Қозоғистон саммити кун тартибида хавфсизлик масалалари

14.10.2022 10:10:50

13 октябрь куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг VI саммити бошланди.

Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чора-тадбирлари бўйича кенгаш – Осиё қитъаси давлатларини бирлаштирувчи халқаро форум бўлиб, у ўз олдига минтақада барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида Осиё ва Евроосиё давлатлари ўртасидаги муносабатлар ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш вазифасини қўяди.

Давлатимиз раҳбари ушбу нуфузли анжуманда ўз нутқи билан қатнашиб, хавфсизликни таъминлаш, Осиёда ўзаро ишонч ва барқарор тараққиётни мустаҳкамлаш масалалари бўйича ўта муҳим бўлган таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.

Ҳар доимгидек, биринчи навбатда, давлатимиз раҳбари бугунги кунда глобал даражадаги муҳим муаммо бўлган Афғонистон масаласини кўтарди.  Ўзбекистон президенти Европа қитъасида рўй бераётган ниҳоятда таҳликали  муаммолар  халқаро хамжамиятнинг эътиборини ўзига максимал даражада жалб қилаётган бир даврда Афғонистон масаласи иккинчи даражага тушиб қолаётгани ҳақида куйиниб гапирар экан, ўтмишда ушбу давлат амалда халқаро террорчилик маконига айланиб қолгани билан боғлиқ аччиқ тажриба қайта такрорланишига асло йўл қўйиб бўлмаслигини қатъий таъкидлади. Бунда халқаро музокара олиб борувчи юқори даражадаги  гуруҳни шакллантириш ҳақидаги ташаббус ифода этилган Осиё мамлакатлар раҳбарларининг БМТ Бош Ассамблеясига қўшма мурожаати зарур эканига эътиборни қаратди.

Ш.Мирзиёев ўзининг навбатдаги таклифида ёшлар масаласига тўхталди. Ёш авлодни радикализмдан асраш, уларнинг куч-ғайрат ва шижоатини бунёдкорлик сари йўналтириш учун тизимли ҳамкорликни ўрнатиш нечоғлик зарурлиги, ҳар бир ўғил-қиз бу дунёда ўзини ҳар томонлама имкониятларидан фойдаланиб, тинчлик ва барқарорлик учун ўз ҳиссасини қўшиши, ўзининг куч ва қобилиятини амалга ошира олиши катта аҳамиятга эга эканини алоҳида қайд этди. Ва шу мақсадда  ёш етакчилар Форумини 2023 йил апрель ойида Самарқандда ўтказишни таклиф этди.

Давлатимиз раҳбари ўзининг кейинги таклифида иқтисодиёт масаласини кўтарар экан, ҳамкор мамлакатлар ўртасида ўзаро боғлиқликни, ишлаб чиқариш-логистика занжирини, давлатларни ўзаро самарали боғловчи транспорт йўлакларини яратиш юзасидан ўз фикрини баён этди.

Ш.Мирзиёев саноат соҳасига алоҳида тўхталиб, уни янги босқичга кўтаришда билимлар иқтисодиётини илгари суриш масаласига эътиборни қаратди. Бу борада  инновациялар трансфери, рақамлаштириш, "булутли" технологиялар, сунъий интеллект, "буюмлар интернети"ни ривожлантириш каби лойиҳаларни амалга ошириш воситаларини аниқ келтириб ўтди. Бинобарин, билимлар иқтисодиёти – постиндустриал иқтисодиёт ва инновацион иқтисодиёт ривожланишининг энг юқори босқичи бўлиб, у ахборот жамияти ёки билимлар жамияти билан тавсифланади, шунингдек, дунёнинг илғор мамлакатлари иқтисодиёти ва жамият жадал ривожланишининг навбатдаги юксалиш босқичини англатади.

Давлатимиз раҳбари ўзининг галдаги таклифида озиқ-овқат хавфсизлиги масаласига тўхталар экан, озиқ-овқат ишлаб чиқаришнинг барқарор тизимларини ва уни етказиб беришнинг оптимал ва самарали тизимини шакллантириш, ички минтақавий савдо ўсиши учун техник регламентларни уйғунлаштириш, Осиёда озиқ-овқат хавфсизлигини мониторинг қилиш борасида яхлит хуқуқ-меъёрий асосни яратишга оид чора-тадбирлар режасига эътиборни қаратди.

Ш.Мирзиёев ўзининг барча ташаббусларида доимий равишда экология ва иқлим ўзгариши муаммоларини муҳим ўринга қўяди. Бу сафарги саммитда ҳам ушбу масала юзасидан умумий саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ҳамда минтақанинг ҳамкор мамлакатларини жадал кўкламзорлаштириш ва экотизимлар боғлиқлигини қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича “Яшил Осиё” концептуал дастурлари доирасида доимий эксперт маслаҳатлашувларини йўлга қўйишни таклиф этди.

 Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев барқарорлик ва хавфсизлик масалаларини нафақат минтақавий тинч-тотувлик соҳасида, балки иқтисодий-сиёсий, маънавий соҳаларнинг тараққий этиши билан боғлар экан, шу йўл билан давлатларни бир-бирига яқин бўлиб, ягона эзгу ғоя остида бирлашишга яна бир бор даъват этди.

 

 

Ойдин Абдуллаева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Фан, таълим, маданият ва

спорт масалалари қўмитаси аъзоси

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+