Ўзбекистоннинг янги таълим модели

07.04.2022 09:04:32

Ҳар бир давлатнинг барқарор тараққиётини таъминлашда асосий пойдевор – инсон омили, унинг интеллектуал салоҳияти билан узвий боғлиқ. Шу боис, кейинги йилларда мамлакатимизда “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” деган ғоя асосида мактаб таълими тизимида катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳри ва ҳудудларда Президент мактаблари, ижод ва ихтисослашган таълим муассасалари ташкил этилди. Бу каби мактабларда ўқувчилар илғор методикалар асосида таълим олишмоқда. Лекин соҳада эришилган ютуқлар билан бирга ўз ечимини кутаётган маммолар ҳам бор.

Жумладан, амалдаги таълим стандартлари, ўқув дастурлари асосан ўқувчини таълимнинг навбатдаги босқичига тайёрлашга йўналтирилган бўлиб, уларни эркин фикрлаш ва мустақил ҳаётга тайёрлаш масаласи эътибордан четда қолмоқда. Ҳозирги кунда мамлакатимизда ўқувчи ёшлар билимлари даражасини баҳолашнинг “миллий баҳолаш тизими” мавжуд эмас. Бу эса, ҳудудлар кесимида ёшлар томонидан у ёки бу фанни ўзлаштириш даражасининг сифати ва соҳада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар кўламини белгилаб бориш ва тегишли ислоҳотлар ўтказиш имкониятини чеклаб қўймоқда.

Айнан шу каби оғриқли масалалар куни кеча Президентимиз томонидан халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигининг таҳлили юзасидан ўтказилган видеоселектор кун тартибидан ўрин олди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда умумтаълим мактабларидаги асл ҳолат очиқланиб, давлат раҳбари томонидан чуқур ўрганиш ва таҳлиллар натижалари келтирилди. Хусусан, мактабларни компьютер билан таъминлаш бўйича маблағлар ажратилган бўлса-да, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Наманган ва Тошкент вилоятларида ишлар суст кетаётганлиги, олис ва чекка ҳудудлардаги мактабларда таълим сифатининг қониқарсиз аҳволи юртбоши томонидан асосли эътирозларга сабаб бўлди.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистоннинг янги таълим модели тақдим этилди. Эндиликда, мактаб ўқитувчиларини янги методика асосида қайта тайёрланади, янги тизим доирасида келгуси 3-4 йилда мактаблардаги барча синф ўқитувчилари янги методика асосида ўқитилади. Бунинг учун ҳар бир ҳудуддаги Малака ошириш марказлари негизида педагогларни янги методикаларга ўргатувчи Миллий таълим марказлари ташкил этилади. Уларга аниқ ва табиий фанлар бўйича хориждан энг малакали мутахассислар жалб қилинади.

Бундан ташқари, ҳар бир вилоят кесимида “тренерлар гуруҳи” шакллантирилиб, улар жойларда мактаб ўқитувчиларининг малакасини ошириб боради. Уларнинг ойлик иш ҳақига 100 фоизгача устамалар тўланади. Албатта, бу каби эзгу амаллар замирида юксак маънавият ва маданият ётибди. Юқорида келтирилган барча мисли кўрилмаган, мен кабилар орзу қилган шароитлар, имкониятлар фақатгина маънавий соғлом муҳитдагина куртак ёзиб ўзининг кутилган мевасини беради.

Зеро, мактаб фақатгина таълим берадиган маскан эмас, барчамиз учун юксак маънавият бешигига, фарзандларимизни болаликдан бошлаб касбга ўргатувчи даргоҳга айланиши зарур.

 

Гулруҳ АГЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+