Парламент фаолиятини кучайтиришга қаратилган ташаббус эътирофи

19.12.2022 09:12:19

 

Президентимиз 2020 йил 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида нутқ сўзлаб, бир қатор амалий таклифлар ҳамда ташаббусларни илгари сурган эди. Яқинда БМТ Бош Ассамблеяси ўзининг 77-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 75-сессияда билдирган яна бир ташаббусини, яъни “Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюцияни қабул қилиш таклифини бир овоздан маъқуллади.

 Таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий ҳаётида туб ўзгаришлар кузатилди. Пировардида қўшни давлатлар ҳамда бошқа минтақалардаги мамлакатлар билан алоқалар мустаҳкамланаётгани, изчил ҳамкорлик асосида кўплаб ижобий натижаларга эришилаётганига бугун барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Қатор халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорлик қилиниб, юртимизда инсон манфаатларини таъминлаш, унинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш чоралари кўриляпти. Буни БМТ билан муносабатларимиз янги бос­қичга кўтарилгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Зеро, мазкур тузилма билан ўзаро алоқаларни ривожлантириш янгиланаётган Ўзбекистон миллий манфаатларига ҳар томонлама уйғундир. Мамлакатимизда БМТ Бош Ассамблеяси ҳамда тузилмалари томонидан қабул қилинган резолюция, конвенция, декларация ва баённомалар самарали ижроси бўйича пухта иш олиб борилаётир. Жумладан, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига изчил эришиш йўналишида ҳам тизимли тадбирлар йўлга қўйилган.

Давлатимиз раҳбари таклифи билан ишлаб чиқилган резолюциянинг БМТ томонидан маъқуллангани мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида яна бир тарихий воқеа бўлди, десак, айни ҳақиқат. Президентимиз 2020 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида минтақавий ва глобал миқёсда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, изчил тараққиётни таъминлаш, инсон ҳуқуқларига риоя этишни қўллаб-қувватлаш, конструктив мулоқотни кенгайтириш, шунингдек, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоси, қашшоқликка барҳам бериш ва камбағалликни қисқартириш каби долзарб масалалар юзасидан қатор ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг “Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишни жадаллаштиришда парламентлар ролини кучайтириш  тўғрисида”ги резолюцияни қабул қилиш ҳақидаги таклифи глобал миқёсдаги муаммоларни ҳал этишга қаратилганлиги билан муҳим аҳамиятга эга

Ҳужжатда COVID-19 пандемиясидан кейинги даврда ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмасликни таъминлаган ҳолда кенг кўламли, барқарор ҳамда изчил тикланишни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳамжиҳатлик, бирдамлик ва ҳар томонлама ҳамкорликка содиқликни мустаҳкамлашда парламентларнинг муҳим ўрни қайд этилади.

БМТ Бош Ассамблеяси аъзо давлатларни миллий парламентларни қўллаб-қувватлашга, уларни Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги фаолият ҳамда буни назорат қилиш жараёнларига, айниқса, ихтиёрий миллий маърузаларни тайёрлашга жалб қилиш, шунингдек, ҳисобдорликни таъминлаш ва кучайтириш учун уларга ёрдам беришга чақиради.

Хотин-қизларнинг қонун чиқарувчи органлар ишида ҳамда парламент жараёнларида тўлиқ, тенг ҳуқуқли ва таъсирчан иштирокига кўмаклашиш орқали БРМга эришишни жадаллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг марказий омили сифатида гендер тенгликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, БРМдан келиб чиққан ҳолда, ҳукуматимиз томонидан 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар белгилаб олинган. Ҳуқуқий ҳужжатларга асосан, ушбу миллий мақсад ва вазифаларга эришилишини таъминлаш мақсадида тегишлилиги бўйича вазирлик ва идоралар масъуллиги белгиланган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ҳар йили масъул вазирлик ва идора раҳбарларининг 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг бажарилиши борасида амалга оширилаётган ишлари бўйича ахбороти қўмиталар томонидан эшитиб борилади. Бунда амалга оширилган ишлар таҳлил қилинади, йўл қўйилган камчиликлар, фойдаланилмаган имкониятлар белгиланиб, халқ вакиллари томонидан керакли тавсиялар берилади. Кун тартибидаги масалалар юзасидан қарорлар қабул қилиниб, ҳукуматга тақдим этилади. Умуман олганда, бу борада Қонунчилик палатасида таъсирчан парламент назорати амалиёти шаклланган.

Барқарор ривожланишнинг 17 мақсади ва тегишли вазифалар кенг миқёсли масалаларни, яъни соғлиқ ва фаровонликдан тортиб то иқлим ўзгаришларигача, гендер тенглигидан тортиб истеъмол ҳамда ишлаб чиқариш моделлари ўзгаришларигача бўлган жараённи қамраб олганлиги эътиборга молик.

Бугун биз мамлакат парламенти – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати мамлакатимизда Миллий мақсадлар ва барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш учун ҳақиқий «локомотив»га айланганлигини ишонч билан айтишимиз мумкин. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарорига асосан 2021 йил 23-24 июнь кунлари Бухоро шаҳрида «Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик» мавзусидаги халқаро форум ўтказилганлиги парламентнинг бу борадаги фаолияти тизимли равишда йўлга қўйилаётганлигидан далолат беради. Дунёнинг 100дан   ортиқ мамлакатидан 500 дан ортиқ иштирокчи қатнашган мазкур халқаро тадбир якунида форумнинг Бухоро декларацияси қабул қилинди.

БРМни амалга оширишда парламент ёрдамининг замонавий усулларидан фойдаланиш ва парламентарийлар томонидан халқаро ташкилотлар имкониятларидан фойдаланиш, шубҳасиз, Ўзбекистоннинг 2030 йилгача барқарор ривожланишнинг миллий мақсад ва вазифаларига муваффақиятли эришилишини таъминлашга ёрдам беради ва халқ фаровонлигини оширишга, мамлакатнинг халқаро обрўсини оширишга ижобий таъсир қилади.

Бундан ташқари, резолюциянинг қабул қилиниши Олий Мажлис палаталарининг мамлакатни демократлаштириш, бозор иқтисодиётини модернизация қилиш, кучли фуқаролик жамияти асосларини шакллантириш бўйича давлат сиёсатини амалга оширишда, шунингдек, республикада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришларнинг сифати ва самарадорлиги учун парламент ва барча парламентарийларнинг масъулиятни ва аҳамиятини сезиларли даражада оширади.

Хулоса қилиб айтганда, хорижий амалиёт шуни кўрсатадики, барқарор ривожланишнинг миллий мақсад ва вазифаларини амалга оширишда парламентнинг ҳукуматга ва бошқа ижро этувчи органларга ёрдами халқаро демократик ҳамжамият томонидан демократияни мустаҳкамлашнинг ёрқин далили сифатида қабул қилинади, бу эса ўз ўрнида давлат бошқаруви тизимидаги тамойиллар, давлат ҳокимияти тизимидаги халқ вакиллигининг асосий воситаси сифатида миллий парламентаризм тараққиёти белгиси сифатида эътироф этилади.

Дилрабо Халбаева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+