Солиқ тўлаш бўйича қандай имкониятлар берияпти?

30.09.2021 10:09:06

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг яқинда бўлиб ўтган мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан атрофлича муҳокама қилиниб, биринчи ўқишда қабул қилинган эди.

Хўш, мазкур қонун лойиҳаси билан солиқ соҳасига қандай ўзгартишлар, янги тартиблар киритиляпти? Бу ҳақда қонун лойиҳасига масъул бўлган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Махфират Хушватованинг фикрлари билан қизиқдик.

— Ушбу қонун лойиҳаси билан Сурхондарё вилоятининг Бандихон, Қизириқ, Музработ ва Шеробод туманларида, шунингдек халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгаши томонидан белгилаб бериладиган тоғли ва ерлари шўрланган ҳудудларда янги ташкил этиладиган ва шу ҳудудларда рўйхатдан ўтган ҳолда фаолият кўрсатадиган тадбиркорлик субъектларини (кластерлар бундан мустасно) 2024 йил 1 январга қадар юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, айланмадан олинадиган солиқ ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган миқдорларини тўлашдан озод қилиниши белгиланяпти, – дейди депутат М. Хушвақтова.

Шунингдек, Сурхондарё вилоятнинг тоғли ва ерлари шўрланган ҳудудларида янгидан ташкил этиладиган ва шу ҳудудларда рўйхатдан ўтган ҳолда фаолият кўрсатадиган тадбиркорлик субъектлари (кластерлар бундан мустасно) 2021 йил 10 сентябрдан 2024 йил 1 январга қадар фойда солиғи ставкаларини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоизга камайтириб ҳисоблаган ҳолда тўлаши лойиҳада ўз аксини топмоқда. Бунда вилоятнинг тоғли ва ерлари шўрланган ҳудудлари рўйхати халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгаши томонидан тасдиқланади.

Яна бир муҳим масала. Қонун лойиҳаси билан Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида фавқулодда ҳодиса оқибатида зарар кўрган балиқчилик, чорвачилик ва паррандачилик хўжаликлари 2020 йилнинг 1 майидан 2022 йилнинг 1 ноябригача юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод этилиши белгиланмоқда. Бунда зарар кўрган балиқчилик, чорвачилик ва паррандачилик хўжаликлари рўйхати халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши томонидан тасдиқланади.

Бундан ташқари, лойиҳа билан юридик шахсга тегишли бўлган кўп қаватли ётоқхоналарда ҳам жисмоний шахслар яшашини инобатга олиб, қўп қаватли уйлар эгаллаган ерларнинг солиқ солиш объекти бирхиллаштирилмоқда.

Мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларининг янада кўпайишига, фавқулодда ҳодиса оқибатида зарар кўрган балиқчилик, чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларининг ривожланишига, хорижий инвесторларни жалб қилишга ҳамда тадбиркорлик муҳити жозибадорлигининг ошишига хизмат қилади.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+