Ижтимоий суғурта жамғармаси ташкил этилади

04.08.2022 09:08:19

Сўнгги олти йилда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, ижтимоий ҳимоя соҳасига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар миқдорини ошириш ва қўшимча ресурсларни жалб қилиш, ижтимоий ҳимоя дастурлари қамровини кенгайтириш ва оилаларни оғир ҳаётий ҳолатлардан олиб чиқишга қаратилган қўшимча механизмларни жорий этиш йўналишларида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари билан манзилли ишлаш мақсадида дастлаб «Темир дафтар», «Аёллар» ва «Ёшлар» дафтарлари жорий этилган бўлса, кейинчалик кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш мақсадида «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими жорий қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2021−2030 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойиши орқали 2030 йилда давлат бюджетининг ижтимоий ҳимояга йўналтирилган харажатлари ЯИМга нисбатан 1,5 фоизга етказиш мақсад қилинди.

Умуман олганда амалга оширилган ижобий ўзгаришлар натижасида кам таъминланган нафақа олувчи оилалар сони охирги уч йилда тўрт баробарга ошиб, 1,9 миллионга етди.

Шу билан бирга, кам таъминланган оилалардаги болаларни парваришлаш учун тўланадиган нафақа қамрови кенгайиб, нафақа тайинлашда инобатга олинадиган болалар ёши 14 ёшдан 18 ёшгача оширилди, мазкур тўлов муддати эса 6 ойдан 12 ойгача ҳамда нафақа миқдори ўртача 1,5 баробарга оширилди.

Ишсизлик нафақаларининг энг кам миқдорлари эса 3,2 бараварга оширилиб, аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган 20 дан ортиқ янги инструментлар жорий этилди. Натижада бутун дунё учун синовли бўлган пандемия шароитида ҳам Ўзбекистонда аҳолини манзилли қўллаб-қувватлаш, пандемиянинг аҳоли турмуш даражаси ҳамда иқтисодиётнинг энг муҳим тармоқларига бўлган таъсирини юмшатиш имконини берди.

Ушбу кўрилган чора-тадбирлар жорий йилнинг апрель ойида Ўзбекистонга амалга оширилган ташриф якунлари бўйича Халқаро валюта жамғармасининг ҳисоботида ҳам эътироф этилиб, ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар сабаб Ўзбекистоннинг пандемияга нисбатан яхши бардош берганлиги айтиб ўтилди.

Шу боис ўтган ҳафта Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони билан Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилишнинг бир қатор устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Жумладан, эндиликда ижтимоий ёрдамга муҳтож ва ижтимоий нафақа тайинлаш мезонларига жавоб берадиган барча оилалар ва шахслар ижтимоий ёрдам дастурлари билан қамраб олинади. Бу жараёнда эса, ижтимоий ҳимоя турларидан фойдаланиш имкониятини соҳани рақамлаштириш ҳисобига кенгайтирилиши инсон омили аралашувининг олди олиниб, ҳар бир кўрсатиладиган ёрдам манзилли етиб боришини таъминлашга хизмат қилади.

Шунингдек, фармон билан ногиронликни белгилашнинг ижтимоий моделига босқичма-босқич ўтиш ҳамда имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлашга ҳам алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Шу вақтгача асосий эътибор имконияти чекланган шахсларга турли хилдаги моддий ва маънавий ёрдамларни кўрсатиб келишга қаратилган бўлса, эндиликда уларга ҳам ўз имконияти ва қобилиятидан фойдаланишлари, жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлишига ёрдам бериш тизими жорий этилади. Энг муҳими, барча ижтимоий хизматларни аҳолига бевосита маҳалла даражасида кўрсатиш амалиёти йўлга қўйилади.

Шу билан бирга, Молия вазирлиги таркибида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ижтимоий суғурта жамғармаси ташкил этилиб, 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат ижтимоий суғуртаси бўйича минимал истеъмол харажатларидан келиб чиқиб ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тўлаш амалиёти йўлга қўйилади. Бунда ходимнинг иш стажида 1 ойгача бўлган танаффуслар мавжуд бўлса, ушбу танаффуслардан олдинги ва кейинги ойлар кетма-кет иш стажини ҳисоблашда қўлланилади.

2022 йил 1 сентябрдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бош бошқармалари ҳузурида, Ижтимоий суғурта жамғармаси маблағларини бошқариш ва Ижтимоий суғурта нафақалари тўловларини мониторинг қилиш бўлимлари ташкил этилади.

Хулоса қилиб айтганда, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегияси бугун дунёга инсон қадрини улуғлаш, инсон манфаатлари тараққиётнинг энг олий мезони сифатида илгари сураётган Ватанимизда келгусида ҳам аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган чора-тадбирлар изчиллигини таъминлаш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш имконини бериши шубҳасиздир.

Музафара Абдиева,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+