Қишлоқ хўжалиги ривожи барча тармоқ ва соҳаларда фаровонлик ва юксалишга замин яратади

05.05.2022 12:05:39

Статистик маълумотларга кўра, 2022 йилнинг 1 апрель ҳолатига мамлакатмизда доимий аҳоли сони 35 миллион 433 минг 772 кишини ташкил этмоқда. Шундан шаҳарларда истиқомат қилувчилар 18 миллион кишини, қишлоқларда яшайдиганлар эса 17,4 миллион кишини ташкил этади.

Сўнгги йилларда аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда ҳар икки ҳудудда истиқомат қилувчи фуқароларнинг яшаш шароити ва имкониятидан келиб чиққан ҳолда ижтимоий ҳимоясини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда энг муҳим масала, аҳолини кафолатланган даромад манбаига эга бўлган ҳолда бандлигини таъминлаш орқали ижтимоий ҳимоясини кучайтириш саналади.

Ушбу жараёнда эса, қишлоқ хўжалиги тармоғини ривожлантириш орқали нафақат қишлоқларда яшаётган 17 миллиондан ортиқ аҳоли бандлигини таъминлаб, турмуш фаровонлигини ошириш, шу билан бирга, етиштирилган маҳсулотларни шаҳарларга етказиб бериш, сақлаш жараёнларини йўлга қўйиш орқали хизматлар соҳасини ривожлантириб ҳар икки ҳудуд аҳолиси бандлигини таъминлашга ҳам эришилади.

Албатта, бу жараёнларда соҳада замонавий лойиҳаларни амалга ошириш, бунда сув ва энергия тежовчи технологиялардан самарали фойдаланган ҳолда, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини ҳамда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш муҳим саналади.

Бугунги баҳор фаслининг ҳар бир кунидан унумли фойдаланиш эса, кўзланган натижаларга янада юқори кўрсаткичлар билан эришиш имкони беради. Жумладан, жорий йилда дунёда содир бўлаётган воқеалар, глобал даражадаги иқлим ўзгаришлари, сув танқислиги сабабли озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ўсиб боришининг олдини олиш, ички бозорда нарх-наво барқарорлигини таъминлашнинг иқтисодий чораси сифатида юртимизда 7 миллион 700 минг тонна буғдой, 23 миллион тонна мева-сабзавот етиштириб, ички бозорни маҳсулотлар билан узлуксиз таъминлаш мақсад қилинган.

Шунингдек, янгидан фойдаланишга киритилаётган 300 минг гектардан зиёд ердан ҳамда қисқартирилган пахта ва ғалла майдонлари ҳисобидан аҳолига бўлиб берилган 80 минг гектари майдон ва аҳоли ихтиёрида бўлган 380 минг гектар томорқадан самарали фойдаланиш ҳам муҳим саналади.

Шу боисдан, йил бошидан буён давлатимиз раҳбари бошчилигида бир неча бор қишлоқ хўжалигида лойиҳаларни амалга ошириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш орқали бозорларда нарх-наво барқарорлигига эришиш каби йўналишларда видеоселектор йиғилишлари ўтказилди.

Хусусан, жорий йилнинг 27 апрель куни қишлоқ хўжалигида лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда таълим сифатини яхшилаш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам соҳа тараққиётига оид бир қатор масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, галдаги вазифалар белгилаб олинди.

Жумладан, йиғилишда сўнгги беш йилда соҳага 2 миллиард 500 миллион доллар хорижий кредитлар жалб қилингани, ҳозиргача шундан 1 миллиард 700 миллион доллари ўзлаштирилиб, 4 мингга яқин замонавий иссиқхоналар, интенсив боғлар, кўчатчилик хўжаликлари ва музлаткичли омборхоналар каби лойиҳалар амалга оширилгани маълум қилинди.

Аммо, кредитлар муддати қисқалиги ёки мутахассислар етишмаслиги сабабли бугунги кунда 400 миллион долларлик 580 та янги лойиҳаларнинг ишга туширилиши кечикаётганлиги таъкидланиб, Қишлоқ хўжалиги вазирлигига жорий йилда 6 та вилоятда қарийб 2 минг гектар интенсив боғ ва токзорлар барпо этилиши, жами 115 минг тоннали 17 та кичик агрологистика марказларини ишга тушириб, уларни тадбиркорларга тайёр ҳолда, лизинг асосида сотиш вазифаси юклатилди.

Йиғилишда аграр соҳада таълим сифатини яхшилаш орқали соҳага зарур бўлган йўналишлардаги мутахассиларни етиштириб беришга ҳам алоҳида эътибор қартилди. Жумладан, 2022-2023 ўқув йилидан Халқаро қишлоқ хўжалиги университети иш бошлаши, у ерга чет эллик ўқитувчилар жалб қилиниб, маҳаллий мураббийларнинг малакаси оширилиши маълум қилинди.

Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари соҳада хизматларни ривожлантириш, экинлар ҳисоби ва сув сарфини онлайн мониторинг қилишга ҳам алоҳида тўхталиб, бу йил Андижон, Наманган, Фарғона, Жиззах, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида агрохизматлар маркази ташкил этилиб, 100 дан ортиқ хизматлар йўлга қўйилишини қайд этди. Замонавий лабораторияларга эга бўлган ушбу марказларга хорижий мутахассислар жалб қилиниб, лойиҳалар бўйича маблағларни бошқариш, ерлар ва экинлар ҳисоби, суғориш ишлари ва ҳосилдорлик электрон тарзда кузатиб борилади.

Хулоса қилиб айтганда, йиғилишда белгилаб берилган вазифалар аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, янги иш ўринлари яратиб, қишлоқ хўжалигида юксак натижаларга эришишда жуда муҳим ва долзарб саналади. Мазкур масалаларни амалга ошириш барча даражадаги халқ вакилларидан янада фаоллик ва ташаббускорлик талаб этади. Сабаби, қишлоқ хўжалигининг ривожланиши барча тармоқ ва соҳаларда фаровонлик ва юксалишга замин яратади.

Махфират ХУШВАҚТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+