Масъул шахсларнинг беэътибориги, номигагина амалга оширилган ишлар: камчиликлар бартараф этилади...

11.04.2022 14:04:50

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган «Яшил макон» умуммиллий дастури доирасида ҳудудларимизда янги қиёфа намоён бўлмоқда.

Бундай ўзгаришлар авваламбор фуқароларимизда илиқлик уйғотиб, ташаббус атрофида жипслашмоқда.

Аммо, «Яшил макон» умуммиллий дастурида бу йил баҳор фаслининг ўзида 125 миллион туп кўчат экиш режа қилинган бўлишига қарамасдан, айрим ҳудудларда масъул шахсларнинг беэътибориги сабаб ишлар номигагина амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари бошчилигида ушбу камчиликларни қисқа муддатда бартараф этиш юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда жойларда ҳақиқатда экилмаган жами 5 миллион туп кўчатлар ҳисоботда қўшиб ёзилгани, мутасаддиларга апрель ойида барча қолоқликлар ва камчиликларни тўлиқ бартараф этиш вазифаси юклатилди.

Бунинг учун апрель ойи якунига қадар вилоят ҳокимлари тегишли идоралар билан бирга, туманлардаги йирик маҳаллаларга 20-30 минг, ўрта маҳаллаларга 10-15 минг, кичикларига 3-5 минг терак қаламчалари, шаҳарларнинг ҳар бир маҳалласига 3-5 минг терак қаламчалари экилишини таъминлаши ҳамда автомобиль йўллари бўйида камида 5 миллион туп терак кўчатлари ва қаламчалари экишни ташкил қилиши вазифаси юклатилди.

Ушбу ишларни амалга оширишда эса кўчатларнинг инсон саломатлигига бўлган аллергик таъсирини йўқотиш, мевали дарахтларни манзарали ҳолатда парвариш қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, Инновацион ривожланиш ва Қишлоқ хўжалиги вазирликларига теракнинг аллергия чақирмайдиган навларини экиш бўйича ҳудудларга илмий асосланган тавсиялар бериш, Тошкент шаҳри тажрибаси асосида 5 ёшдан кам бўлмаган мевали ва манзарали дарахтларни тартибли бир текисда ўстириш таъкидланди.

Албатта, бу рақамларда келтириб ўтилган кўчатларнинг эзгу мақсад йўлида экилиши кишиларни қувонтиради. Аммо, галдаги вазифа ушбу кўчатларни нобуд қилмасдан парваришлаш масаласидир. Айниқса бугунги иқлим ўзгариши ва сув танқислиги кузатилаётган ҳозирги замонда кўчатлар парваришига алоҳида эътибор билан ёндашиш талаб этилади.

Шу боисдан йиғилишда, «Яшил макон» дастури доирасида 2022 йилнинг ўзида 700 километрдан зиёд янги суғориш тизими қуриб битказилиши, 260 та қудуқлар ўрнатилиши маълум қилинди.

Шунингдек, йиғилишда инсон қадрини улуғлаш ва халқ розилигини таъминлашда муҳим бўлган ички йўллар ҳолатини яхшилаш, давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштириш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Жумладан, февраль ва март ойларида ўтказилган «Ташаббусли бюджет» портали орқали аҳолидан тушган 20 мингта ёки жами таклифларнинг 25 фоизи ҳам айнан ички йўлларни яхшилаш билан боғлиқлиги эканлиги таъкидланиб, ғолиб деб топилган 2 215 та лойиҳага қўшимча, ҳар бири 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб деб топилмаган 139 та лойиҳани амалга ошириш учун қўшимча равишда республика бюджетидан 85,4 млрд. сўм маблағ ажратилиши белгиланди.

Шунингдек, аҳолига давлат хизматларидан фойдаланишда қулайлик яратиш мақсадида 1 июлдан бошлаб, 38 турдаги давлат хизматлари учун электрон имзо билан тасдиқлаш талаби бекор қилиниб, мобил телефон орқали амалга оширилиши маълум қилинди.

Шу билан бирга, 6 турдаги лицензия олиш учун талаблар бекор қилиниши, аҳоли ва тадбиркорлар учун 8 дан ортиқ давлат хизмати бўйича электрон хабардор қилиш тизими жорий этилиб, аҳоли ва тадбиркорлардан коммунал ташкилотларнинг 32 турдаги ҳужжат ва маълумотномаларини талаб қилиш бекор қилиниши таъкидланди. 

Йиғилишда, ҳар йили ёшларимизни олий таълим муассасасига ўқишга ҳужжат топшириш жараёнида кўтариладиган тўлов масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, эҳтиёжманд оилалар фарзандлари олийгоҳларга киришда тест синовларида иштирок этиш тўловларидан озод этилиши маълум қилинди.

Умуман олганда, йиғилишда белгилаб берилган вазифаларни ҳаётга татбиқ этилиши, авваламбор аҳолимизга кундалик турмуш тарзида янада кўпроқ қулайлик яратиш имконини, шу билан бирга, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси яхшиланиб, мамлакатимизда яшил ҳудудлар кенгайишини таъминлашда муҳим босқич бўлиб хизмат қилади.

 

Музафара АБДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+