Ижтимоий давлат – муҳим конституциявий тамойил

07.06.2022 09:06:16

Маълумки, Конституция ҳар бир мамлакатнинг суверенитети, миллий давлатчилиги ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлган, фуқароларнинг манфаатлари, жамиятдаги ўрни ва турмуш тарзини белгилаб берадиган стратегик ҳужжат ҳисобланади.
Дунё мамлакатлари тажрибасидан маълумки, Конституция давр билан ҳамнафас ва уйғун равишда доимий такомиллашиб борадиган ҳужжатдир. Бош қомусга эга бўлган дунёнинг деярли барча мамлакатларида Конституциялар турли тузатиш, тўлдириш ва ўзгартишларга дучор бўлган.
Сўнгги 30 йил ичида дунёнинг 100 га яқин мамлакатида конституциявий ислоҳотлар ўтказилди, жумладан, 50 дан ортиқ давлатда янги конституция қабул қилинди. Масалан, конституциявий ривожланиш борасида катта йўлни босиб ўтган Франция тарихига назар ташласак, бу ерда 1789 йил, яъни Буюк Француз инқилобидан то шу пайтга қадар 20 мартадан зиёд Конституциялар қабул қилинганини кўрамиз. Ушбу мамлакатда энг сўнгги Бош қонун 1958 йилда қабул қилинган бўлиб, унга ҳам ўтган салкам 65 йил мобайнида тадрижий равишда кўплаб ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.
Конституциямизга киритиш таклиф этилаётган ўзгартишлардан бири “ижтимоий давлат” принципини конституциявий норма сифатида мустаҳкамлаш масаласидир.
Ижтимоий давлат – бу давлатнинг шундай моделики, унда ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш сифати ва даражасига эришиш, жамиятдаги ижтимоий тафовутларни юмшатиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига ёрдам беришга қаратилган сиёсат юритилади.
Ижтимоий давлат – бу бозор иқтисодиёти шароитида ўз фуқароларига муайян даражада фаровонликни кафолатлайдиган давлатдир. Бундай давлатда жамиятнинг ҳар бир эҳтиёжманд аъзосини ҳеч қандай истисносиз ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тизими қарор топади, давлат фуқаролар фаровонлигининг муайян даражаси учун масъулиятни ўз зиммасига олади.
Бу борада хориж тажрибасига мурожаат қилсак, халқаро сиёсий ва ҳуқуқий тизимларда ижтимоий давлат икки хил, яъни билвосита ва бевосита кўринишда ўз ифодасини топганини кўрамиз мумкин. Билвосита кўринишда “фаровонликни таъминловчи давлат” ёки “умумфаровонлик ва хуррамликни таъминловчи давлат” каби тушунчалар орқали ижтимоий давлат тамойили Буюк Британия Конституциявий актларида, Италия Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган. Бевосита кўринишда эса “ижтимоий давлат” тушунчаси 1949 йилги Германия Федератив Республикаси Конституциясининг 20-моддасида ўз ифодасини топган. Унга кўра, Германия “демократик ва ижтимоий федерал давлат” деб эълон қилинган. Шунингдек, Франциянинг 1958 йилги Конституциясида “бўлинмас, дунёвий, ижтимоий, демократик республика”, Испаниянинг 1978 йилги Конституциясида эса “ҳуқуқий, демократик, ижтимоий давлат” тамойили ўз ифодасини топган.
Шу боис, “ижтимоий давлат” тамойилини янгиланадиган Бош қомусимизда муҳрлаб қўйиш ҳақидаги таклиф мантиқан тўғри ғоя бўлиб, у бир томондан, жаҳондаги илғор мамлакатларининг конституциявий тажрибаларига, иккинчи томондан эса, ҳозирги кунда давлатимиз юритаётган ижтимоий йўналтирилган, халқчил ва инсонпарвар сиёсатга тўлиқ мос келади.

 

Қодир Джураев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+