Конституциявий-ҳуқуқий макон яратилади

01.07.2022 17:07:14

Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида белгиланган кенг кўламли вазифалар, халқпарвар давлатни барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада самарали таъминлаш каби мақсадлар мамлакатимиздаги туб ислоҳотларга мос янги конституциявий-ҳуқуқий маконни яратиш заруратини юзага келтирмоқда.

Ўтган давр мобайнида жамиятимизнинг сиёсий, иқтисодий-ижтимоий ва маданий ҳаётида туб ўзгаришлар бўлди. Бу эса Бош қомусимизда “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойилларини мустаҳкамлаш, турли ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатлари бош мезон бўлишини таъминлаш, хусусий мулк дахлсизлигини, ерга эгалик қилиш ҳуқуқини, фуқаролик жамияти инс­титутларининг ўрнини конституциявий даражага кўтариш, давлат ҳокимияти асосларини такомиллаштириш долзарблигини кўрсатмоқда.   

Конституциявий комиссия томонидан аҳоли фикр ва таклифларини қабул қилиш ишлари тизимли йўлга қўйилди. Натижада, юртимизда олиб борилаётган конституциявий ислоҳотларда нафақат олимлар, ҳуқуқшунослар, мутахассислар, балки фуқароларнинг ўзи ҳам бевосита иштирок этди.

Билдирилган таклифларнинг таҳлили халқимизнинг мамлакатда бўлаётган кенг кўламли ўзгаришларга бефарқ эмаслигини, фуқаролар ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлишга интилаётганлигини кўрсатмоқда.

Таъкидлаш жоизки, конституциявий қонун лойиҳаси Конституциямизнинг 60 дан ортиқ тузатиш­ларини назарда тутмокда. Конс­титуцияга ўзгартишлар "инсон – жамият – давлат" принципига асосланган бўлиб, миллий конс­титуциявий ўзликни акс эттиради ва амалдаги Конституциямизнинг барча бўлимларига туб ўзгартиш­лар киритишни назарда тутади.Таъкидлаш лозимки, конституция­вий тузатишлар, авваламбор, жамиятнинг турли ижтимоий қатламларига мансуб бўлган фуқароларнинг шахсий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий ва экологик ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини таъминлашга, ҳимоя қилишга қаратилган тўғридан-тўғри ишлайдиган нормаларга айланади. Эътибор берайлик, Ўзбекис­тон ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий демократик давлат эканлиги белгилаб қўйилмоқда. «Инсон ҳамда фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади» эканлиги белгиланмоқда. Киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар аввало “Инсон қад­ри учун” деган тамойилни рўёбга чиқаришга қаратилган.

Фуқароларнинг меҳнат, ижтимоий ва экологик ҳуқуқларини, шу жумладан, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари ҳуқуқларини конституциявий жиҳатдан кафолатлашни кучайтиради. 

Хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан турли чекловлар ўрнатиш, шунингдек, уларнинг объектлар ва хизматлардан фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратишдан бўйин товлаш тақиқланмоқда, давлат аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларининг ҳаёти сифатини оширишга, уларга жамият ҳаётида бошқа фуқаролар билан тенг равишда иштирок этиши учун шароитлар яратишга ҳамда ўзининг ҳаётий эҳтиёжларини мус­тақил равишда таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирларни кўриши шартлиги белгиланмокда.

Бир сўз билан айтганда, янгиланаётган Конституцияга киритилаётган халқчил ва ҳаётий таклифлар инсон қадр-қимматини улуғлаш, аҳолининг турмуш шароитини яхшилашга хизмат қилади ҳамда Янги Ўзбекистонимиз халқимиз кутаётган даражада барпо этилишига хизмат қиладиган конституциявий-ҳуқуқий макон яратилади. 

Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ, 

 Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+