Мустақилликнинг 30 йиллиги: Янги тараққиёт пойдевори яратилмоқда

03.09.2021 19:09:22

Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллик байрамига бағишланган тантанали маросимдаги нутқини диққат билан тингладик. Ватанимиз тарихидаги буюк ва шонли сана барча юртдошларимизга фахру ифтихор бағишлади.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, 1991 йил 31 август куни мамлакатимиз ҳаёти ва тақдирида туб бурилиш ясаган, том маънодаги буюк тарихий воқеа юз берди. Неча юз йиллар давомида келажакка катта умид ва ишонч билан қараб, ҳамиша сабр-матонат билан яшаган халқимиз улуғ орзусига эришди – ўзининг давлат мустақиллигини қўлга киритди.

Истиқлол йилларида халқимиз ўзининг юксак салоҳияти, мустаҳкам иродаси ва матонатини намоён этиб, катта тараққиёт йўлини босиб ўтди. Мамлакатимизда барча соҳалар ривожланди. Фуқароларнинг ҳаёт даражаси яхшиланди. Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида узоқ-яқиндаги барча мамлакатлар билан дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини кенг миқёсда олиб бораётган замонавий, очиқ ва демократик давлатга айланди.

Сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида, айниқса, 2017-2020 йилларда мамлакатимизнинг иқтисодий ўсиш даражаси 18,3 фоизни ташкил этиб, ялпи ички маҳсулот 60 миллиард долларга етгани эътиборга молик. Ташқи савдо айланмаси эса 2016 йилда 24 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2020 йилда 36 миллиард долларга кўпайди. Саноат маҳсулотларининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 19,5 фоиздан 27,4 фоизга кўтарилди.

Юртимизда кичик ва хусусий бизнес субъектлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани туфайли уларнинг сони икки баробар кўпайиб, соҳада 1 миллион 400 мингта янги иш ўрни яратилди. Бу корхоналарнинг ярмидан кўпроғи кейинги уч йилда ташкил этилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Тадбиркорлик фаолиятини эркинлаштириш мақсадида 16 та қонун, 100 дан зиёд қарор қабул қилингани, ўтган бир йил давомида лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилиб, уларни бериш муддатлари қисқартирилгани, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида барча текширувлар учун мораторий эълон қилингани юртимизда кичик ва хусусий бизнес субъектлари равнақини таъминламоқда.

Соҳадаги мана шундай ёндашув натижасида Жаҳон банкининг “Бизнесни юритиш” халқаро рейтингида Ўзбекистон беш йил ичида 141-ўриндан 69-ўринга кўтарилди.

Яқинда тадбиркорлар билан янги форматда ўтказилган учрашувда мамлакатимиз бўйича 10 мингдан зиёд ишбилармонлар қатнашди. Очиқ мулоқотга тайёргарлик доирасида 15 мингдан ортиқ таклиф ва ташаббуслар атрофлича ўрганилиб, тадбиркорлар кўтарган масалалар бўйича амалий чоралар белгиланди.

Иқтисодиёт тармоқларининг ривожланиш суръатини аҳолининг реал ялпи даромади 2016 йилга нисбатан 28 фоизга ўсганида ҳам кўриш мумкин. Ҳозирги кунда номинал ҳисобланган ўртача ойлик иш ҳақи 2,7 миллион сўмни ташкил қилиб, 2016 йилга нисбатан 2,1 баробарга оширилди.

Ислоҳотлар доирасида қабул қилинган йирик дастурлар жамиятимизда ижтимоий муҳитни яхшилаш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. Биргина “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини оладиган бўлсак, жорий йилнинг ўзида жами 8 мингга яқин қишлоқ ва маҳаллада умумий қиймати 20 триллион сўмлик қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилаётгани диққатга сазовордир.

Мухтасар айтганда, мустақиллигимизнинг ўттиз йиллик даврида босиб ўтган ривожланиш йўлимиз сарҳисоб қилиниши, мамлакатимизда амалга оширилаётган янгиланиш жараёнлари чуқур таҳлил этилиши Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даври учун пойдевор яратишга қаратилган саъй-ҳаракатларни янада кучайтиришда ғоят муҳим аҳамият касб этади.

 

 

Зухра ИБРАГИМОВА

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикерининг ўринбосари,

“Адолат” СДП фракцияси раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+