Мактаблардаги маънавий муҳит: ўқитувчилар янги методика асосида қайта тайёрланади

11.04.2022 15:04:14

Мамлакатимиз тараққиётини таъминлашга қаратилган ҳар бир соҳадаги ислоҳотни амалга оширувчи ягона куч, бу — эртанги кунга бўлган ишончи юқори, шижоати баланд ёшлардир. 

Шу боис таълим тарбияда асосий бўғин бўлган мактаблардаги сифатни янада ошириш, ўқувчиларга қулай билим олиш имкониятини яратиш устувор вазифа. 

Ўтган икки ойда мутасаддилар вилоят, туман-шаҳар ва қишлоқларга чиқиб, жойларда мактаб таълими соҳасида учраётган муаммоларни ўрганди. 

Яқинда давлатимиз раҳбари бошчилигида ушбу ўрганишлар ҳамда халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаси таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Ўрганишлар жараёнида мамлакатимиздаги мавжуд 10 мингдан ортиқ мактаблардан 852 тасида таълим сифати, муаллимлар салоҳияти ва ўқувчиларнинг олийгоҳларга кириш даражаси анча пастлиги, 1 минг 526 та мактабда болалар тарбияси, давомат, маънавий муҳит бўйича «қизил» тоифага киритилганлиги айтиб ўтилди. Бунга асосий сабаб эса мактабларда ўқитиш методикасининг эскиргани, компьютер билан таъминлаш бўйича маблағлар ажратилган бўлсада, айрим ҳудудларда бу борадаги ишлар суст олиб борилаётгани ҳамда кўплаб мактаб филиалларининг аҳволи мутлақо талабга жавоб бермаслиги танқид қилинди.

Шу боис давлатимиз раҳбари юқоридаги муаммоларни бартараф этиш ҳамда мактабларда таълим сифатини оширишга қаратилган бир қатор устувор вазифаларни белгилаб берди. Жумладан, энг аввало, мактаб ўқитувчиларини янги методика асосида қайта тайёрлаш бўйича умуммиллий лойиҳа бошланиши, тизим доирасида келгуси 3-4 йилда мактаблардаги барча синф ўқитувчилари янги методика асосида ўқитилиши маълум қилинди.

 

МЕТОДИКАЛАРГА ЎРГАТИШ МИЛЛИЙ ТАЪЛИМ МАРКАЗЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ

1 июнга қадар юртимиз ҳудудларидаги Малака ошириш марказлари негизида Педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий таълим марказлари ташкил этилади. 

Ушбу марказларга математика, физика, кимё, биология, IT каби аниқ ва табиий фанлар бўйича хориждан энг малакали мутахассислар жалб қилинади. Хорижий мутахассислар ёрдамида олийгоҳ, миллий таълим марказлари ва мобил гуруҳларнинг муаллимларидан иборат ҳар бир вилоят кесимида «тренерлар гуруҳлари» шакллантирилиб, мазкур тренерлар жойларда мактаб ўқитувчиларининг бевосита малакасини ошириб боради. Уларнинг ойлик иш ҳақига 100 фоизгача устамалар тўланади. Ушбу янги тизимларни жорий қилиш учун 100 миллион доллар қўшимча маблағ йўналтирилади.

Шунингдек, йиғилишда ўқитувчиларнинг ўз устида ишлашини рағбатлантириш орқали таълим сифатини кескин оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бунда ўтган йили халқаро сертификат олган чет тили ўқитувчиларини рағбатлантириш тизими жорий қилингани натижасида Навоий, Наманган ва Сурхондарёда малакали ўқитувчилар сезиларли даражада ошганлиги таъкидланиб, мутасаддиларга бу тажрибани янги ўқув йилидан бошлаб математика, кимё, физика, биология ва ахборот технологиялари фанларига ҳам жорий этиш топширилди.

Албатта, мактаблардаги таълим тизимини халқаро талаблар даражасидаги янги методика асосида ташкил этиши қисқа вақт ичида ўзининг самарасини кўрсатиб, ёшларимиз фан ва таълим соҳасида янада кўпроқ ютуқларга эришиши шубҳасиз. 

Шунингдек, таълим сифатини ошириш билан биргаликда ўқитувчиларнинг муносиб рағбатлантириб борилиши эса уларни ўз касбига бўлган муҳаббати ошишига, ўз устида янада кўпроқ ишлашига ундовчи мотивация бўлиши шубҳасиз. 

Аммо, «танганинг иккинчи томони» ҳам борки, бу мактаблардаги маънавий муҳит ва уни бугунги кун талабларига қанчалик жавоб бериши билан боғлиқ ҳолатдир. Абдулла Авлонийнинг «Тарбия биз учун ё ҳаёт ё мамот ё нажот ё ҳалокат, ё саодат ё фалокат масаласидир» дея таъкидлаган фикрлари биз учун устувор вазифа бўлиб хизмат қилмоқда.

Шу боис видеоселектор йиғилишида мактаб ўқувчиларининг маънавий баркамоллигини юксалтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бунда энг аввало, ўқувчиларда Ватанга муҳаббат, оила, ота-она ва устозларга ҳурмат ҳиссини уйғотиш ҳамда замонамиз қаҳрамонларининг босиб ўтган йўлларини кенг тарғиб қилиш таъкидланди.

Мактаблардаги маънавиятчиларга қўйилган талабларни қайта кўриб чиқиб, бу лавозимни маҳалла ва жамоада обрўси бор кадрлар билан тўлдириш кераклиги, мактабларда илм ва санъат вакиллари, зиёли ва нуронийлар, илғор тадбиркорлар, кластер ва саноат корхоналари раҳбарлари билан доимий учрашувларни ташкил қилиш муҳимлиги таъкидланди.

Шунингдек, ушбу ислоҳотларни амалга оширувчи мактаб жамоаси раҳбари ҳисобланган мактаб директорларига нисбатан ҳам талабни кескин кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Халқ таълими вазирлигига 1 сентябрдан бошлаб мактаб директорларини сертификатлаш тизимини жорий этиш топширилди. Бундан буён директорликка номзодлар ушбу тизим орқали танланиши маълум қилинди.

Хулоса қилиб айтганда, мактаб таълимида бошланган бугунги ислоҳот ва ўзгаришлар олий таълим ва ундан кейинги босқичларга ҳам ўзининг ижобий натижасини кўрсатиш орқали, мамлакатимиз келажагига дахлдор кадрларни етиштириб, кўзланган барча мақсад ва вазифаларга ўз вақтида эришиш имконини беради.

Олтиной МАМИРОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+