Ўзбекистоннинг МДҲга раислиги самарали бўлди

22.12.2020 18:12:51

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон илк бор жорий йилда МДҲга раислик қилди. Пандемия келтириб чиқарган оғир вазиятга қарамай, йил давомида  ушбу раислик доирасида аниқ режа асосида кўп томонлама ҳамкорликни изчил кенгайтириш  бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Мамлакатимиз раҳбари МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг  онлайн мажлисидаги нутқида коронавирус пандемияси оқибатларини бартараф этишда  МДҲнинг улкан салоҳиятидан фойдаланиш, ўзаро саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва  ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳимлигини алоҳида қайд этди. Ўзбекистон умумий муаммоларни ҳал қилишга янги, ностандарт ва ўзаро манфаатли ёндашувларни биргаликда ишлаб чиқиш ва амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг мазкур ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга оид  қатор таклиф ва ташаббусларини  илгари сурди. МДҲ мамлакатлари ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни жадал суръатларда қайта тиклаш, ҳамдўстлик доирасида “яшил” ва соддалаштирилган йўлаклар амалиётини кенг жорий этиш, электрон савдони ривожлантириш бўйича ягона платформани ишга тушириш ва “йўл харитаси”ни қабул қилиш  каби таклифлар шулар жумласидандир.

Айниқса, саноат кооперацияси бўйича комплекс дастур ишлаб чиқиш, санитария талабларига қатъий риоя этган ҳолда ўзаро авиақатновларни имкон қадар тез фурсатда қайта йўлга қўйиш, МДҲ давлатларида меҳнат фаолиятини олиб бораётган фуқароларни ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш мақсадида  меҳнат мигрантлари ҳужжатларини ўзаро тан олишнинг ягона механизмини яратиш ва бу соҳада алоҳида дастур қабул қилиш каби таклифлар ниҳоятда ўринли ва долзарб ҳисобланади.

Мамлакатимиз раҳбари томонидан билдирилган яна бир муҳим таклиф — Ўзбекистонда “МДҲ мамлакатлари маданий мероси” конференциясини ўтказиш ғояси, шубҳасиз,  Ҳамдўстлик доирасида маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш имконини беради.

Афғонистонда тинчлик ўрнатиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди ва жафокаш афғон заминида тинчлик ўрнатиш бўйича саъй-ҳаракатлар, хусусан, афғонлараро тинчлик жараёнини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш лозимлиги яна бир бор қайд этилди.

Ўзбекистон Президенти томонидан билдирилган яна бир таклиф — МДҲни 2030 йилгача бўлган даврда иқтисодий ривожлантириш стратегияси ҳамда  МДҲ иштирокчи-давлатларининг транспорт соҳасида 2030 йилгача бўлган даврдаги ҳамкорлигининг устувор йўналишларининг тасдиқланиши МДҲ мамлакатлари ўртасидаги кооперацияни чуқурлаштиришда муҳим аҳамият касб  этади. Айниқса,  МДҲни келгуси ўн йилликда янада ривожлантириш Концепциясининг қабул қилиниши, шубҳасиз,  Ўзбекистон раислигининг энг муҳим натижаси ҳисобланади.

Саммит якунлари ўлароқ, Президентимиз ташаббуси билан рақамлаштириш, транспорт, саноат, меҳнат, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича йўл хариталарининг қабул қилиниши эса МДҲ доирасида барча соҳаларда амалий шерикликни янада ривожлантириш бўйича мамлакатимиз саъй-ҳаракатларининг барча иштирокчилар томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланганидан далолат беради.

Умуман айтганда, мамлакатимизнинг жорий йилда МДҲдаги раислиги натижаларини сарҳисоб қилиб,  Ўзбекистон Ҳамдўстлик доирасида анча самарали фаолият олиб борганлигини тўлиқ асос билан айта оламиз. Ўзбекистон томонидан яқин ва ўрта истиқбол учун билдирилган амалий таклиф ва ташаббусларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши, шубҳасиз, МДҲнинг нуфузини янада юксалтиришга, аъзо мамлакатлар ўртасидаги кооперацияни чуқурлаштиришга, Ҳамдўстлик ҳалқлари ўртасидаги дўстлик ва ишончга асосланган ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар

қўмитаси раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+