Мурожаатномада илгари сурилган йўналишларни амалга оширишда қонун ижодкорлиги муҳимдир

20.12.2022 18:12:32

Давлатимиз раҳбарининг Олий мажлисга ва халқимизга Мурожаатномаси диққат ва ҳаяжон билан кузатиб борилди.
Мурожаатномада биз ҳар куни эшитаётган, халқнинг дилидаги ва тилидаги гаплар янгради, десам хато бўлмас.
Президентимиз томонидан шу кунгача эришган ютуқларимиз, ижобий кўрсаткичларимизнинг эътироф этилиши эртанги кунга, тараққиётга ишонч уйғотди. Шунинг баробарида ҳали олдимизда турган кўплаб вазифалар, энг асосий устувор йўналишлар баён қилинди, келгуси йил учун баланд марралар қўйиб олинди.
Ушбу вазифалар соҳа ходимлари билан биргаликда, депутатларнинг ҳамкорлигида, халқимизнинг ҳамжиҳатлигида амалга оширилиши зарурдир.
Келаётган йилни "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили" деб номлаш таклиф этилишида ҳам улкан маъно мужассамдир.
Дарҳақиқат, муаллим обрўси ва унинг эркин меҳнат қилиши учун яратиладиган шароит масаласини ҳаёт бугун кун тартибига чиқарган эди. "Адолат" СДП сайловолди дастурида ҳам биз муаллим обрўси, мақомини ошириш учун курашишни мақсад қилганимизни айтгандик. Президент томонидан муаллим обрўсини жойига қўйиш ва бунинг таълим сифатига кескин таъсири ҳақида гапирилганда барча мурожаатни тингловчилар буни дилдан ҳис этдилар.
Шахсан ўзим иш фаолиятини мактаб ўқитувчисиликдан бошлаган, кейин олий таълимда давом эттирган ўқитувчи сифатида соҳанинг барча оғриқларини ҳис этаман.
Айнан шу муаллим обрўсини жойига қўйиш масаласида Президентимизнинг депутат ва сенаторларни фаол бўлишга чақиришлари мақсадларимизни амалга оширишга куч берди. Жамиятимиздаги иллатларнинг очиқ айтилиши, касални яширмай, уни даволашга ҳаракат қилиш энг яхши хусусиятдир. Мурожаатномада олий таълимга ўқишга киришда коррупция йўқолгани билан таълим жараёнида бу иллатнинг сақланиб қолаётгани афсус билан қайд этилди.
Сайловчиларимизнирг кўпчилигини ёшлар ташкил этади. Ана шу ёшларнинг аксарияти талабалардир. Улардан бу масалада шикоятлар ҳам келиб тушган, имкон қадар улар билан курашиб келмоқдамиз. Мурожаатномада ҳам айнан шу иллатни бартараф этишда депутат ва сенаторларнинг фаоллиги муҳим эканлиги таъкидланди.
Олий мажлисга мурожаатномада ҳаётимизнинг, жамиятимизнинг ривожланиши учун муҳим бўлган соҳалар учун ислоҳотлар йўналишлари белгилаб берилди. Иқтисодий, ижтимоий, экологик ва бошқа кўплаб соҳалар янгиланиши, халқнинг турмуши фаровонлашуви учун умид беради.
Аммо ана шу барчасини тўғри ташкил этиш, амалга ошириш илмли бўлишга боғлиқ. Бунинг учун таълим сифатини кўтариш зарур.
Фарзандларимиз учун сифатли таълимни бера олсак, шароит яратиб бера олсак, эртанги фаровон ҳаётнинг қурувчилари ва эркин яшовчилари шулар бўладилар.
Қонунчилик палатаси депутатлари ўз сайловчиларидан келиб тушаётган таклифлар, мурожаатлар асосида мурожаатномада илгари сурилган ташаббус, йўналишлар бўйича қонунчиликни мустаҳкамлаш, қонун ижодкорлигида фаол бўлиб хизмат қиладилар.

Гулбаҳор Саидғаниева,
Олий мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

"Адолат" СДП фракция аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+