Солиқ юкининг камайтирилиши тадбиркорлар учун кенг имкониятлар эшигини очади

23.08.2022 17:08:25

Мамлакат иқтисодиётини юксалтириш, янги иш ўринларини яратиш, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда тадбиркорларининг алоҳида ўрни бор. Шу боис, кейинги йилларда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида комплекс тарзда институционал ва таркибий ислоҳотларни амалга оширишда давлат идораларининг тадбиркорлар фаолиятига аралашувини чеклаш, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини қонун доирасида ҳимоя қилиш ҳамда хусусий мулкнинг устуворлигини янада кучайтириш ислоҳотларимизнинг бош мезонига айланди.

Буни биргина, икки йилдан буён мумтазамлик касб этиб келаётган давлатимиз раҳбарининг юртимизда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар билан ўтказаётган очиқ мулоқотлари ҳамда унда илгари сурилаётган ташаббуслар мисолида ҳам кўриш мумкин. Хусусан, куни кеча Президентимизнинг тадбиркорлар билан навбатдаги очиқ мулоқоти ўтказилди. Мулоқот аввалида, бир гуруҳ фаол тадбиркорлар мукофатланиб, бугун амалга оширилаётган ислоҳотларда тадбиркорларнинг ўрни юқори эканлиги таъкидланди.

Шуингдек, бу галги мулоқотда ҳам тадбиркорлар фаолиятини янада кенгайтириши, юқори даромад олиб, кам солиқ тўлашига оид бир қатор ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, учрашувда корхоналарни тоифаларга ажратиб, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида ёндашув белгиланиши маълум қилинди. Яъни, корхоналар йиллик айланмаси бўйича тоифаларга ажратилиб, 1 миллиард сўмгача бўлгани микро бизнес, 10 миллиард сўмгача бўлгани кичик бизнес, 100 миллиард сўмгача бўлгани ўрта бизнес тоифасига киритилиши ташаббус қилинди.

2023 йил 1 январдан бошлаб микро бизнес учун айланмадан олинадиган солиқнинг амалдаги 4 фоиздан 25 фоизгача бўлган ставкалари ўрнига ягона 4 фоизли солиқ ставкаси жорий этилади. Шунингдек, олис ҳудудлардаги ва алоҳида тоифадаги тадбиркорлар учун амалдаги 1 ва 2 фоизли ставкалар сақлаб қолинади ёки улар ихтиёрий равишда йилига 20-30 миллион сўм тўласа, бухгалтерия ҳисобини юритиш ва солиқ идораларига тақдим этиш мажбуриятидан озод этилади.

Айланмаси 1 миллиард сўмдан ошиб, умумий солиқ тўлаш тартибига ўтган корхоналар бир йил давомида фойда солиғини 2 баробар кам тўлайди. Бу эса, айни кунда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган 370 минг тадбиркорга енгилликлар яратади. Шу билан бирга, тез ўсиб бораётган юқори салоҳиятли ўрта корхоналар сонини ҳозирги 3,5 мингтадан 10 мингтага етказиш имкониятлари кенгаяди.

Бу борадаги яна бир қулайлик, 2023 йил 1 январдан кичикдан ўрта бизнесга ўтган корхоналар икки йил давомида фойда солиғининг фақат 50 фоизини тўлайди. Мулкни суғурта қилиш харажатларининг 50 фоизи давлат ҳисобидан қоплаб берилади. Соддалаштирилган солиқ, молиявий ва статистика ҳисоботлари жорий этилиб, давлат харидларида 20 фоиз квота ўрнатилиб, ушбу харидлар доирасида уларга олдиндан 50 фоиз маблағ тўлаб берилади. Амалда бу кўрсаткич 15 фоизни ташкил этиб келмоқда.

Маълумки, Ҳаракатлар стратегияси доирасида бизнес учун солиқ юкини тушириш сиёсатини амалга оширилиши натижасида қўшилган қиймат солиғи ставкаси амалдаги 20 фоиздан 15 фоизга туширилган эди. Учрашувда бу каби кўрилган чора-тадбирларга қарамасдан қўшилган қиймат солиғи ставкаси кичик ва ўрта бизнес учун энг муаммоли масалалардан яна бири бўлиб қолаётганлиги ҳисобга олиниб, 2023 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ставкасини 12 фоизга туширилиши маълум қилинди.

Шунингдек, жорий йил 1 июлдан бошлаб бўш бино, фойдаланилмаётган ер участкасига нисбатан мол-мулк ва ер солиқларининг оширилган ставкаларини қўллаш бекор қилинган эди. Шу билан бирга, аввал ошириб ҳисобланган 19 минг тадбиркорнинг солиқ ставкалари бўйича ҳисобланган 2 триллион сўмлик қарзларидан бутунлай воз кечиладиган бўлди.

Ушбу имкониятлар минглаб тадбиркорларимизга оширилиб ҳисобланиши мумкин бўлган солиқлардан қочган ҳолда ўз даромадлари ҳажмини камайтириб кўрсатиш учун бир қанча фирмалар очиш, турли хилдаги кўп даромад келтирувчи йўллардан фойдаланишига эҳтиёж қолдирмайди. Бу эса, барча тадбиркорларда қонун доирасида мамлактаимиз иқтисодиёти ва ривожи учун ҳисса қўшишдаги дахлдорлик ҳиссини оширади.

Соҳадаги ислоҳотлар ўз навбатида биз халқ вакиллари зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди. Сабаби, учрашувда билдирилган ҳар бир ташаббусни қонунларимизда акс эттириш, бунда қонунчиликка киритилаётган ҳар бир ўзгартиришларни тадбиркорлар ўз фаолиятида бюрократик тўсиқларсиз фойдаланадиган норма сифатида акс эттириш муҳим саналади.

 

Музаффара АБДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+