Озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми янада ошади

18.04.2022 15:04:37

Ўзбекистон ўзининг бетакрор табиати, серҳосил тупроғи, ўзига хос иқлим шароити сабаб йилнинг тўрт фаслида ҳам қишлоқ хўжалиги соҳасида улкан натижаларга эришиб келмоқда. Бу каби имкониятлар сабаб Ўзбекистон ўз аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабининг катта қисмини ўз ички ресурслари орқали таъминлаб, катта ҳажмдаги маҳсулотни экспорт қилиш имкониятига эга давлатлар қаторидан жой эгаллаган.

Бунда ўтган беш йилда соҳа тараққиётини таъминловчи бир қатор қонун ҳужжатлари ва стратегияларнинг ишлаб чиқилганлиги алоҳида аҳамиятга эга. Жумладан, Президентимизнинг “Қишлоқ хўжалиги соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонлари, Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш концепцияси ва бошқа ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар шулар жумласидандир.

Аммо сўнгги йилларда дунё мамлакатлари учун синов бўлиб келаётган пандемия, глобал даражадаги иқлим ўзгаришлари, сув танқислиги ҳамда гиёсиёсий вазиятлар соҳада амалга оширилаётган изланишларни янада жадаллаштириш, озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг барқарорлигини сақлаб қолиш учун авваламбор соҳага ресурс тежовчи технологияларни кенгроқ қўллашни, шу билан бирга, бор куч ва имкониятни сафарбар этишни тақоза этмоқда.

Таҳлилларга кўра, март ойида дунё бўйича озиқ-овқат нархлари 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 34 фоизга ошган. Айниқса, йил бошидан жаҳон бозорларида буғдой нархи – 20 фоизга, маккажўхори – 19 фоизга, озуқа донлари – 20 фоизга ва ўсимлик ёғи эса – 23 фоизга кўтарилган. Шу билан бирга, Жаҳон бозорида минерал ўғитлар ва ёқилғи нархлари 2 бараварга ошгани сабаб, ҳозирги нарх-наво яна ҳам ошиши мумкинлиги прогноз қилинмоқда. Шу боис, куни кеча давлатимиз раҳбари раислигида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш орқали бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ҳамда бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча шароитлар яратишга қаратилган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Унда жорий йилда қишлоқ хўжалигида фодаланиш мумкин бўлган ютуқлар билан бирга, олдимизда турган долзарб масалалар танқидий-таҳлил қилинди. Хусусан, жорий йилда юртимизда нисбатан ёғингарчилик яхши бўлганлиги ҳисобига, водий вилоятлари, Тошкент вилояти ва Самарқанд вилоятида сув захираси 20 фоизга кўпайгани, аммо Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида сув таъминоти бўйича қийинчиликлар кузатилиши мукинлиги таъкидланди.

Аммо, ҳар қандай шароитда ҳам аҳолини сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш учун мавжуд ер ресурсларидан самарали фойдаланиб, 2022 йилда 7,7 млн. тонна буғдой, 23 млн. тонна мева-сабзавот етиштириб, 1,5 млрд. долларлик экспортни таъминлашга алоҳида аҳамият қаратилди. Бунда озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш учун янги қўшилаётган 300 минг гектардан зиёд ер майдонларидан ҳамда 80 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиши натижасида 254 минг нафар аҳолига очиқ танлов асосида бўлиб берилган ерлардан самарали фойдаланиш зарурлигига тўхталиб ўтилди.

Яна бир муҳим масала. Бу ҳар бир маҳсулотни етиштиришдан тортиб уни аҳоли хонадони ва бозоргача етказиб бериш жараёнида илмга асосланиш зарурлиги ҳисобга олиниб, мутасаддиларга икки ҳафта ичида ҳосилдор уруғ навларини жойларга етказиб, дала ярмаркаларини ўтказиш, ер майдонларида “бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида экинлар экишни ташкил қилиш ҳамда маҳсулотни кафолатли харид қилиш бўйича шартномалар тузиш ишларини жадал ташкил қилиш бўйича топшириқ берилди.

Бунинг учун эса, ҳосилдор уруғ ва кўчат навларини жойларга етказиш ва маҳсулотни сотиб олишга Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан Боғдорчилик агентлигига қўшимча 300 миллиард сўм маблағ ажратилади. Шунингдек, янги сув омборлари атрофидаги 100 минг гектардан ортиқ ерларга тадбиркорларни жалб этиб, инфратузилма яратишга ёрдам берилиб, мос келадиган экинлар экиш ишлари ташкил этилади.

Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондиришда аҳоли томорқалари ҳам катта аҳмиятга эга. Аммо томорқалардаги энг катта муаммо сув таъминотининг яхши эмаслиги. Шу боис, йиғилишда давлатимиз раҳбари аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Бунда аҳоли томонидан етиштириладиган маҳсулотларни сув таъминотини ҳамда сотиб олишни кафолатлаш зарурлиги белгиланди.

Бунинг учун жорий йилда экин турлари жойлашувидан келиб чиқиб, аҳоли томорқаларини суғориш учун 4 миллиард куб метр сув тақсимланади. Ҳар бир маҳалла кесимида ариқлар очилиб, тозалаш ва тармоқларни тиклаш ишлари амалга оширилади. Бу ишлар учун республика бюджетидан 50 миллиард сўм, маҳаллий бюджетлардан яна 50 миллиард сўм йўналтирилади.

Шу билан бирга, Қўшработ, Нуробод, Конимех, Пешку, Чироқчи, Жарқўрғон, Бойсун, Оҳангарон, Ғаллаорол, Фарғона каби туманларда сув таъминоти оғир маҳаллаларда қудуқ қазиш ва насос ўрнатиш харажатларининг бир қисмини қоплашга бюджетдан 50 миллиард сўм ажратилади.

Хулоса қилиб айтганда, йиғилишда белгилаб берилган ҳар бир вазифа ва чора-тадбирларнинг баҳор фаслининг ҳар бир кунидан унимли фойдаланган ҳолда амалга оширилиши, кўзланган мақсадларга янада катта марралар билан эришиш имконини беради. Шу билан бирга, йил давомида аҳолимизни сифатли ва арзон нархдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда мустаҳкам замин яратади.

Олтиной МАМИРОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+