Инсон сабр-қаноат қилиш орқали ўзи ва оиласига фаровон турмуш шароитини яратади

05.07.2022 11:07:50

Кўпни кўрган катталаримиз билиб айтишади: этни тирноқдан ажратиб бўлмайди. Ўзбек ва қорақалпоқ халқини нафақат ягона мамлакат, балки неча асрлик орзу-умид ва интилишлар, яшаш тарзи, урф-одатлар ҳам бирлаштириб туради.

Ўз вақтида икки халқ сув келса симириб, тош келса кемириб, биргаликда барча синовларни енгиб ўтган. Аммо тарих, қадрият, анъаналарни эъзозламаган, ўз манфаатини бутун бир мамлакатнинг манфаатидан устун қўйган айрим популистларнинг ноқонуний ҳаракати, чалғитиши тинч, осуда ҳаёт кечираётган қорақалпоғистонликларнинг тинчлигига раҳна солди.

Инсоният яратилибдики, доимо ўзи ва атрофдагиларнинг эҳтиёжларини қоплашга, бугун кечагидан кўра яхшироқ яшашга интилади. Тинимсиз меҳнат қилиш, сабр-қаноат қилиш орқали ўзи ва оиласига фаровон турмуш шароитини яратади.

Бундай шароитни яратиш эса ўз-ўзидан бўлиб қолмайди. Бунинг учун турли хил машаққат, синовлар, тўсиқларга барҳам беришга, муттасил равишда меҳнат қилишга тўғри келади. Лекин энг ачинарлиси, тўкис, тинч ҳаёт айрим ғаламисларга хуш келавермайди. Қийинчилик билан эришилган маррани бузиб ташлашдан осони йўқ, аслида.

Президентимизнинг Қорақалпоғистонда фавқулодда ҳолатни эълон қилиш билан боғлиқ фармонларининг тагзамирида ҳам доимо тинчлик, барқарорлик учун интилган, ҳалол меҳнат қилиб ўз оиласи, юртига фойдаси тегаётган халқимизнинг манфаатини ҳимоя қилиш мақсади турганини ҳаммамиз кўриб, билиб турибмиз.

Бошқача айтганда, бунёдкор ғоя бузғунчи ғояни мағлуб этишига эришишимиз учун ҳам қорақалпоғистонлик ҳамюртларимиз маълум муддат айрим турдаги чекловларга риоя қилишлари керак бўлади.

 

Муҳаммад ВАЛИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+