Ижтимоий аҳволи оғир бўлган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиб бориш тизими йўлга қўйилади

06.06.2022 16:06:10

Бугун мамлакатда амалга оширилаётган барча ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад — аҳолининг турмуш фаровонлигини янада яхшилаш ҳамда улaрнинг даромадини ошириш орқали камбағалликни қисқартиришдир.

Шу боис, бугунги кунда иқтисодий ва ижтимоий омилларнинг аҳоли турмуш даражасига салбий таъсирини юмшатиш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва кўмакка муҳтож оилаларни моддий қўллаб-қувватлашга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, ўтган ҳафтада аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини, хусусан, кам таъминланган болали оилаларни аниқ йўналтирилган тарзда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг моддий фаровонлик даражасини ошириш, кекса авлод вакиллари манфаатларининг ҳимоя қилинишини таъминлаш, шунингдек, инсонпарварлик, меҳр-оқибат, саховат тадбирларини изчил давом эттириш мақсадида Президентнинг “Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини манзилли қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур ҳужжат билан ёшга доир, ногиронлик пенсияси ва нафақасини олувчиларга, болаликдан ногиронлик нафақасини ҳамда боқувчисини йўқотганлик пенсиясини ва нафақасини олувчи ҳар бир оила аъзосига ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парваришлаш нафақасини олувчиларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши белгилаб берилди.

Ушбу тизим орқал Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – 300 минг сўмдан, Тошкент шаҳрида – 400 минг сўмдан, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган сифатида моддий ёрдам олувчи оилаларга ҳамда кам таъминланган сифатида болалар нафақасини олувчи оилаларнинг ҳар бири 18 ёшга тўлмаган боласига – 200 минг сўмдан тўлаб берилмоқда.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимлари ва сектор раҳбарлари томонидан “Темир дафтар”га киритилган аммо мазкур қарорга асосан бир марталик моддий ёрдам пулларини олмаган эҳтиёжманд оилалар рўйхати шакллантирилиб, “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан ушбу оилаларнинг ҳар бир аъзосига 20 килограммдан бепул ун тарқатилади.

Бунда, 2022 йил давомида маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинларида эҳтиёжманд оилаларнинг аҳволини мунтазам равишда ўрганиб ушбу ижтимоий таъминотнинг мунтазамлигини таъминлайди.

Албатта, бу каби фуқароларимизни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг механизмлари такомиллаштириб борилиши, бунда ёрдамларнинг ўз эгаларига манзилли тартибда етиб боришининг йўлга қўйилганлиги фуқароларда бугунги ислоҳотларга нисбатан дахлдорлик ҳисси ортишига сабаб бўлмоқда.

Галдаги яна бир муҳим вазифа — жойларда аҳолининг ҳар бир қатлами билан мунтазам равишда учрашув ва мулоқотлар ўтказиш, бугун мамлакатимизда улранинг турмуш фаровонлигини янада юксалтириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлардан хабардаор қилишдир.

Аҳолимиз яратиб берилаётган имтиёз ва имкониятлардан тўлақонли хабардор бўлиб, ушбу имкониятлардан самарали ва тўғри фойдаланиш кўникмасига эга бўлсагина, кўзланган натижага эришиб камбағалликни қисқартириб мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий юксалишини таъминлай оламиз.

Мавлуда АТХАМЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+