йиғилишда “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикасида маҳсулотлар ва хизматлар умумий хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги техник регламентларни ишлаб чиқиш, қабул қилиш, қўллаш, мувофиқлигини баҳолаш ва давлат томонидан назорат қилиш соҳаларидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Қонун лойиҳаси маҳсулот хавфсизлигини таъминлаш масалаларида истеъмолчилар ҳамда маҳсулотларнинг хавфсизлик талабларини белгилаш орқали фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, истеъмолчиларни чалғитадиган ҳаракатларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Фракция аъзолари томонидан қонун лойиҳаси юзасидан берилган саволларга атрофлича жавоблар берилди.

Йиғилишда муҳокама этилган қонун лойиҳалари бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиққан ҳолда, таклиф ва муносабатлар билдирилди ва кун тартибидаги масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+