Профилактика инспекторларининг ваколатли фаолияти кенгаймоқда 

28.12.2020 15:12:18

Яқинлашаётган янги йил арафасида, яъни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокама этилди. Миллий қонунчиликнинг тартиб-таоимилларига кўра қонун лойиҳаси Олий Мажлиснинг юқори палатасига тақдим этиладиган бўлди. Қонун лойиҳаси ўз тасдиғини топгандан сўнг маъмурий судлар томонидан кўриб чиқиладиган Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 110-моддасининг биринчи қисми, 111-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий жазо қўллаш ҳуқуқи ички ишлар органлари профилактика инспекторларига бериш назарда тутилган. Маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш ваколати муқобил орган сифатида профлактика инспекторларига берилиши натижасида ҳуқуқбузарлик содир этилган жойдан узоқ масофада жойлашган бошқа ваколатли органлар ёки судларга боришни истисно этган ҳолда фуқароларнинг ортиқча харажат сарфлаши ва сарсон бўлишининг олди олинади.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 245-моддаси биринчи қисмидан 111-модданинг биринчи қисми, шунингдек, 110-моддаси биринчи қисмидаги “фуқароларга нисбатан” қисми МЖтКнинг 248-моддаси биринчи қисми ва иккинчи қисми 4-бандига қўшилмоқда. Маъмурий судлар ваколатидан ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика инспекторлари ваколатига ўтказилиши таклиф этилаётган моддалар бўйича, ҳуқуқбузарнинг ҳаракати юзасидан ҳуқуқбузарларга нисбатан содир этилган жойнинг ўзида маъмурий баённома расмийлаштириш орқали жазо чораларини кўриш назарда тутилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилаётган ўзгартишлар фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга, содир этилган ҳуқуқбузарликларга нисбатан улар аниқланган жойнинг ўзида ҳуқуқий таъсир чораларини кўришга, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жазо чораларини қўллаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, уларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келиш ва қийнаш каби салбий ҳолатларининг кўзатилиши ҳуқуқбузарликни кун сайин кўпайиб бораётганлигидан далолат бермоқда. Ижтимоий кундалик ҳаётда ҳам  ҳайвонларни уруштириш, маълум бир ҳаракатни бажартириш учун унга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, ўзбошимчалик билан ҳар-хил экспериментларни ўтказиш, ўзига тегишли ҳайвонларни сабабсиз ўлдириш ҳолатлари кузатилмоқда. Мазкур ҳуқуқбузарликлар оқибатида вужудга келаётган нохуш ҳолатлар аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. 2019 йилда 125 та, 2020 йилда 123 та ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган.

Санитария-гигиена ва ветеринария-санитария қоидаларига риоя қилиш итлар ва мушукларни сақлашнинг мажбурий шарти ҳисобланади. Шаҳар ва бошқа аҳоли пунктларида ит ва мушук боқишнинг қоидаларини бузиш ҳамда мансабдор шахслар томонидан эгасиз ҳайвонларни туттириш чораларини кўрмаганлик ҳолатлари кузатилмоқда. Ит ва мушуклар умумий фойдаланиладиган жойларда, зинапоя майдончаларида, чердакларда, ертўлада, шунингдек, ошхонада, балконда ва бошқа умум фойдаланишдаги жойларда сақлаб парвариш қилиниши ҳуқуқбузарлик ҳолатларини кўпайишига сабаб бўлмоқда. 2019 йилда 3892 та, 2020 йилда 2473 та  ит ва мушук боқиш қоидаларини бузиш ҳолатлари аниқланган. 

Ҳар қандай ҳайвон эгасининг мулки ҳисобланади ва ҳар қандай мулк сингари қонун билан ҳимоя қилинади. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида концептуал жиҳатдан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш” қонун лойиҳаси қамраб олинган модда ва нормалари билан фуқароларнинг ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлмасликка, ит ва мушук боқиш қоидаларига қатъий риоя қилишга ундаб, ҳуқуқбузарликка маъмурий жазо (жарима) муқаррарлигини эслатади. 

Таваккал ЧОРИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+