Қалб ардоғида бўлган қорақалпоқ маданияти

05.07.2022 12:07:09

Қорақалпоқ мусиқаси юртимиз маданияти ва санъатининг ажралмас қисмидир. Қорақалпоқ композиторлари, бахши, хонанда ва созандаларининг ижоди ҳамиша эътиборимиз марказидан жой эгаллаб, ижодкорларимизга катта маънавий озуқа бериб келган.

Мен ҳам ижодкор сифатида қорақалпоқ мусиқасидан баҳра олиш бахтига сазовор бўлганман. Бир неча йиллар аввал менга Муқимий номидаги мусиқали театрда саҳналаштирилиши режалаштирилаётган қорақалпоқ спектакли учун мусиқа ёзишни таклиф этишди. Одатда композиторлар саҳнавий асар учун мусиқа басталаётганида, асарнинг миллий қиёфасини ҳаққоний тасвирлаш мақсадида ўша миллатнинг тилида ижод қилишади.

Очиғи, ўшанда бир оз ўйланиб қолдим. Негаки, шу вақтгача айнан қорақалпоқ тилида мусиқа ёзмаган эдим-да. Аммо болалигимдан телевидение ва радио орқали мунтазам намойиш этиладиган қорақалпоқ куйларини кўп тинглаганим, композитор устозларимнинг қорақалпоқ мавзулари асосида яратган асарларини яқиндан ўрганганим боис ушбу ишнинг уддасидан чиқа олишимга негадир ишондим. Ушбу ишончимнинг яна бир сабаби ҳам шу эдики, ёнимда қорақалпоқ санъатшунос дўстим Холмирза Қурбонов бор эди.

Ижодий ишга киришишнинг илк онларидаёқ Холмирзадан ёрдам сўрадим. У менга тезда қорақалпоқ куйларининг аудио ёзувларини топиб берди. Яна етмаганидек, ўзи ҳам қорақалпоқ дуторини маҳорат билан ижро эта олгани туфайли менга бир неча ёрқин мусиқий куйларни чалиб бериб, қорақалпоқ мусиқий ифода воситалари билан яқиндан таништирди.

Изчил изланишлар натижасида, тез орада қорақалпоқ миллий мусиқасига хос бўлган хусусиятларни англаб олдим. Айниқса, қорақалпоқ хонандаларига хос мусиқий хонишлар, куй йўлидаги ўзига хос жозибакор ҳаракатлар мени ўзига буткул мафтун этди. Юрган йўлимда қулоғимда қорақалпоқ мусиқасида учрайдиган мусиқий мато ҳаракатлари янграйдиган бўлди. Бу жараён менга жуда ёқарди.

Икки ойлик тинимсиз меҳнат натижасида қорақалпоқ спектакли учун ёзаётган мусиқамни битирдим. Асарни саҳналаштириш жараёнида қўшиқларни актёрларга ўргатдим. Актёрлар ҳам қорақалпоқ персонажларининг характерига кириб, ўз ролларини мароқ билан ижро этишга киришиб кетишган эди. Менинг басталаб берган қорақалпоқ куй-қўшиқларимни куйлаганларида эса четдан қараб бениҳоя севинардим.

Кўп ўтмай, спектакль ҳам тайёр бўлиб, уни бадиий кенгаш эътиборига ҳавола этдик. Бадиий кенгашга дўстим Холмирза Қурбоновни ҳам таклиф этдим. Қарангки, у менинг ижод маҳсулимни юқори баҳолади...

Қорақалпоқ асари устида ишлаган давримни хали ҳам энг баракотли ва мазмундор фасл дея меҳр билан эслайман. Ахир бу даврда мен қардош ака-сингилларим сингари тафаккур қилдим ва нафақат қорақалпоқ оҳангларида фикр юритиш балки балки шу халқнинг азалий маданиятига мос мусиқа басталашни ўргандим. Бундай имкониятни ҳар бир ижодкор учун қутлуғ иноят деб биламан.

Орадан бир неча йил ўтиб, синфимга бастакорлик санъати сирларини ўрганаётган қорақалпоқ талаба қиз келиб қолди. Исми Раъно экан. У консерваторияни битириш чоғида қорақалпоқ мавзуси асосида симфоник асар ёзишни режалаштирган эди. Мен жон деб унга ижодий раҳбарлик қилишга рози бўлдим. Негаки, қорақалпоқ мусиқаси билан яқиндан таниш эканим менга қўл келди. Талаба қиз билан чамаси бир ой ишладик. У асарини ёзиб келар эди. Мен эса унга қорақалпоқ мусиқий ифода воситаларидан сабоқ берардим.

Кўп ўтмай, давлат имтиҳони ҳам келиб қолди. Давлат имтиҳонининг комиссияси таркибига эса Қорақалпоғистон халқ артисти, А.Навоий номидаги давлат академик катта театри дирижёри Аида Абдуллаева таклиф этилган эди. Аидахоним табиатан жуда талабчан, аммо ўз ишининг билимдони бўлгани учун ҳам аввалига ундан бир оз хайиқиб турдик. Зеро, Аида опанинг баҳоси доимо холис ва адолатли бўлган.

Ниҳоят, шогирд-қизим Раънонинг қорақалпоқ мавзуси асосида яратган асари давлат имтиҳонида симфоник оркестр ижросида муваффақиятли янгради. Раъно қизим беш баҳо олди. Аида опа ҳам унинг асари хусусида ижобий фикр билдириб, асарда қорақалпоқ миллий хусусиятлари ёрқин ифода топганини алоҳида эътироф этди.

Ўша-ўша қорақалпоқ мусиқаси мен учун худди ўзимникидек хушнаво ва ардоқли бўлиб қолган. Бирон жойда қорақалпоқ дуторининг оҳангларини эшитиб қолсам, илҳомим жўш уриб, ижод қилиш иштиёқи уйғонади. Айниқса, қорақалпоқ мусиқасига хос фикр теранлиги-ю, сарҳадсиз кенгликларга чорлови баробарида, дард ва изтиробни ҳаққоний ифодалай олиш имкониятининг беқиёслиги ижодкорларга улкан тажриба майдонини яратади.

Шундай экан, ижод оламининг улкан уфқларидан тортиб, то нозик ҳиссиётларгача бўлган қирраларни ўрганаман деган ҳар қандай ижодкор беназир қорақалпоқ мусиқаси билан яқиндан танишмоғи ва шунинг баробарида уни қалбан ҳис қилмоғи даркор.

 

 

 

Ойдин АБДУЛЛАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Фан, таълим, маданият ва спорт

масалалари қўмитаси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+