Наврўз — қадриятларимиз тантанаси, яшариш ва янгиланиш айёми

23.03.2021 10:03:44

Айни кунларда юртимизнинг барча шаҳар ва туманларида, энг олис қишлоқ ҳамда овулларида фасллар келинчаги — баҳорнинг ёқимли тафти юрдошларимиз дилларига ҳузур бағишлаб, нурафшон кунларда яшариш ва янгиланиш айёми — Наврўзи олам катта хурсандчилик билан нишонланмоқда.

Наврўзи олам ўлкамизга кириб келиши билан ҳар биримиз ён-атрофимиздаги мавжудотнинг уйғониши, куртаклар ва гул-чечаклар очилиши, еру кўк бағрида юз бераётган ўзгаришлардан, баҳор нафасидан баҳраманд бўламиз, она-табиатнинг узвий ва ажралмас бир қисми эканимизни беихтиёр чуқур ҳис қиламиз.

Куни кеча Тошкент шаҳридаги “Humo Arena” мажмуасида бўлиб ўтган Наврўз тантаналарида  юртбошимиз томонидан миллий қадриятларимиз тантанаси, яшариш ва янгиланиш айёми — Наврўз байрамининг ўзига хос жиҳатлари яна бир бор таъкидланди.

Юртбошимиз халқимизга йўллаган байрам табригида Наврўз – инсон ва табиатни асраб-авайлашга, тинчлик, дўсту биродарлик ва ҳамкорлик каби умумбашарий қадриятларни эъзозлашга чорлайдиган улуғ байрам эканлигини, ушбу қутлуғ айёмда турли низо ва адоватлар, гина-аразлар унутилиши, халқлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва аҳиллик тамойиллари янада кучайишини айтиб ўтди.

Ана шундай беқиёс фазилатлари туфайли Наврўз нафақат мамлакатимиз, балки бутун Шарқ оламида замонлар оша безавол яшаб келмоқда. Шунинг учун ҳам Наврўз юртимизда истиқомат қилаётган 130 дан зиёд миллат ва элат вакилларини бир оиладек бирлаштирадиган гўзал байрамга айланди.

Эътиборли томони ҳар йили Наврўз байрами арафасида билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолган, ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган, тузалиш йўлига қатъий ўтган фуқаролар мамлакатимизда олиб борилаётган инсонпарварлик, бағрикенглик сиёсати туфайли Президентимизнинг тегишли Фармонлари билан афв этилиб, жазони ижро этиш муассасаларидан муддатидан аввал озод этилмоқда. Уларга ўз хатоларидан тегишли хулоса чиқариб, тўғри ҳаётга қайтиши, ўз ҳалол меҳнати билан юртимиз тараққиётига ҳисса қўшишга имкон берилмоқда. Бу халқимизга хос кечиримлилик, йиқилганни суяш сингари улуғ фазилатларимиз бардавомлигидан далолатдир.

Жумладан, 19 мартдаги Президент Фармони билан “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармони билан яна 140 нафар фуқаро афв этилди.

Мазкур Фармон билан афв этилган шахсларнинг 4 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 69 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 8 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 59 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Афв этилганларнинг 12 нафарини чет эл фуқароси, 9 нафарини 60 ёшдан ошган шахс, 13 нафарини аёл ҳамда 14 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахсларни ташкил этади.

Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.

Бағрикенглик ва инсонпарварлик ғояси билан йўғрилган мазкур ҳужжат жамиятимизда инсон, унинг ҳаёти ва эркинликлари энг олий қадрият эканини яна бир ҳаётий тасдиғидир.

Зуҳра ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+