Мустақиллик — барча ютуқларимиз асоси

30.08.2022 10:08:39

Айни кунларда давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мамлакатимизнинг барча гўшаларида “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” деган эзгу ғояни ўзида мужассамлаштирган байрам тадбирлари кўтаринки руҳда ўтказиб келинмоқда.

Бугун ушбу байрам тантаналарида юртдошларимиз томонидан айнан миллий мустақилигимиз сабаб, мамлакатимиз жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаганлиги, ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини қуриш, шу жумладан, ҳаётнинг турли соҳа ва тармоқларида кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратилганлиги ҳамда эришаётган барча ютуқ ва марраларимизнинг асосий манбаи бўлиб келаётганлиги таъкидланмоқда.

Чиндан ҳам бугун халқимиз бирдамлигида эришилаётган натижаларимиз, Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва уни жаҳонга тараннум қилиш борасидаги ислоҳоиларимиз халқаро жамоатчилик томонидан эътироф этилмоқда. Энг муҳими, ватандошларимизнинг тафаккури, дунёқараши ўзгариб, улар ислоҳотлар самараси истиқлолимиз неъмати билан қанчлик чамбарчас боғлиқ эканликларини ҳис қилиб яшамоқда.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, бугун шиддат билан рўй бераётган ўзгаришлар кишини онгу-шуурини шошириб қўймоқда. Буни биргина ўтган беш йилликда амалга оширилган ислоҳотлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, ўтган давр мобайнида аҳоли муаммолари билан манзилли ва тизимли ишлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал ва Халқ қабулхоналари, “маҳалла-сектор-Халқ қабулхонаси-маҳалла” ҳамкорлик тизимлари жорий этилди.

Шунингдек, давлат органлари фаолиятининг ошкоралиги ва шаффофлиги таъминланди. Давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлиги оширилиб, фуқаролар томонидан улар олдига масала қўйиш имкониятлари кенгайтирилди. Энг муҳими, прописка, мажбурий меҳнат каби аҳолини йиллар давомида қийнаб келган масалалар ўз ечимини топди.

Суд-ҳуқуқ тизими ислоҳ қилиниб, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончи ортди. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари соддалаштирилди. Жойларда аёллар масалалари бўйича катта инспектор фаолияти йўлга қўйилиб, тазйиққа учраган аёлларга ҳимоя ордерлари берилиб, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши жорий этилди.

Шу билан бирга, аҳолини қийнаб келаётган яна бир муаммо валюта бозори либераллаштирилиб, валютани тижорат банкларидан нақд шаклда ечиб олиш механизмлари жорий этилди. Шунингдек, солиқ сиёсатида амалга оширилган ислоҳотлар сабаб, солиқ турлари 13 тадан 9 тага, ҚҚС ставкаси эса 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилди.

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида ҳам муайян ўзгаришларга эришилди. Хусусан, ижтимоий ҳимоя учун ажратилган бюджет харажатлари деярли икки баробарга оширилди. Ишловчи барча пенсионерларга пенсияларини тўлиқ миқдорда тўланиши йўлга қўйилди. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” тизимли йўлга қўйилиб, уларга 595,6 мингта камбағал ва моддий ёрдамга муҳтож оилалар, 433,0 минг нафар эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтож хотин-қизлар, 591 минг эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтож ҳамда ишсиз ёшлар рўйхатга олинди.

Албатта, ушбу жараёнларда аҳоли соғлиғини сақлаш, уларга сифатли ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, сўнгги беш йилликда тез тиббий ёрдам биригадалари сони 1648 тадан 2685 тага, реанимобилт ранспорт воситалари сони 24 тадан 435 тага оширилди. Тиббиёт соҳасидаги ОТМлар сони эса 7 тадан 9 тага, бакалавр йўналишлари 14 тадан 16 тага, магстиратура йўналишлари сони эса 41 тадан 51 тага кўпайтирилди. Соҳага бюджетдан ажратилаётган маблағлар ҳажми эса уч баробарга оширилди.

Умуман олганда бугунги мустақиллик шукуҳи сабаб, Ҳаракатлар стартегияси доирасида барча соҳаларда эришган ютуқларимизни сарҳисоб қилган ҳолда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш, туб ислоҳот жараёнларини янги босқичга кўтариш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, унинг қадри, шаъни ва ғурурини етакчи ўринга олиб чиқиш устувор вазифамизга айланган ҳозирги вақтда юртимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, давлатимизнинг ҳудудий яхлитлиги ва бўлинмаслиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга интилиш кўп миллатли халқимизни янада бирлаштирадиган, юксак марраларга сафарбар этадиган беқиёс аҳамиятга эга бўлган байрамга айланиб бормоқда.

Шу боис, бу йил ҳам улкан жасорат ва матонат соҳиби бўлган юртдошларимиз билан биргаликда мустақиллигимиз солномасининг янги саҳифасига янгича шиддат ва режалар ҳамда эртанги ютуқларимизга бўлган қатъий ишонч билан қадам қўймоқдамиз.

 

 

 

 

Олтиной МАМИРОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+