ОАВ биз ҳақимизда: Сайловга оид қонун лойиҳаси ёшлар иштирокида муҳокама қилинди

20.10.2023 09:10:02

Шу кунларда кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича қизғин ишлар олиб борилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти томонидан ўтказилган давра суҳбати ҳам айни лойиҳа муҳокамасига бағишланди.

Тадбирда маърузачилар томонидан ушбу Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, унда назарда тутилаётган янгиликлар, парламент сайловларига оид ўзгартиришлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

— Сайлов кодекси ҳамда 7 та қонунга киритилаётган ўзгартиришларга кўра, қонунчилик палатасига депутатлик ўрнининг 50 фоизи мажоритар ва 50 фоизи пропорционал тарзда ўтказилиши белгиланмоқда, — деди Ёшлар комиссияси раиси М.Валиев. — Ягона сайлов округи бўйича овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг камида етти фоиз овозини олган партия белгиланган тартибда депутатлик ўринларига эга бўлиши ўрнатилмоқда. Агар ҳеч қайси партия камида етти фоиз овозни тўпламаган бўлса, сайлов ўтмаган, деб топилиши назарда тутиляпти. Шу билан бирга, хориждаги фуқароларимиз Қонунчилик палатаси сайловида пропорционал тизим бўйича овоз беришда иштирок этиши таклиф этилмоқда. Бу чет давлатларда бўлган фуқароларимизнинг сиёсий иродасини рўёбга чиқариш ҳамда уларнинг берган овозини ўзларига алоқаси бўлмаган бошқа сайлов округи ҳисобига ўтказиш каби нотўғри амалиётдан воз кечишни таъминлайди.

Шунингдек, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси Шаҳноза Жолдасова Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштиришда Ёшлар парламенти аъзолари ҳам фаол иштирок этиши лозимлиги, қонун лойиҳаси муҳокамасига мамлакатнинг эртанги кунига дахлдорлик ҳисси нуқтаи назаридан ёндашиб, таклифлар бериш зарурлигини таъкидлади.

Давра суҳбатида Ёшлар парламенти аъзолари аралаш сайлов тизимининг мазмун-моҳияти хусусида ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.

Манба: parliament.gov.uz

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+