Пенсия ва нафақа тайинлашда аҳоли ортиқча сарсон бўлмайди

05.02.2021 14:02:49

Президентимиз кеча муҳим стратегик ҳужжат — “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли сломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармонни имзолади.

Ушбу Фармон мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, юқори иқтисодий ўсишга эришиш ҳисобидан халқимизнинг фаровонлигини ошириш ва кундалик ҳаётидаги муаммоларни ҳал этиш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш мақсадини кўзлайди.

Фармонда 30 га яқин банд қамраб олинган бўлиб, Давлат дастурини тасдиқлаш, пандемия шароитида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чораларини давом эттириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий муҳофазага муҳтож талабаларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, ижтимоий адолат тамойилини таъминлаш, талаб юқори бўлган касблар бўйича иқтидорли мутахассисларни нуфузли хорижий таълим, илмий ва бошқа муассасаларда тайёрлашнинг самарадорлигини тубдан такомиллаштириш вазифаларини амалга ошириш белгиланган.

Биргина пенсия ва нафақа тайинлаш масаласини оладиган бўлсак, фуқароларга янада қулайликлар яратиш мақсадида бир қатор тартиблар ўрнатилиши белгиланмоқда. Яъни, жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб пенсияларни тайинлашда шахснинг иш ҳақи ва меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базаси юритилмаган давр – 2005 йилдан аввалги йиллар учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасидаги мавжуд ёзувлар асосида тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисобланади.

Шунингдек, уч йил ва ундан аввал тайинланган, қайта ҳисобланган пенсия ва нафақаларни текшириш ҳамда улар бўйича аниқланган ортиқча тўловларни ундириш бекор қилинади. Ишловчи фуқаролар томонидан ишламайдиган турмуш ўртоқлари келгусида пенсия таъминотига эга бўлишлари учун ўз даромадларидан ихтиёрий равишда ҳар ойда ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқи берилади.Пенсия ва нафақалар фуқаронинг хоҳишига кўра рўйхатга олинган доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича тайинланади ва тўланади.

Пенсия ва нафақаларни нақд пулсиз шаклда олиш учун аризалар фуқаролар томонидан Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг тегишли бўлимига мурожаат қилмаган ҳолда, тижорат банклари филиалларида банк пластик карталарини очиш жараёнида ёки банк мобиль иловалари орқали электрон шаклда расмийлаштирилади.

Таъкидлаш жоиз, фуқароларнинг пенсияга бўлган ҳуқуқи йўқолганлигини тегишли вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этиладиган электрон маълумотлар асосида аниқлаш орқали пенсияларни нақд пулсиз шаклда олувчи шахслар томонидан ҳар олти ойда Пенсия жамғармасининг бўлимига келиш ҳамда масъул ходимлар томонидан жойларга чиққан ҳолда мониторинг ўтказиш мажбурияти бекор қилинади.

Энг асосийси, пенсия ва нафақалар тўғри тайинланиши ҳамда тўланиши бўйича текширишлар натижасида аниқланган ортиқча тўлов суммасининг 2021 йил 1 февраль ҳолатига бўлган қарздорлиги ҳисобдан чиқарилиши аниқ белгилаб қўйилмоқда.

Дастурда белгилаган бу каби қулайликлар аҳолининг ортиқча сарсон бўлишининг олдини олишга, давлатдан розилик хиссини оширишга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Харакатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури халқимиз фаровонлигини ошириш ва кундалик ҳаётдаги муаммоларни хал этиш тизимини янги босқичга кўтаради.

 

Иномжон ҚУДРАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

"Адоалт" СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+