Миллий, минтақавий ва халқаро масалаларнинг ечимини топишда парламентларнинг ўрни ошади

19.12.2022 09:12:47

БМТ Бош ассамблеяси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг навбатдаги муҳим ташаббусини қўллаб-қувватлади. 14 декабрь куни Бош Ассамблеянинг навбатдаги сессиясида ташкилотга аъзо барча мамлакатлар БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги махсус резолюциясини бир овоздан маъқуллади.

Резолюцияда COVID-19 пандемиясидан кейинги даврда ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмасликни таъминлаган ҳолда кенг кўламли, барқарор ва изчил тикланишни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳамжиҳатлик, бирдамлик ва ҳар томонлама ҳамкорликка содиқликни мустаҳкамлашда парламентларнинг муҳим ўрни қайд этилади.

Кўп фикрлиликка асосланган парламент ёрдамида мамлакатда сиёсий барқарорликни сақлаб қолиш – жамиятда иқтисодий тараққиёт суръатига, даромадларнинг адолатли тақсимланишига, сиёсий имкониятлар захираси тугамаслигига ва сиёсий партиялар ишининг самарадорлигига яхши таъсир кўрсатади. Дунё бўйича қарама-қаршиликлар ва можаролар кузатилаётган бугунги шароитда мамлакатларда очиқ ва конструктив таклифларни илгари сурадиган, халқларнинг ижтимоий-иқтисодий турмушини яхшилашга қаратилган қонунчиликни мустаҳкамлайдиган кучли парламентга бўлган зарурат ошиб бормоқда.

Қолаверса, иқлим ўзгариши, сув ва табиий ресурсларнинг етишмаслиги, пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги инқирози каби глобал муаммоларнинг қонуний ва ташкилий ечимлари парламентлар зиммасидаги масъулиятни янада оширади.

Ўзбекистон барқарор ривожланиш мақсадлари соҳасида БМТ билан яқин ҳамкорлик қилиб келмоқда. БМТнинг 2030 йилгача кун тартибида бўлган масалаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати томонидан 2030 йилгача даврни қамраб олган барқарор тараққиёт соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар қабул қилинди, 17 та миллий мақсад, 125 та вазифа тасдиқланди. Миллий мақсад ва вазифаларнинг имплементацияси бўйича “Йўл харитаси” қабул қилинди, Парламент комиссияси ва ҳукумат ҳузурида Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилди. Илк бор Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш бўйича Ихтиёрий миллий обзор тақдим этилди.

Президентимиз томонидан қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси ва Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари ижросининг беш йиллик “йўл хариталари” ҳисобланади. Халқаро минбардан туриб, ташаббус илгари суришдан олдин мамлакат миқёсида ҳам бу борадаги ишлар фаол амалга оширилмоқда. Хусусан, 2021 йилнинг июнида Бухоро шаҳрида Парламентлараро Иттифоқ билан ҳамкорликда “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда глобал парламентлараро ҳамкорлик” халқаро форуми ўтказилиб, унда ўзаро ишонч, адолат ва ҳамжиҳатликка қаратилган парламентлараро ҳамкорликни ривожлантиришнинг янгича шакл ва услублари кенг доирада муҳокама қилинган эди.

Энг муҳими, Резолюцияда 2030 йилга қадар кун тартибини тўлиқ ва муваффақиятли амалга оширишда ёшларнинг ҳиссаси ва аҳамияти эътироф этилди ва шу сабабли парламентларга Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида ёшларнинг парламент жараёнларида тўлиқ, тенг ва мазмунли иштирок этишини таъминлаш йўлларини излаш тавсия қилинган.

Бир сўз билан айтганда, белгиланган мақсад-вазифалардан келиб чиқиб, биз, парламент вакиллари Барқарор ривожланиш мақсадларига мувозанатли ва яхлит тарзда эришишни назарда тутувчи қонунчиликни мустаҳкамлаш ҳамда БМТ тавсияларининг бажарилиши устидан парламент назорати механизмидан унумли фойдаланиб, кўзланган мақсадларга эришамиз.

  

 

Зуҳра ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,

“Адолат” СДП фракцияси раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+