Конституциявий қонун лойиҳасидаги нормалар якдиллик билан қўллаб-қувватланмоқда

01.07.2022 11:07:39

Элликқалъа тумани ҳокимлигида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Зуҳра Ибрагимова иштирокида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси мазмун-моҳиятига бағишланган тадбир ўтказилди.

Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва туман Кенгаши депутатлари, туман ҳокими ўринбосарлари, маҳалла раислари ва масъуллар иштирок этди.

Тадбирда З. Ибрагимова Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича маъруза қилди ва тушунтиришлар берди.

Қайд этилганидек, қонун лойиҳаси “инсон – жамият – давлат”, “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган тамойилларни конституциявий қоида сифатида муҳрлашга, халқпарвар давлат барпо этишга, инсон ҳуқуқларининг ҳимояси ва ижтимоий муҳофазасини кучайтиришга, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлашга қаратилган.

Шу билан бирга, қонун лойиҳаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини такомиллаштириш, жумладан, парламент ваколатларини кенгайтириш, Президентлик институтини такомиллаштириш, жойлардаги вакиллик ва ижро ҳокимияти органларини ажратиш янада мустаҳкамлаш масалаларини ҳам ўз ичига олган.

Конституциявий қонун лойиҳаси билан ҳокимлар бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашларига ҳам раҳбарлик қилиши ҳақидаги норма чиқариб ташланмоқда, халқ депутатлари Кенгашининг ва ҳокимларнинг ваколатлари алоҳида мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Бундан ташқари, парламентга коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги ҳар йилги миллий маърузани муҳокама қилиш ваколати берилмоқда.

Тадбир иштирокчилари ушлаб туришга, ҳибсга олишга ва ҳибсда сақлашга ёки эркинликни бошқача тарзда чеклашга фақат суднинг қарорига биноан йўл қўйилиши, шахснинг судлаганлиги унинг қариндошлари учун ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас ва уларнинг ҳуқуқларини чекловчи ҳуқуқий оқибатларга йўл қўйилмаслиги конституциявий қонун лойиҳаси билан мустаҳкамланаётганини эътироф этдилар.

Самимий руҳда ўтган мулоқотда иштирокчилар қонун лойиҳаси юзасидан ўз таклифларини билдирди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+